Линклар

logo-print

22 декабр куни АҚШ Сенати аъзолари Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича Россия билан имзоланган янги СТАРТ шартномасини 71га 26та қарши овоз билан маъқуллади.

Мазкур шартномада Россия ва АҚШнинг ўз ядровий каллаклари сонини етти йил давомида 30 фоизга камайтириши ва 1550 тадан оширмаслиги назарда тутилган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун АҚШ Сенати қарорини ядровий қуролсизланиш ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш йўлида олдинга ташланган муҳим қадам дея баҳолади.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен СТАРТ шартномасининг АҚШ Сенатида тасдиқланганини “Евро-Атлантика хавфсизлиги учун муҳим ижобий аҳамиятга эга эканини” таъкидлади.

Япония ҳукумати ҳам Қўшма Штатлар Сенати аъзолари қабул қилган қарорни олқишлади.

Россия Президенти Дмитрий Медведев СТАРТ шартномасининг АҚШ Сенати томонидан ратификация қилингани Москва ва Вашингтон муносабатлари яхшиланаётганидан далолат эканини урғулади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Сенати маъқуллаган шартнома нафақат Россия ва АҚШ хавфсизлигининг мустаҳкамланиши¸ балки дунё хавфсизлиги ва барқарорлигига ижобий таъсир этишини айтди.

СТАРТ шартномаси Сенат томонидан ратификация қилинганидан сўнг чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама битим дунёга “кучли ишора” йўллашини айтди.

- Бу қуролларни назорат қилиш бўйича қарийиб 20 йил ичида эришилган энг аҳамиятли келишув. Бу бизни янада ҳимояланган қилади ҳамда биз ва Россиянинг ядровий қуроллари сонини камайтиради. Мазкур келишувга мувофиқ инспекторларимиз яна Россиянинг ядровий базаларига бора оладилар. Бу билан биз “ишониш ва текшириш” имкониятига эга бўламиз, дея баёнот берди Обама.

Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича Россия билан имзоланган шартнома овозга қўйилишидан олдин чиқиш қилган АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси демократ Жон Керри мазкур шартнома дунё миқёсида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича янги битим 2010 йил апрелида АҚШ ва Россия президентлари Барак Обама ва Дмитрий Медведев томонидан Прага шаҳрида имзоланган. Мазкур битим 1991 йилда имзоланган ва 2009 йил декабрида муддати тугаган шартноманинг ўрнини эгаллай.

Сўнгги хабарларга кўра¸ Россия Давлат думаси ҳам мазкур шартномани ратификация қилишга чоғланмоқда.

Россия Давлат думаси раиси Борис Грызлов Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича АҚШ билан имзоланган шартноманинг 24 декабргача ратификация қилиниши мумкинлигини билдирди.

- Агар ратификация резолюцияси шартлари келишув матнига таъсир этмаса, биз ҳатто эртага бу келишувни қабул қилишимиз мумкин, деди Давлат думаси раиси.

Агар бу амалга ошса, ҳужжатни Россия парламентининг юқори палатаси ва Федерал кенгаш маъқуллаши керак бўлади.
XS
SM
MD
LG