Линклар

logo-print

“Қора қозонимни кўрпа қавиш билан қайнатаяпман”

  • Гулнора Равшан

Турмуш ўртоғи Россияда ҳалок бўлган Санам Холиқова фарзандлари муолажаси учун 100 доллар оширолмаётганини айтади.

Турмуш ўртоғи Россияда ҳалок бўлган Санам Холиқова фарзандлари муолажаси учун 100 доллар оширолмаётганини айтади.

Тожикистонда боқувчиси муҳожирликда ҳалок бўлган оилалар йилдан-йилга кўпаймоқда. Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Тожикистонга 600 дан зиёд муҳожирнинг тобути келган. Озодлик мухбири боқувчисиз қолган ана шундай оилалардан бирида бўлди.

Рудакий туманининг Ўртакенгаш қишлоғига кириб борар эканмиз, кўчалар бўм-бўш эканига гувоҳ бўлдик. Шумтака болалар ҳам, кўчада гап сотишни ёқтирадиган гурунгчи кампирлар ҳам совуқдан уйга беркинган.

Пахса деворли пастқам уйлар мўрисидан чиқаётган қуюқ тутун осмонга ўрлайди.

Катта кўчадан ўнгга бурилиб, маҳалла оралаймиз. Уйлар орасидан Санамнинг дарвозасини топиб, тақиллатамиз.

Дарвозани 34 ёшлардаги ўрта бўйли, юзлари сўлғин аёл очади. Салом-аликдан сўнг мақсадга кўчдик ва аёл бизни ичкарига бошлади.

Уч хона, бир даҳлиздан иборат иморатни Санамнинг турмуш ўртоғи Насимжон Холиқов бундан олти йил аввал Россияда топган пулига қурдирган экан.

2006 йил эса Насимжон Россиядаги қурилиш кетаётган биноларнинг биридан тушиб кетиб вафот этибди.

- Қандай қилай, бу хабарни эшитиб жинни бўлаёздим. Оқшом эрим билан телефонда гаплашган эдик. Эртасига эрталаб қайноғаларим акаси баландликдан йиқилиб ўлганини ва жасади олиб келинаётгани ҳақида хабар қилишди. Уйимни ташлаб, қайнотамнинг уйига югурдим. Борсам, рост экан, ҳушимдан кетдим, - дея эслайди ўша мудҳиш кунларини Санам.

Беш нафар балоғатга етмаган боланинг тарбияси, уларни еб-ичириш ўша кунлардан бошлаб бу ёш бева аёлнинг зиммасига тушди.

Саккиз йиллик маълумотга эга бўлган Санам фақат эрининг топганига яшаб келганини ва унинг вафотидан сўнг анча қийналиб қолганини айтади.

Аёл отасиз қолган фарзандларини шу кунда онасидан ўрганган чеварчилик касби билан боқаётган экан. У кам-кўстини ҳам ўзига тўқ оилаларнинг уй юмушини бажариб, келинчак бўлаётган қизларнинг кўрпа-тўшакларини тикиб, қавиб бериш эвазига топган даромадидан битказишини айтди.

- Мана бугун шу кўрпаларни тикаяпман. Бир сўм пулини берса, кўмир олай, деяпман. Кўмирим йўқ. Таппи ёқиб, уй иситаяпмиз. Кийим-кечак ололмайман. Даволанишимизга ҳам пул етмайди. Қозоним ҳам бир маҳал қайнайди. Ҳозир болалар кичик, қоринлари ҳам шунга яраша. Эртага каттайса, талаб ҳам каттаяди. Шуларни ўйлаб қайғураман, - дейди Санам Холиқова.

Суҳбатдошимиз адоқсиз ўйлардан уйқусизлик дардига дучор бўлганидан шикоят қилади.

“Сизга биров ёрдам қилаяптими, қариндош-уруғ, ҳукумат масъуллари ҳолингиздан хабар олишиб турибдими?” дея сўраймиз аёлдан.

- Қариндош-уруғларим аҳволимни сўраб, эшигимдан кирмайди. Ҳукумат томонидан шу болаларнинг нафақаси тўғирлаб берилган, ойма-ой оламиз. Яна свет масаласида ёрдам беришган. Масалан, свет 400 киловаттгача бизга текин. Ундан ортиғига пул тўлаймиз, - дейди Санам.

Эри вафотидан сўнг турмуш қийинчиликлари билан яккама-якка қолган Санам Холиқованинг энг дардли муаммоси бу икки фарзандининг бўйи ўсмай қолаётгани экан. Етти ёшга тўлган Меҳринисо қизига ишора қилар экан:

- Бу йил мактабга бориши керак эди, бўйи пастлиги учун ўқишдан қолди. Шароитимиз йўқ, хўжайин Москвага бориб ишлаб, шуларни даволатмоқчи эди, шундай бўлиб қолди. Бундан буёғи қўлимда бир тийин пулим йўқки, буларни даволатсам. Бир врачга кўрсатгандим: “даволашнинг иложи бор, ҳар бир болага 100 доллардан сарфланади”, деб айтганди, лекин қани ундай шароит? - дейди Санам хўрсиниқ билан.

Муштипар она тунларда туриб, Оллоҳдан болаларига сиҳат ва келишган қад-қомат сўраб дуо қилишини қистириб ўтди.

Санам уйида тўшанчи гилами, болаларини чўмилтириш учун ҳаммоми йўқлигини қўшимча қилади.

Аммо аёл ҳар қандай қийинчиликлардан қатъий назар, ўтаётган ҳар бир куни учун Оллоҳга шукур қилишини айтади.

У ҳар битта келинчакнинг кўрпасини тикар экан, ота меҳридан бенасиб ўсаётган фарзандларига ҳам мудом шу ёшлардек келинлик, куёвлик бахти насиб этишини Яратгандан тилаб ўтиради.

Тожикистонда Санамга ўхшаб қўли осмондан, оёғи ердан узилиб қолган ёш бева аёлларнинг сони жорий йилда 600 га етгани, етим болалар сони эса уч тўрт бараварга ошгани айтилади.

Иқтидордаги ҳукумат бир қатор халқаро ташкилотларига мурожаат қилиб, бундай оилаларга моддий ва молиявий ёрдамлар олаётган эса-да, ана шундай оилалар билан интервьюларда бу ёрдамларнинг ўз эгасига етиб бормаётгани маълум бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG