Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:25

Айб унда эмас¸ буғдойда...


Ўзбекистондаги вазиятнинг абгорлиги учун асосий жавобгарлик, вилоят ва район ҳокимлари эмас¸ балки уларни шу ишга тайинлаб¸ уларни бошқараëтганлар¸ хусусан Бош вазирдадир¸ дейди сурхонлик Ўрол ака.

Президент сиëсати амалга ошмаяпти...

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан қўнғироқ қилган Дўстмурод Тоғаев Самарқандда ҳоким алмашгани билан кичикроқ лавозимдаги маҳаллий раҳбарлар орасида порахўрлик камаймас экан¸ вазият ижобий томонга ўзгариши амри маҳол¸ деган фикр билдирди.

- Самарқанд вилояти, Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида касбий таълим бўйича ўринбосар бўлиб 10 йилдан бери ишлаб келаëтган эдим. Мени ноқонуний бўшатган. Кўп шикоят қилиб ариза ëздим, натижа бўлмаяпти. Шунга гапирмоқчиман.

Бу ерда вилоят ҳокимини олишди яқинда. Ички ишлар ходимларидан 21 киши порахўрлик билан жазо олган, туман ҳокимлари ҳам деган гапни эшитдим мен Озодликдан. Қисқа қилиб айтганда, сиëсатимиз яхши. Мана муҳтарам президентимиз ҳамма шароит қилаяпти. Болалар таълим олсин¸ деб коллежларни очиб қўйибди. Лекин раҳбарлар порахўрлик, таъмагирлик қилиб, тўғри ҳалол ишлайдиган раҳбарлар қўйилмаяптида, пора билан бўлмағур одамлар қўйилаяптида, президент сиëсати амалга ошмаяпти. Буни президентнинг олдига бориб айта олмайманку. Кирамиз десак ҳам¸ киритмайди. Шунинг учун эркин фикримизни айтаяпмизда. Балки матбуотдан эшитса, нима қилса, ишлар яхши бўлсин деяпмизда. Иқтидорли болалар бор, мана фарзандларимиз бор, оғайниларнинг болалари ўқийди. Ишлар яхши бўлиб коллежларда яхши таълим олсин, яхши раҳбарлар ишласин деган гапни нима қилаяпмиз, дейди самарқандлик Дўстмурод Тоғаев.


Айб ҳокимда эмас¸ Бош вазирда....


Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Ўрол ака ҳам 17 декабр куни Самарқанд вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари 7-сессиясига бағишланган "Қурултой" эшиттиришига муносабат билдирди. Бу сессияда вилоят раҳбари Ўктам Барноев лавозимидан бўшатилиб¸ ўрнига президент Каримов таклиф қилган янги ҳоким "сайланган" эди.

- Бугун Озодликнинг эрталабки сонида яқинда Самарқандда бўлиб ўтган сессия ҳақида "Қурултой" эшиттириши бўлди. Шунга фикрларим бор.

Ҳурматли президентимизнинг нутқи ҳақида, Ўктам Барноев ҳақида фикрлар билдирилди. Шунга менинг фикрим қуйидагича. Ўктам Барноев ва унга ўхшаган вилоят ва тумандаги амалдорлар Бош вазир Шавкар Мирзиëев ва у кишининг ўринбосарлари раҳнамолигида мана шундай жиноятларга қўл урмоқда¸ десам ҳеч қандай хато бўлмайди. Менинг фикрим шундай.

Озодлик: Нимага асосланиб бундай деяпсиз?

- Чунки ҳамма буйруқни Бош вазир буюрадида буларга. Масалан¸ президент унга буйруқ бермайди. Президент фақат қарор чиқаради. Буйруқни Бош вазир беради¸ тўғрими? Нима учун айбни фақат вилоятда ўтирганларга қўяяпти демоқчиманда, дейди сурхондарëлик Ўрол ака.


Ëмғир сувидан яхшиси йўқ...

Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 90 яшар Раҳмонқул бобо айрим вилоятлар аҳолиси дуч келаётган ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш учун ёмғир сувидан самарали фойдаланиш керак¸ деган фикр билдирди.

- Мен Озодлик радиосининг эшиттиришларини ҳамма мухлислардан кўпроқ муддатдан бери эшитаман. Мен бир мухбир йигитнинг сўзини эшитдимки, сув ичиб одамлар касал бўлаяпти экан. “Одамларимиз кўп касалланиб кетаяпти. Ҳеч ким эътибор бермайди” деган гапларини эшитдим. Шу кишига муносабат билдирмоқчиман.

Мен кўп йиллардан бери Ўзбекистонда яшайман. Шу ердан сув ичаман. Сувдан ҳеч қандай шикоятим йўқ. Ўша йигитга маслаҳат тариқасида бир мулоҳазам бор эди. Сирдарëнинг сувидан ичиб одамларимиз касал бўлиб кетаяпти¸ деб шикоят қилди. Мен осмоннинг сувини ичаман. Ҳар қишда 1-2 тонна сув оламан. Ëзи билан олти ойга менга етиб ортади. Бошқаларга ҳам шу маслаҳатни бермоқчи эдим. Шуни яхши уқиб олсин. Айтиб қўйишни ўзимга лозим топдим.

Инсонлар ақл-идрокларини яхши ишлатса, идроклари яхши бўлса, қалб кўзлари кўр бўлмаса, дунëнинг неъматларидан маҳрум бўлиб қолмайди. Ўша одамларга яхши маслаҳатим шу. Осмондан беминнат тушаëтган сувни уйига йиғиб қўйиб, яхши фойдаланса, ҳеч қандай касалликлар яқинлашмайди. Идиш ишлаб чиқарадиган корхонага ҳам фойда келади. Ҳаммаларига Оллоҳдан яхшилик тилайман. Менга микрофон тутиб мени эшитаëтган ҳар бир журналистга Оллоҳдан яхшилик тилайман. Дунëдаги ҳамма инсонларга яхшилик бўлишини тилайман. Озодлик студиясида ишлаëтганларнинг ҳаммасига Оллоҳдан яхшилик тилайман. Омон бўлинг, дейди қашқадарëлик 90 яшар Раҳмонқул бобо.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG