Линклар

logo-print

Покистоннинг Афғонистонга чегарадош шимоли-ғарбий минтақасида худкуш шахс ўзини портлатгани оқибатида камида 40 киши нобуд бўлди, 50 дан ортиқ одам жароҳатланди. Расмийлар қурбонлар сони кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Маҳаллий полиция расмийларига кўра, Бажур вилоятининг Ҳар шаҳридаги озиқ-овқат тарқатиш марказида ўзини портлатишидан олдин худкуш одамларга қарата иккита граната отган. Гувоҳларга кўра, ҳужумчи аёлларнинг бурқа кийимида бўлган.

Полиция ходимларига кўра, тана парчаларини текшириш натижаси худкуш ҳужумчи аёл бўлгани ҳақидаги маълумот тўғри эканини кўрсатган. Покистонда худкуш ҳужумлар жуда кам ҳолларда аёллар томонидан амалга оширилгани айтилади.

Воқеа гувоҳларидан бири Хон Муҳаммад Озодликка портлаш оқибатида яраланган ўнлаб одам вертолётда касалхонага олиб кетилганини айтди.

- Қирқ икки киши нобуд бўлди ва 60 дан ортиқ одам яраланди. Худкуш ўзини портлатди. Яраланганлар Пешавор шаҳридаги касалхонага вертолётда олиб кетилди. Уларнинг аксари бажурликлар эди. Уларнинг ҳаммаси маҳаллий одамлар эди, деди Хон Муҳаммад.

Ўз исмини айтишни истамаган воқеанинг бошқа гувоҳи портлаш даҳшатди бўлганини айтди.

- Портлаш жойига борганимда ҳамма ерда ўлиб ётган одамларни кўрдим. Улар кимлигини аниқлаш имконсиз эди. Одам танаси парчалари ҳамма жойга сочилиб кетган эди. Вазиятни сўз билан тасвирлаб бўлмайди. Уни кўриб йиғидан тийила олмадим, дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Касалхона расмийси Дўсти Раҳмон Ройтерс ахборот агентлигига ўзи 40та жасадни санаганини айтиб қурбонлар сони ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Портлаш содир бўлган БМТнинг Озиқ-овқат дастури ва бошқа халқаро хайрия ташкилотлар жойлашган марказда ҳарбий ҳаракатлар сабабли ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган юз минглаб аҳолига озиқ-овқат ёрдами тарқатилаётган эди.

Бир кун олдин Ҳар шаҳрига қўшни бўлган Мохманд минтақасида жанггарилар ва ҳукумат кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда исёнчилардан 24 нафари ва Покистон армиясининг 11 аскари нобуд бўлган эди.

Сўнгги уч йил давомида Покистонда 200 дан ортиқ ҳудкуш ҳужум амалга оширилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG