Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

ЎИҲ сўғдликлар учун бош оғриғига айландими?


Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакиллари Тожикистондаги ҳужумларнинг ҳаммаси ҳам ўзлари томонидан амалга оширилмаганини айтадилар.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакиллари Тожикистондаги ҳужумларнинг ҳаммаси ҳам ўзлари томонидан амалга оширилмаганини айтадилар.

Тожик расмийларининг сўзларига кўра, 2010 йилда Ўзбекистон Исломий ҳаракати Тожикистонда ўз фаолиятини кучайтирди. Улар бу ҳаракатнинг мамлакат миллий хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётганидан бонг урмоқдалар.

Тожикистондан ҳар йили ўнлаб одам ЎИҲга аъзоликда айбланиб озодликдан маҳрум этилади. Бу маҳкама жараёнлари асосан Ўзбекистонга чегарадош бўлган Сўғд вилоятида ўтмоқда.

Расмийларнинг айтишларича, айнан ана шу вилоятда ЎИҲ аъзоларининг фаолияти жонланган. Аввалги йилларда бу ҳаракатга Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан истиқомат қилган Расул Охунов раҳбарлик қилгани айтиларди. Бу одам уч йил олдин Ўшда Қирғизистон ва Тожикистон ҳавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилганди. Лекин унинг ўлдирилиши, тожик расмийларига кўра, Тожикистонда, хусусан, Сўғд вилоятида ЎИҲ аъзоларининг фаолияти сусайтирмади, аксинча, жонлантирди.

Агар бундан уч йил олдин вилоятда ЎИҲнинг 20 дан ортиқ аъзоси қўлга олингани расмий манбаларда қайд қилинган бўлса, ўтиб бораётган йил давомида 32 киши бу ҳаракатга аъзоликда гумонланиб ҳибсга олинди, олти нафар шахс йўқ қилинди. Ниҳоят, Тожикистонда биринчи марта аёл киши ЎИҲ аъзоси бўлмиш қуролли жангари сифатида ўлдирилди. Яраланган ва кейинчалик ўзини портлатиб юборган Мухтасар Мирамонова Ўзбекистон фуқароси, ЎИҲнинг Сўғд вилоят бўлими раҳбари Расул Охуновнинг беваси экани айтилади.

Хўш, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳақида Тожикистон расмийлари ва бу мамлакатнинг оддий фуқаролари қандай фикрдалар?

Расмийларнинг айтишларича, вилоятда 2000 йилдан бошлаб қанча террорчилик ҳаракатлари содир этилган бўлса, уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Исломий ҳаракати томонидан амалга оширилган. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаххоров шундай дейди:

- Конибодом ички ишлар бўлимининг икки ходимига суиқасд, Қайроққум шаҳар ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторига ва Лаккон чегара заставасига қилинган қуролли ҳужумлар, Хўжанд марказидаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида рўй берган кучли портлаш, Раштдаги қонли воқеаларда ҳам айнан ЎИҲ аъзоларининг қўли бор, - дейди генерал-лейтенант Абдураҳим Қаҳҳоров.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу ҳаракатнинг энг кўп аъзолари Сўғд вилоятининг Исфара туманида ушланган. Қаҳҳоров мазкур ҳаракат аъзоларининг фаолияти ҳам айнан шу туманда жонланганини айтади.

- Бу ҳаракат аъзоларининг аксарияти тожикистон фуқаролари. Ораларида, кўп бўлмаса-да, Ўзбекистон фукаролари ҳам бор. Уларнинг айнан Исфара туманида ўрнашиб олгани сабаблари ҳам аниқ. Чунки Исфара Ўзбекистон билан ҳам, Қирғизистон билан ҳам чегарадош, ён-атрофи баланд тоғлар. Яширин фаолият юритиш ва қўпорувчилик амалиётини амалга ошириб, ғойиб бўлиши учун жуда қулай жой, - дейди вазир.

Тожикистон куч ишлатар тизимларидан бирида ишлайдиган навбатдаги суҳбатдошимиз исмини ошкор қилмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан суҳбатлашди.

“Тожикистонликларнинг ЎИҲга алоқаси бор ёки йўқлигига аниқ жавоб шуки, қўлга олинган ва йўқ қилинганларнинг 90 фоизи ҳақиқатан мазкур ҳаракат аъзоларидир. Бу борада бизда аниқ далиллар мавжуд. Ушланганлар қўшни Афғонистон ва Покистонда ЎИҲ лагерларларида ҳарбий тайёргарликдан ўтганлигига оид разведка маълумотлари мавжуд. Улардан мусодара этилган адабиётлар, қуроллар шундан далолат бермоқда. Ниҳоят, жорий йил ва ўтган 2009 йили Исфара тумани яқинидаги тоғда бункерлар аниқланди. Бу бункерларда замонавий сунъий йўлдош алоқа воситалари, ҳарбий кийим-кечак, қурол-аслаҳа, ЎИҲ фаолиятига доир адабиётлар топилди. Бу далиллар айни пайтда Миллий хавфсизлик қўмитаси ихтиёрида. Қўлга олинган тожикистонликларнинг қолган 30 фоизи қўпорувчилик амалиётларида иштирок этмаган бўлса-да, ЎИҲ аъзоларига турли ёрдамлар кўрсатишган. Шу ўринда “тожикларнинг ЎИҲга қандай алоқаси бор?” деган савол туғилади. Террорчилар учун на миллат, на чегара мавжудлиги ҳаммага маълум. Афғонистон ва Покистонда жойлашган ЎИҲ аъзолари фақат ўзбеклардан иборат эмас-ку. Улар орасида бир қанча миллат вакиллари бор. Ушланган тожикистонликлар ЎИҲ аъзолари эканини тасдиқловчи далиллар нима учун ошкор қилинмаётганлиги менга қоронғу. Бу Миллий хавфсизлик қўмитаси салоҳиятига киради”, деди фаолияти уюшган жиноятчиликка қарши кураш билан бевосита боғлиқ бўлган тожикистонлик суҳбатдош.

Лекин ЎИҲга аъзоликда гумонланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган одамлар ва яқинларининг айтишларича, бу ҳаракатга уларнинг мутлақо алоқаси йўқ. Улар фақат намоз ўқигани ва исломий йўлни танлагани учун ҳам ана шундай таъқиб ва тазйиқларга учрамоқдалар.

Чунончи жорий йил апрел ойида Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Россия фуқароси Исмон Бобоевни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонлаб қўлга олган. Ўша куни Россия фуқароси милиция биносида жон таслим қилгани айтилади. Бироқ марҳумнинг қариндошлари сўзларига кўра, Исмон Бобоев милиция вакиллари томонидан қўлланилган қийноқлар остида ҳалок бўлган - марҳумнинг танасидаги қийноқлар излари ана шундан далолат беради.

- Милиция ходимлари менга ёлгон гапиришди, гуёки у касал эмиш. Лекин уйга олиб келиб, юваётганимизда, унинг баданида калтак, қийноклар излари борлигини кўрдик. Улар Исмонни ўлдириб қўйиб, кейин изларни яшириш максадида касалга чиқаришди, - дейди Бобоевнинг қариндошларидан бири.

Кузатувчилар фикрича, ЎИҲ аъзолари ва улар олиб бораётган террорчилик фаолияти ҳақида тожикистонликлар деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар.

- ЎИҲ ҳақида гапирилганда фикрим чалғиб кетади. Чунки у ўзи нима, қанақа ҳаракат - бу ҳақда ўзимга яраша тасаввурим ҳам йўқ. Телевидениеда ҳам, матбуотда ҳам бу ҳақда аниқ таҳлилий кўрсатувлар ёки мақола ва маълумотлар берилмайди. Фақат “ушланибди”, “суд қилинибди” билан чекланади, - дейди зиёли Зуҳро Қодирова.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил ноябр-декабр ойларида Россияда ўндан ортиқ тожикистонлик ЎИҲга аъзоликда гумонланиб, қўлга олинган ва айни пайтда уларнинг ватанига экстрадиция қилиниши кутилаяпти. Бундан ташқари, Тожикистонда ҳозир ЎИҲнинг яна 20 дан ортиқ аъзоси борлиги ва уларга қидирув эълон килинганлиги айтилмоқда.

Айни пайтда, маҳаллий ҳукумат масъулларининг маълум қилишларича, Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзода шу кунларда шаҳар ва туманларда аҳоли билан учраша бошлаган.

“Аҳоли билан учрашувдан мақсад турли экстремистик гуруҳларнинг, биринчи навбатда, ЎИҲ аъзоларининг мамлакат ва жамиятга бўлган хавфи ва унинг оқибатларидан огоҳлантириш. Вилоят раиси аҳолини мана шундай “ёт унсурлар”га қарши туришни, фарзандларининг бу гуруҳларга аъзо бўлиши олдини олишга чақирмоқда”, дейилади Сўғд вилоят ҳукумати ёйинлаган ахборотда.
XS
SM
MD
LG