Линклар

Путин муҳожирларни маданийлаштирмоқчи


Муҳожирлар Россия маданияти ва қонунчилигини ҳурмат қилмаса¸ Бош вазир уларга нисбатан сиëсат кескинлашишидан огоҳлантирди.

Муҳожирлар Россия маданияти ва қонунчилигини ҳурмат қилмаса¸ Бош вазир уларга нисбатан сиëсат кескинлашишидан огоҳлантирди.

Россия Федерал миграция хизмати таркибида муҳожирларнинг Россия жамиятига интеграцияси ва мувофиқлашиши билан шуғулланувчи махсус бўлинма ташкил этилади. Россия йирик шаҳарларида миллий адоват асосида бошланган қатор тўқнашувлардан сўнг¸ ҳукумат шундай қарорга келди.

Россия Миграция хизмати (ФМХ) қошида муҳожирлар масаласи билан шуғулланувчи янги бўлинма ташкил қилмоқда. Бу тузилмага муҳожирларнинг Россия жамиятига мослашиши ва интеграциясини таъминлаш вазифаси юкланади.

Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига хабар қилган ФМХ Жамоатчилик билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Юлия Слуцкая мослашиш ёки адаптация заруратининг¸ биринчи навбатда¸ меҳнат муҳожирларига тегишли эканини, интеграция жараёни эса¸ энг аввало Россия фуқаролигини қабул қилувчиларга тааллуқли эканини таъкидлади.

Хизмат расмийсига кўра¸ яқин орада Россиянинг турли минтақаларида муҳожирларга рус тили ва маданияти асослари¸ ҳамда Россия қонунчилигидан сабоқ берувчи маданий марказлар ишга туширилади.

Айни пайтда, Россия расмийлари мамлакатда сўнгги вақтда содир этилган миллатлараро низолар ва миллатчиларнинг чиқишлари мамлакат миграция қонунчилигига қатор ўзгартишлар киритишни тақозо қилганини таъкидламоқда.

Хусусан, Бош вазир Владимир Путин Россиядаги йирик футбол клублари ишқибозлари билан учрашув ўтказиб, барча миллат вакилларини ўзлари яшаëтган минтақалардаги маҳаллий урф-одатларга риоя қилишга чақирди. Акс ҳолда...

- Юмшоқ қилиб айтганда, биз мамлакатда, айниқса йирик марказларда – Москва, Петербург ва бошқа йирик шаҳарларда, қайдга олиш қоидаларини кескинлаштиришга мажбур бўламиз. Ваҳоланки¸ биз бу қоидаларни Конституцияга мувофиқ юмшатган эдик, дея эслатиб қўйди Бош вазир Владимир Путин.

Бу учрашувдан кейин Путин миллатчиларнинг тўс-тўполон бошлашига баҳона бўлган футбол фанати Егор Свиридов қабрини зиёрат қилди. Путин¸ пойтахт Москвада миллий асосда содир бўлган зўравонликлар ҳукуматни хавотирга солиб қўйганини эътироф эта туриб¸ Россиянинг куч-қудрати унинг кўп миллатлилигида эканини таъкидлаб ўтди.

Аммо шунчаки дипломатик мулозамат шаклида қилинган бу баëнот¸ Россиядаги муҳожирлар ва улар етакчилари хавотирини тарқата олганича йўқ. Россия Миллий бирлашмалари конгресси президенти Владимир Хомерики¸ МДҲ ҳудудларидан келиб¸ Россия меҳнат бозоридаги талабни қондираëтган муҳожирларни бурчакка қадаш¸ уларни мунтазам қўрқувда ушлаш оқибати яхшиликка олиб келмаслигидан огоҳлантиради.

- Бугунги кунда мигрантлар қўрқитилган, улар ўз ертўлаларида қўрқиб ўтирибди. Лекин ҳозирча... Агарда улар кўчага чиқса, нима бўлишини тасаввур ҳам қилманг. Аҳолиси камайиб бораётган Россияда меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёж ошиб боради. Биз буни тушунишимиз керак ва Россия фуқароларига тушунтириб боришимиз керак. Ахир ҳеч ким учун сир эмас: мигрантлар деярли ҳар куни ўлдирилмоқда, деди Россия Миллий бирлашмалари конгресси президенти Владимир Хомерики.

Хомерики сўзларини тасдиғи сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод келтирган рақамларга кўра, жорий йил бошидан буён миллий нафрат асосида 41 киши ўлдирилган, 293 киши тан жароҳати олган.

Россия миграция сиëсатидаги муаммолар Манежная майдонидаги чиқишларидан олдинроқ ҳал этилиши зарур эди, дейди Озодлик билан суҳбатда Муҳожирлик ташкилотлари ижроия қўмитаси раиси Лидия Графова. У муҳожирлик билан боғлиқ вужудга келган вазият комплекс тарзда, сиёсий босимларсиз ҳал этилмоғи лозим, деган фикрда.

- Биз¸ сўзсиз¸ бундай тузилмаларни ташкил этиш билан анча кечикдик. Интеграция масаласида йўл қўйилган жиддий хатолар Россияни ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди. Муҳожирлар масаласи вазирликлар, махсус муассасалар ва албатта¸ фуқаролик жамияти ташкилотлари ёрдамида ҳал этилмоғи керак. Ҳа, кечикдик, лекин бу “муҳожирлик ва интеграция масаласи билан шуғулланмаслик керак”, дегани эмас. Россияда аллақачон Миллий ва миграция масалалари бўйича вазирлик тузиш вақти етиб келди, дейди Лидия Графова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG