Линклар

Асакадаги автомобил заводи 2011 йилдан GSVEM седанини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. GM Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасининг бу янги лойиҳаси қиймати 136 миллион АҚШ доллар бўлиши айтилмоқда.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик ширкати ҳисобидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши 2013 йилда якунланади.

Қўшма корхона лойиҳани расман 2011 йилнинг биринчи ярмида тасдиқлаши, янги йилнинг учинчи чорагидан эса дастлабки автомобиллар йиға бошлаши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, биринчи йилда GM Uzbekistan корхонаси GSVEM русумидаги 100000 дона седан ишлаб чиқаради ва уларнинг 50000таси экспорт қилинади.

GSVEM седани Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси ишлаб чиқараётган автомобилларнинг еттинчиси бўлади. Эслатиб ўтамиз, мазкур автокорхона 2010 йилнинг августидан Chevrolet Spark автомобили ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди.

Ўзбекистоннинг Асака шаҳрида ишлаб чиқарилаётган бу автомобиллар мамлакат ички бозори билан бир қаторда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдавия, Украина ва Белоруссияга ҳам сотилади. Бироқ мазкур автомобилларнинг хорижда ички бозордагидан кўра арзонроқ сотилиши кўпчилик ўзбекистонликларга маъқул эмас. Кузатувчилар бу тадбирни ўзбек автомобилсозларининг мамлакатга валюта жалб қилиш тадбири ўлароқ баҳолайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG