Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

Москва муҳожирларга ишонмаëтир


"Москвада содир этилаётган жиноятларнинг 49 фоизи москвалик бўлмаганлар томонидан содир этилмоқда". 22 декабр кунги матбуот анжуманида шундай баëнот берган Москва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи¸ муаммо ечими сифатида пойтахтда муҳожирларни қайдга олиш қоидаларини кескинлаштиришни тавсия қилди.


Чоршанба куни Москва милицияси бошлиғи Владимир Колокольцев шаҳарликлар билан жонли матбуот анжуманини ўтказди. Унда милиция раҳбари 2010 йил давомида Москвада фош этилган жиноятлар 49 фоизининг москвалик бўлмаганлар томонидан содир этилганлигини маълум қилди.

- Шаҳар меҳмонлари айрим ҳолларда ҳақиқатан ўзларини маҳаллий аҳоли хоҳишига зид равишда тутишлари ҳақида гапирмоқчиман. Расмий маълумотларга кўра, фақат фош этилган жиноятларнинг 49 фоизи четдан келганлар томонидан содир этилмоқда, бу каби жиноятларни эса фош этиш жуда қийин. Жиноятларнинг умумий статистикасини ҳисобга оладиган бўлсак, Москвада содир этилган жиноятларнинг 70 фоизи пойтахтга четдан келганлар томонидан содир этилаётганига гувоҳ бўламиз, деди Владимир Колокольцев.

Москва милицияси раҳбари пойтахтда жинсий зўрлаш ҳолатларининг кескин ошиб кетгани ва бу турдаги жиноятларни асосан МДҲ республикаларидан келган меҳнат муҳожирлари содир этаётганини таъкидлади.

- Шаҳарда содир этилаётган зўрлаш ҳолатлари катта қисмининг собиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, хусусан осиёлик ва мусулмон давлатларидан келганлар томонидан содир этилаётгани аниқланди, дер экан Владимир Колокольцев¸ журналистларга келтирилган бу“рақамлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишни” тавсия қилди.

Шунингдек у Москва милицияси қошидаги жиноий қидирув бўлими таркибида “этник жиноят”ларга қарши махсус бўлинма тузилишини эълон қилди. Пойтахт милицияси раҳбарининг “ноқонуний таксичилардан” машиналарни тортиб олишни жорий қилиш ҳақидаги тавсиялари эса кўпчиликни ҳайратга солди.

Москва милицияси 2009 йил учун келтирган маълумотларга кўра, ўтган йили пойтахтдаги “жиноятларнинг 20 фоизи москвалик бўлмаганлар томонидан содир этилган” эди.

Ўз ўрнида Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский чет элликлар томонидан бор-йўғи 3,5 фоиз жиноятлар содир этилаётгани ва милиция раҳбариятининг бу каби баёнотларини “популизм”, дея атаган эди.

Ўзи келтирган рақамлар ва Путиннинг футбол фанатлари олдида қилган чиқишларига ишора қилган Владимир Колокольцев Москвада регистрацияни кескинлаштириш зарурлигига алоҳида тўхталди.

- Пойтахтга келаётган ва бу ерда 90 кун яшаётган фуқароларнинг аксарияти ҳуқуқ-тартибот органларининг назорат доирасидан четда қолмоқда. Ахир биз уларнинг нима мақсадда Москвага келаётганини билмаймизку...Шу сабабли бу каби муаммоларни муҳожирларни қайдга олиш – регистрация тизимини кескинлаштиргандагина осон ҳал этиш мумкин, деди Владимир Колокольцев.

Москва бош милициячисининг бу баëнотлари¸ Россия оммавий ахборот воситаларида кескин мунозаралар бошланишига сабаб бўлмоқда.

Бу баҳсга қўшилган таниқли рус иқтисодчиси Михаил Хазин расмийларнинг регистрацияни кескинлаштириш ҳақидаги баёнотларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтади.

- Бу каби ажойиб ташаббусни қўллаб-қувватламасликнинг иложи йўқ. Сўзсиз, бирваракайига прописка ва вақтинчалик прописка амалиётларини жорий қилиш керак. Биз илғор энергетика давлати бўлганлигимиз учун махсус чиплар орқали ҳар бир киши назорат остига олиниши керак. Чунки тартиб фақат назорат орқали амалга оширилади, деб ҳисоблайман, деди мустақил кузатувчи Михаил Хазин.

Лекин Россия мулозимларининг бу ташаббуслари бирор натижа беришига шубҳа билдираётганлар ҳам оз эмас.

“Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Юлдуз Отаниëзовага кўра, Москва ИИБси бошлиғи Владимир Колокольцев таклифи билан қайдга олиш қоидалари кескинлаштирилса¸ бу ҳолат меҳнат муҳожирлари ҳаётига фақат салбий томондан таъсир қилади ва шаҳарда коррупция янада авж олишига олиб келади¸холос.

- Ноқонуний мигрантлар регистрациядан барибир ўтмайдику... Улар махсус милиция, паспорт столига бориб қайддан ўтмайди. Регистрациянинг Низоми қаттиқ бўлдими ёки юмшоқ – уларга барибир. Юмшаса, бепул бўлса бориши мумкин. Кескинлаштирилса¸ “регистрациядан ўтмаймиз”, дейдиганлар сони кўпаяди, криминаллашув авж олади. Нарх кўтарилса ким боради?! 3000 рубл бўлса ким боради? Яхшиси ўша 3000 ни штраф қилиб тўлайман, деб яшайверади. Уч марта 500 рублдан тўлаганда ҳам бир регистрациянинг пули бўлади. Ҳа уч ойда уч марта ушланадими-ушланмайдими, Худонинг ўзи билади.

Юлдуз Отаниëзова Россия расмийлари томонидан сўнгги пайтларда қилинаётган бу каби баёнотлар турли миллатчи гуруҳлар тегирмонига сув қўяëтганини айтади.

- Россияни ўзбеклардан ёки бошқа мигрантлардан бўшатмоқчи экан, нимага уларни чегарадан қўяди бу ёққа? Виза режимини жорий қилиш керак, чегараларни беркитиш керак унда. Кеча Владимир Путин Манежная майдонидаги намойишчиларга “Сизлар яхши иш қилдиларинг”, деди, Колокольцев Москвани беркитамиз, дейди... Демак эртага миллатчилар кўчага “Ҳаммаси бизлар томонда!”, деб чиқади. Ва тамом! дейди “Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Юлдуз Отаниëзова.
XS
SM
MD
LG