Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:58

2010 йил кашфиётлари: микророботдан 3D телеканалигача


2010 йилда фан ва технология соҳаларида қатор муҳим кашфиётлар қилинди. Олимлар, агар бу кашфиётлар амалиётга татбиқ этилса, тиббиёт ва бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар бўлишига шубҳа йўқлигини таъкидламоқдалар.

2010 йилда америкалик олим Крейг Вентер етакчилигидаги биологлар гуруҳи одам генлари бўйича муҳим кашфиёт қилдилар. Май ойида ўтказилган матбуот анжуманида Вентер ҳамкасблари билан бирга илк бор синтетик ҳужайра яратганларини эълон қилди.

- Биз дунёда биринчи бўлиб ота-онаси компютер бўлган, ўз-ўзидан кўпаядиган биологик ҳужайра яратдик. Айни пайтда бу ўз генетик кодига эга бўлган биринчи ҳужайрадир, - деди Крейг Вентер.

2010 йилда АҚШнинг тўртта университетида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар гуруҳи микроскопик ўргимчаксимон “робот” яратдилар. Бу ҳақда Британияда чиқадиган “Nature” журнали хабар қилди.

Янги микроскопик роботдан бир кун келиб саратон ҳужайраларини ўлдиришда ва ёпилиб қолган қон томирлари йўлини очишда фойдаланиш мумкинлигига умид қилинмоқда.

Оқсил таначасидан яратилган ниҳоятда кичик бу “тирик жонзот”нинг кимёвий сигнал ёрдамида ҳаракатланиши, тўхташи ва ҳужайра ичида бурила олиши айтилмоқда.

Декабр ойи бошида АҚШнинг Фазо тадқиқотлар маркази (НАСА) биологлари янги ғайриоддий бактерияни кашф қилдилар.

Калифорния штатидаги кўллардан бирида топилган бу бактериянинг озуқаларидан бири заҳарли маргимуш экани аниқланди.

Буни эшитган олимлар ҳайратда қолдилар. Массачусет технология институти ходими Сара Сижер ҳам бу кашфиётни эшитиб ҳайратга тушганини яширмай, бу муҳим янгилик эканини айтди.

- Бу улкан кашфиёт. Чунки биз ҳозиргача олтита моддани ҳаёт учун энг муҳим бўлган моддалар, деб ҳисоблар эдик. Ҳозиргача улар орасида маргимуш йўқ эди. Шунинг учун бу жуда муҳим, - деди Сара Сижер.

Углерод, водород, азот, кислород, фосфор ва олтингугурт шу пайтгача ҳаёт учун энг муҳим моддалар ҳисобланар эди.

НАСА олимлари кашф қилинган янги бактерия фосфор ўрнига маргимуш ҳисобидан ривожланиш хусусиятига эга эканини аниқладилар. Бу кашфиётнинг нафақат Ер, балки бошқа сайёралар ва улар йўлдошларида ҳаётнинг бошқа кўринишлари бўлиши ҳақидаги тахминларни кучайтиргани айтилмоқда.

Яқинда Ўзбекистонда ҳам ўсимликнинг янги тури аниқланди. Регнум ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон фанлар академиясининг “Ботаника” илмий ишлаб чиқариш маркази катта илмий ходими Комилжон Тожибоев Фарғона водийсининг баланд тоғли минтақасида олиб борган текширув пайтда янги ўсимлик турини топган.

Тожибоевга кўра, бу ўсимлик Марказий Осиё ва унга туташ бошқа ҳудудлар, жумладан, Эрон, Афғонистон ва Туркия ҳудудларида қайд этилган ўсимликларга ўхшаш эмас.

Ортда қолган 2010 йилда Швейцария ва Франция ҳудудида ер остига қурилган бир неча ўн километрлик коллайдерда янги синов ўтказилди.

Қуриб битказиш учун 10 миллиард доллар сарфланган ушбу улкан ва ноёб коллайдерда ўтказилган тажрибалар натижаларини таҳлил қилиш асносида олимлар олам қандай пайдо бўлганини тушунишга ҳаракат қилмоқда.

Олимлар лабораторияларда турли тажрибалар билан машғул бўлган бир пайтда дўконларда 3D форматидаги янги телевизорлар сотила бошланди.

Октябр ойида Британиядаги Sky телеканали Европада биринчи бўлиб 3D каналини ишга туширди. Бир неча кун ўтиб, Вержин Медиа ширкати талабга қараб 3D форматида кинофилмлар тармоғини ташкил қилди.

3D телевизорлари эски технологияга мос келмаслиги одамларни ҳайратга солаяпти. Бундай телевизор нархи бир неча минг долларга тўғри келмоқда. Toshiba ва Panasonic ширкатлари 3D телевизорлари ишлаб чиқаришга катта маблағ сарфлаган.
XS
SM
MD
LG