Линклар

logo-print

Покистон тарихида илк бор насроний аëл исломни таҳқирлаганликда айбланиб¸ ўлим жазосига ҳукм этилди. Президент томонидан авф этилган Осиë Биби тақдири исломий қонунларнинг ўзга дин вакилларига нисбатан қай усул қўлланилиши борасида чалкашлик туғдирмоқда.


Покистонда "шаккок", дея ўлимга ҳукм қилинган илк аёл

Покистоннинг Панжоб вилояти Нанкарна туманида истиқомат қилиб келган беш фарзанднинг онаси Осиë Биби ва унинг турмуш ўртоғи Ашик Масиҳ насронийлик динига эътиқод қилади.

2009 йилда Осиё билан унинг қишлоқдошлари ўртасида бир қумғон сув устида чиққан можаро унинг охир-оқибатда ўлим жазосига ҳукм қилинишига сабаб бўлади.

Иш берувчи Осиёдан сув келтиришни сўраган ва насроний бўлган Осиё келтирган сувни бошқа ишчи аёллар “ювуқсиз”, дея ичишдан бош тортган. Бундан аччиғланган Осиё ва мусулмон аёллари ўртасида низо чиқади.

Низони бостиришгач¸ ҳамма уй-уйига тарқайди, аммо аёллар ўртасидаги можарода айтилган гап-сўзлар қишлоқ аҳли орасида тарқала бошлаганидан сўнг маҳалла оқсоқоллари Осиёни баъзи ўринларда Ислом дини ва Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилган, деб топишади.

Бироз ўтиб ғазабланган маҳалла имомлари етакчилигидаги қавм Осиёнинг уйига келиб, уни Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилганликда айблайди. Осиё эса бунга эътироз билдириб, низога киришганидан сўнг оломон уни ва оиласини калтаклашга тушади.

Баъзи ахборот воситалари¸ агар бу можарога полиция аралашмаганда, Осиёнинг уйдаги болалари ҳам калтак тагида қолиб жабрланган бўлар эди, деб хабар қилмоқда.

Оломонни тинчитиш учун Осиёни полиция олиб кетади ва суриштирув натижасида Осиё, ҳақиқатда ҳам Исломни ҳақорат қилган, деб топилади.

Шу тариқа, 2009 йил июн ойида ҳибсга олинган Осиё Биби бир йилдан ортиқ ҳибсда сақланади.


Осиё биби ростдан ҳам "шаккок"ми?

Осиё Бибининг турмуш ўртоғи Ашик Масиҳ қишлоқдошлари билан бўлган можарони ваҳима билан хотирлар экан, рафиқасининг Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилгани ҳақидаги айбловларни туҳмат, деб баҳолайди.

- Осиё ҳеч қачон Ислом ёхуд Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилмаган, деб ўйлайман. Бу туҳмат. Таврот ҳам, Инжил ҳам, Қуръон ҳам Оллоҳнинг китоби. Биз бу китобларга ва Муҳаммад ҳам Оллоҳнинг пайғамбари эканига иймон келтирганмиз. Фақатгина биз камбағал ва ҳимоясиз одаммиз. Шу боис, ноҳақликнинг қурбони бўлаяпмиз, дейди Ашик Масиҳ.

Покистондаги Миллий озчиликлар ишлари бўйича вазирлик расмийси Шахзод Камрон эса Ғарб ахборот воситасига берган интервюсида: “Осиё Бибининг ҳибсга олиниши унинг жонини омон сақлаб қолди”, деди.

Зотан¸ Осиё истиқомат қиладиган қишлоқ аҳли бир неча бор полиция участкасига келган ва Осиёни уларга топширишини талаб қилган.

Қишлоқ имомлари эса¸ Осиёни ўлимга ҳукм қилган.

Орадан бир йил ўтиб — 2010 йилнинг 13 ноябрида Панжоб вилоят суди ҳам уни Ислом динини таҳқир қилган, деб топди ва ўлим жазосига ҳукм қилди.

Аммо Покистон Жиноят кодексининг шаккоклик билан боғлиқ қисми мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан жуда ноаниқ, деб танқид қилинади. Осиё Бибининг ўлимга ҳукм қилиниши номукаммал қонуннинг чаласаводлик билан қўлланиши оқибатидир, дейди жумладан Покистонда истиқомат қиладиган 4 миллионлик насроний жамоаси етакчиси Жей Солиҳ Озодлик билан суҳбатда:

- Шаккокликка оид қонунчилик баъзи одамлар томонидан нотўғри қўлланади. Бу масаладаги ҳукм саводсиз дин раҳнамолари эмас, саводли ва дунёқараши кенг бўлган ислом уламолари зиммасида бўлганда эди, бу каби муаммолар бўлмас эди, дейди Покистондаги насроний жамоаси етакчиси Жей Солиҳ.

Қизиғи шундаки, насроний ва мусулмон аёллари ўртасидаги тортишувда конкрет нима гаплар айтилгани ва бунга холис гувоҳлар бўлган-бўлмагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Баъзи интернет нашрларининг норасмий манбаларга таяниб берган хабарларига кўра, Осиё Биби ўз қишлоқдошларига қарата: “Исо Масиҳ ўз уммати гуноҳларидан кечишини сўрагани учун чормиҳ қилинди. Муҳаммад пайғамбар сизлар учун нима қилган?” деб юзланган.

Аммо аслида ҳам шундай гап айтилганми ёки бу бундан кўра бошқачароқ шаклда айтилганми ва умуман, айтилганми — бундан бехабарлигини айтган Жей Солиҳ жаноблари бунга аниқлик киритишини сўраб, Осиёни ўлимга ҳукм қилган ислом уламолари кенгашига мурожаат қилганини айтади.

- Бу масалада мен Исломий уламолар кенгашига мурожаат қилдим ва бу воқеага оид тафсилотларни очиқлашини сўрадим. Мен бу ишнинг қонун доирасида ҳал бўлишини истайман. Чунки, Покистондаги вазият бироз нозик. Бундай масалаларни фақат қонун ва тинч мулоқотлар йўли билангина ҳал қилиши мумкин. Акс ҳолда¸ экстремист оқимлар буни низога айлантириб юбориши мумкин, дейди Жей Солиҳ.


"Шаккок" аёлни президент авф қилди, мусулмонларчи?!

Осиё Биби президент томонидан авф этилди, аммо Покистондаги насронийлар жамоаси берган маълумотга кўра, у ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Бу ҳақда Жей Солиҳ жанобларининг сўзларига кўра, асл вазият баъзан баёнотларга зид келади.

- Биздаги маълумотларга кўра, Осиё Биби ҳануз ҳибсда. Аммо унинг оиласи ҳукумат ҳимоясига олинган. Покистонда ҳибсга олинган одам билан ҳеч ким учраша олмайди. Шу боис, Осиёнинг ҳозирги аҳволидан биз бехабармиз ва унинг озод этилгани ҳақида ҳам бизда аниқ маълумот йўқ, дейди Жей Солиҳ.

Аммо бу аёл озод этилган тақдирда ҳам Нанкарна¸ умуман Покистон унинг учун хавфсиз маскан эмас - зотан ташқарида бу аёлни ўлим кутмоқда.

Шу вақтга қадар Покистонда исломни таҳқир қилганлик айби билан ўлимга ҳукм қилинган ўн кишига нисбатан президент авфи чиққан ва улар озод этилган. Аммо кўп ўтмай улар номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган.

45 ёшли Осиё Биби эса шаккоклик учун ўлимга ҳукм қилинган илк аёлдир. У ўлимга ҳукм қилинганидан буён қатор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва бир неча Ғарб давлатлари ҳукуматлари ҳукмнинг бекор қилинишини сўраб, мамлакат раҳбариятига юзланди.

Рип Папаси Бенедикт 16 ва Amnesty International ташкилоти Покистон раҳбариятини қонунчиликнинг ислом динини таҳқирлаш билан боғлиқ бандини қайта кўриб чиқишга чақирган.

Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти вакили Али Ҳассан Даён шаккоклик бобидаги қонунчилик мамлакат конституциясига зидлигини айтар экан: “Бу қонун бекор қилиниши керак”, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда.



"Шаккок"лик ҳақида Покистон қоунчилиги нима дейди?!



Шу ўринда Покистон Жиноят кодексининг шаккоклик айби битилган 295-моддаси, “с” банди хусусида.

Бу моддада Муҳаммад алайҳиссаломга ҳақорат айби шундай таърифланади: “Кимки сўзлари билан, оғзаки ёки ёзма кўринишда ёхуд ошкора тарздаги ишорат ва ахлоқсиз сўзлар билан бевосита ёки билвосита шаклда Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак ёки умрбод қамоқ жазоси ва жаримага ҳукм қилиниши керак”.

1991 йилда эса Покистон Федерал шариат суди бу қонунни қайта кўриб чиқиб, исломни таҳқир қилганларнинг ҳаммаси ўлим жазосига ҳукм қилиниши лозим, деган ўзгартириш киритган.Бундай ўзгартиш ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига зид дея топилди.

Ҳозир Покистонда ўлим жазосига вақтинчалик мораторий жорий этилган. Президент авф қилмаган тақдирда ҳам¸ Осиё Бибига нисбатан осиш орқали ўлим жазоси ижро этилмаган бўлар эди.

Аммо бу мораторий давлат идоралари учун, холос. Покистонда ислом қонунлари устиворлигини таъминлайман, деган эстремист гуруҳлар учун эмас.

Ўлим жазосига ҳукм қилинган ва кейин авф этилган аввалги ўн кишининг тақдири Осиё Бибида такрорланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.


... Ислом қонунчилигичи?!


Биз Ислом динига таҳқир қилишда айбланган ва сўнгги ҳафталар ичида халқаро ахборот воситалари диққат марказида турган ҳамда шунинг билан Ислом ва бошқа динлар ўртасидаги бугунги муносабатларга бир қадар соя солган 45 ёшли Осиё Бибининг тақдири хусусида гап очар эканмиз, бу каби ҳолатга Исломнинг ҳукми қандаю, мусулмонларнинг муносабати қандай бўлиши керак, деган савол билан муҳожиратдаги имом Муҳаммадсолиҳ Обутовга юзландик.

Имом билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG