Линклар

Ўзбекистонда ҳам насронийлар Мавлудни байрам қилмоқда

  • Абдулла Искандар

Мавлуд кунлари насроний шаҳар ва қишлоқлари байрам либосига бурканади.

Мавлуд кунлари насроний шаҳар ва қишлоқлари байрам либосига бурканади.

Шу кунларда бутун дунëдаги католик ва протестант насронийлар Исо Масиҳнинг туғилган кунини байрам қилмоқда.Григорий тақвими бўйича¸ 25 декабр куни Исо Масиҳ таваллуд куни дея ишонилади ва насроний маданиятига асосланган юртларда уч кун қаторасига байрам қилинади.


Айнан шу кунлари насронийлар безатилган арча атрофида айланиб диний қўшиқлар куйлашади¸ Қорбобо ва қорқиз уларга Исои Масиҳ номидан совғалар беради.

Ўзбекистондаги католик ва протестантлар ҳам бу байрамни нишонлашмоқда.

48 ëшни қоралаган тошкентлик Кристина ҳар йили 24 декабр кечқурун уйида катта дастурхон ҳозирлайди. Асли Волга немисларидан бўлган Кристина протестант насронийларидан бўлгани боис Исои Масиҳнинг мавлуд кунини орзиқиб кутади.

- Бугун бутун ғозни олма билан духовкада димлаб пиширдим. Ғоз мавлуд дастурхонининг бош таоми. Бу таомни тановвул қилишдан олдин Исои масиҳга ҳамдлар айтамиз, дейди Кристина.

Кристина ўз тилида “вайнахтен” деб атайдиган Рождество байрамида арча безатгани ва барча яқинлари бир-бирлари билан совға айирбошлашганини айтади.

Тошкентдаги Рим Католик черковининг 500га яқин қавми ҳам айни кунларда Исо мавлудини тўйламоқда.

Рим католик черковида ишловчи 22 яшар Соняни суҳбатга тортамиз.

- Бугун кечқурун черковда катта байрам бўлади. Қўшиқлар айтамиз. Совғалар тарқатамиз. Тошкентдаги 500 дан зиëд католиклар бугун байрам қилади.

Озодлик: Католик динини қабул қилганлар орасида ўзбеклар ҳам борми?

- Ҳа, бор. Унча кўп эмасу¸ аммо бор. Бугун улар ҳам тантанага келишади. Совғалар олишади.

Озодлик: Сизчи, сиз қандай совға олишни истайсиз?

- Менга “Пежо” деган хориж машинасини совға қилишларини истар эдим, дейди Рим католик черкови ходимаси Соня.

Соняга кўра¸ Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Урганчда ҳам католик черковининг қавмлари бор.

Бугунги Ўзбекистон ҳудудига насронийларнинг илк бора Сурия ва Эрондан келгани айтилади.

Туркистонни руслар ишғол қилган пайтда ишғолчиларга эргашган поляклар, латиш ва можорлар мамлакатда ерлашган.

1917 йилда Туркистондаги католиклар сони 11 минг нафарни ташкил қилган.

Мавлуд байрамини Ўзбекистондаги лютеран ва протестант насронийлари ҳам нишонламоқда.

1867 йилда Константин фон Кауфман Туркистон Генерал-губернатори бўлган пайтдан бошлаб ўлкага немислар кела бошлади. 19-аср охирига бориб Туркистонда 3800 немис истиқомат қилгани маълум. 1989 йил аҳоли рўйхатга олинганида, Ўзбекистонда 39 минг немиснинг яшаши аниқланган.

Хивадан сал наридаги Оқ мачит қишлоғида ҳам немисларнинг колонияси бўлган. Отто исмли оқсоқол бу жамоани бошқарган. Халқ орасида Отабой ака деб ном чиқарган бу оқсоқол ҳақида жуда кўп яхши хотиралар бор.

Мухбирингизнинг 1987 йилда марҳум Бола Бахши билан қилгани суҳбатига кўра, немислар илк бора Хоразмда тўрт ғилдиракли ҳўкиз аравани жорий қилишган.

- Биз ҳали уйқуда ëтган пайтимизда эшигимиз олдидан уларнинг юк тўла аравалари аллақачон бозорга қараб йўл олишар эди. Улар билан солиштирганда, биз ўта танбал ва уқувсиз ҳолатда эдик, деб эслаган эди Бола Бахши.

Бахши отага кўра, Оқ мачитдаги немисларнинг ëғ чиқарадиган сепараторлари ва ëғоч тиладиган станоклари бўлган.

Хивадаги Нуриллабой саройини ҳам Оқ мачитдаги немислар қургани айтилади.

Ҳозир Британияда яшовчи профессор Аҳмад Хоразмийга кўра, Хива хонлигида мавлуд байрамини илк бор ўшалар байрам қилган. Марказий Осиëдаги илк киночи Худойберган Девонов ўзининг илк сурат олиш ускунасини улардан совға сифатида олган.

- Оқ мачитда бир қанча вақтлар олдин бир гуруҳ немислар яшаб қолган. Улар маданиятли, техникага уста одамлар бўлган. Худойберган Девонов шуларнинг қайсидир биттасига шогирд тушган. Шу киши Худойберган Девоновга ўргатган суратга олиш усулларини. Ўзининг фотоаппаратини Худойберган Девоновга совға қилган дейди¸ менинг эшитишим бўйича энди бу.

Озодлик: Хивадаги Нуриллабойни ҳам шулар қурган дейишади.

- Унинг қурилишида улар иштирок этган. Чунки улар кучли инженер, қурувчи бўлганда. Европа халқлари аввалдан ҳам яхши инженерлар бўлганда. Шу одамлар ўзбеклар билан яхши яшаган. Ўзбекларга ëрдам қилган. Маҳаллий халқ билан яхши яшаган улар. Менимча, ҳозир ҳам уларнинг қолдиқлари бор шу ерда. Шу кунларда Британияда ҳамма Исои Масиҳни байрам қилмоқда, биз ҳам меҳмонга чақирилганмиз.

Озодлик: Сиз бир мусулмон сифатида бу байрамга қандай муносабат билдирасиз?

- Биласизми¸ агар ваҳҳобийларга айтсангиз, бизлар катта бир жиноятчи. Лекин Исо пайғамбарни Муҳаммад алайҳиссалом ҳам жуда катта ҳурмат қилган. У “Исо катта пайғамбарлардан. Инжил Оллоҳ томонидан яратилган катта китоб” деб айтган. Ваҳҳобийларга ўхшаган одамларнинг гапи бу одамларнинг, динларнинг орасига нифоқ солиш. Ҳеч бир ерда мусулмон одам Исо пайғамбарни ëки бошқа пайғамбарни нима қилмасин деган гап йўқ. Масалан¸ мен Исо пайғамбарнинг туғилган кунларида Қуръон ўқиб Исо пайғамбарнинг руҳига бахшида қиламан. Инжил Худонинг китоби эмас эканми? Қуръонда бир неча жойда келтирилган “иймон келтиринглар Оллоҳнинг китобларига” деб. Пайғамбаримизнинг ўзи ҳам Исо пайғамбарни ниҳоятда ҳурмат қилган. Ваҳҳобийларнинг иши бу одамлар, халқлар, динлар орасига нифоқ солиш, дейди Аҳмад Хоразмий.

Ўзбекистондаги православ насронийлари дунëдаги бошқа қавмлари каби мавлудни 7 январда нишонлашади.

Янги йилни биринчи январ куни арча атрофида совға-салом билан нишонлаш анъанаси 1699 йилда Россия императори Петр биринчи тарафидан жорий қилинди.

1918 йилда совет ҳукумати Исо Масиҳ мавлудини нишонлашни буржуа қолдиқлари сифатида қоралаб чиқди.

1929 йилда эса арча безаб мавлуд ëки янги йилни нишонлаш, совға бериш Совет иттифоқида тақиқлаб қўйилди.

1940 йилдан бошлаб совет мулозимлари арча, Қорбобо, мавлуд совғаси каби насроний қадриятларни диндан айро янги йил байрами сифатида урф-одатларига айлантиришди.

Совет ишғоли остидаги халқлар¸ хусусан ўзбеклар ҳам янги йилни арча атрофида Қорбобо ва совға-саломлар билан кутишни ўшандан бери одат қилишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG