Линклар

Ўшлик фаоллардан бирига кўра, 11 июндан буён Ўш ва шаҳар атрофида ўзбек хотин-қизлардан 83 нафари зўрланган. Бунинг учдан икки қисми 11 июндан 17 июнгача босқинчилар қурбони бўлган бўлса, қолганлари сўнгги икки-уч ойда ўғирлаб кетилиб, зўрланди.

Июн қирғинининг дастлабки кунлари зўрланганлардан бири 14 октябр куни “Озодлик”ка ўз мудҳиш кечмиши ҳақида гапириб берганди. Суҳбатдошимиз илтимосига кўра, унинг исмини бермаган эдик:

- Телефонимнинг соатига шундай қараганимда саҳар 4.30 бўлган экан. Тарақ-туруқ бошланди, ҳар хил овозлар, хунук гаплар. Эшикни тепиб киришди. Биз ҳаммамиз ётган жойларимиздамиз. Орада биттамиз қиз бола эди. Кирганидан кейин ваҳшийларча (мен тасаввур ҳам қила олмайман, йиғлаб кўзимнинг ёши ҳам тугаб қолаяпти) ташланишни бошлашди. Уни орасида биттаси мени таниган ҳолатда бир нарса деганга ўхшади. Мен ўзимча айтадиган бўлсам, 7-8 та бор, 10 тага етмайди. Жуда ҳам елкали, қора баданли, ҳаммасида футболка, бошида кепка. Аниқ биламан - хунук одамлар, жуда ҳам хунук одамлар. Ўзимга яқинлашганини эслай оламан. Қолганларининг ҳам кирганини кўрганман. Бизга ташланишни бошлаганидан кейин, бизга азоб бўлганидан кейин мен ҳушимни йўқотганман. Унча эслай олмайман нима аҳволда бўлганимни. Уйғонганимда, тасаввур қилиб айтиб бера олмайман, ҳамма ерим қон. Ҳозиргача белгилари бор. Кийимим йўқ - қаердан кийимим бўлсин? Сочларим ҳурпайган. Баданларимиз хунук аҳволда. Биз уйғонганимизда қўшни катта аёллар бизга қараган. Мен кўзимни очиб қараганимда, ҳаммаёғимиз тишланган, худди баданимизни узиб чиққандек. Худонинг аяганини қарангки, биз ўша пайтда бу азобни билмадик. Кейин жуда тортдик бу нарсани. Лекин у пайтда билмадик, - дейди ўшлик зўрланган аёл.

Суҳбатдошимиз июн воқеаларидан сўнг 4 ойдан ортиқ вақт даволанди. Унинг шериги ёш қизни эса онаси олиб кетиб, бошқа шаҳарда даволатди.

Бугун ўшлик суҳбатдошимиз ўзининг маҳалласида икки фарзанди билан яшамоқда.
Унинг бошидан ўтганини яқинлари ҳалигача билмайди.

- Вақт ҳар нарсага даъво деганидек, у нарсалар юрагимни ичида туради. Лекин ҳаёт давом этаяпти. Буни мен кўзим билан кўриб, Оллоҳ берган кунида мени йўқ қилиб қўймаганига шукр қилиб, ҳаётим давом этаяпти. Ҳеч қаерда ишламаяпман, уйда фарзандларим тарбияси билан, Оллоҳга ибодат қилган ҳолда, бундан кейинги ҳаётимиз хайрли бўлишини Оллоҳдан сўраб яшаяпман. У нарсалар эсдан чиқадиган эмас, лекин шунчаки берилган умрда яхши яшаш керак, биз мажбурмиз. Нимагаки, кунимиз бор, ризқимиз бор, яшаб юрибмиз, - деди ўшлик суҳбатдош аёл.

Ўшлик фаоллар гуруҳидан олинган маълумотга кўра, июн воқеалари чоғида 68 хотин-қиз зўрланган. Бу жиноятларни содир этганлар жазолангани йўқ. Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова июн воқеаларида зўрланган хотин-қизлар ҳақида бундай деган:

- Ҳуқуқ-тартибот органлари июн воқеалари давомида 7 хотин-қизнинг зўрланганини расман эълон қилган. Ўшда фаолият юритган хотин-қизлар ва ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса ўша кунлари 60 дан зиёд хотин-қизнинг зўрланганини эълон қилган эди. Ўша пайтда зўрланган ёш қизлардан 5 нафарига ёрдам берганмиз. Улардан 4 нафари билан шу кунгача иш олиб бораяпмиз, - деган эди ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова.

Август ойидан буён ўшлик хотин-қизлар янги жиноят қурбонига айлана бошланди.
Ўшда уларни ўғирлаб кетишлар бошланди. Бундай воқеалар қурбонлари қаттиқ калтакланган, зўрланган ҳолатлар ҳам бўлди. Юқорида тилга олинган ўшлик фаоллар гуруҳи маълумотига кўра, августдан ноябрга қадар 15 хотин-қиз зўрланган.

“Фуқаролар коррупцияга қарши” ташкилотига кўра, 7 нафар хотин-қиз ўғирлаб кетилиб, уларга нисбатан куч ишлатилган.

Ўш ҳуқуқ-тартибот идоралари эса шу пайтга қадар одам ўғирлаш бўйича фақат битта ҳолат қайд этилганлигини айтмоқдалар. У ҳам бўлса шу йилнинг декабр ойида ўз уйи олдидан ўғирлаб кетилган Ирода Зулунова ишидир.

16 ёшли Ирода 9 декабр куни Ўшда ўғирлаб кетилиб, 12 декабр куни топилган эди.
Унинг ўзи ўғирлаб кетган бир аёл ва икки эркак эканлигини, аёл азоб берганлигини, калтаклаб, дори ичирганини айтган эди. Айни пайтда тиббий экспертиза Ирода Зулунова зўрланмагани ҳақида хулоса тақдим қилган. Уни ўғирлаб кетган шахсларни қидириш ишлари қандай кетаётгани ҳақида эса Ўш вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Сўнгги маълумотларга кўра, июн воқеаларида зўрланган қизларнинг бир нечтаси турмушга чиққан. Яна икки нафар ўшлик қизларнинг тўйи 2011 йил баҳорида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG