Линклар

logo-print

Ўшга борган ЕХҲТ полицияси аҳоли билан гаплашмайди

  • Барно Анвар

Қирғизистонда айрим сиёсий гуруҳлар қаршилигига қарамай мамлакатга киритила бошлаган ЕХҲТ полицячилари 2011 йил охирига қадар қолиши айтилмоқда.

Қирғизистонда айрим сиёсий гуруҳлар қаршилигига қарамай мамлакатга киритила бошлаган ЕХҲТ полицячилари 2011 йил охирига қадар қолиши айтилмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига кўра, мамлакат бўйлаб ташкил қилинган 18 та тумандаги бўлинмаларга икки кишидан жойлаша бошлаган ЕХҲТ полициячилари фақатгина қирғиз милициясига маслаҳат бериш билан шуғулланади. Уларга, ҳатто, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш ҳам тақиқланган.

Қирғизистон расмийлари 24 декабр куни мамлакатга ЕХҲТ полиция кузатувчи гуруҳининг 6 вакили етиб келганини маълум қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Шамшибек Мамиров бу ҳақда берган матбуот анжуманида мамлакат жанубидаги июн воқеаларидан сўнг бу минтақада ташкил қилинган 18 та бўлинмага ЕХҲТ полициячилари икки кишидан жойлаштирилиши ва улар фақатгина қирғиз милициясига маслаҳат бериш билан шуғулланишини таъкидлади.

“Жами 18 та бўлинма ташкил қилинди ва ЕХҲТ полициячилари икки кишидан бу бўлинмаларга жойлашади. Бу полициячилар эксперт-консултант сифатида амалдаги Қирғизистон ИИВсини ислоҳ қилиш дастури доирасида фаолият юритади. Бу лойиҳа мамлакатда демократик милицияни яратиш мақсадига қаратилган ва қирғиз милицияси манфаати диорасида амалга оширилади”, деди Қирғизистон ИИВ си расмийси.

Расмийларга кўра, ЕХҲТ полициячиларига ўз мустақил суриштирувини юритиш ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш ҳам тақиқланди.

“Шу вақтгача юзлаб экспертлар келиб-кетди мамлакатимизга. Бизга методик ёрдам берадиган полициячилардан иборат бўлган бу гуруҳда қурол-яроғ бўлмайди”, деб таъкидлади Қирғизистон ИИВ расмийси Шамшибек Мамиров.

Бунга қадар ЕХҲТ расмийлари Қирғизистон жанубига юбориладиган 52 полиция маслаҳатчисида ҳеч қандай қурол бўлмаслиги, улар фақатгина маслаҳатчи бўлишини айтган бўлса-да, бу миссиянинг бош мақсади минтақага осойишталик олиб келиш ва миллий жамоалар ишончини қозониш эканини таъкидлаган эди.

Хусусан, ЕХҲТ матбуот котиби ўринбосари Виржиния Коллудон: “ЕХҲТнинг Ўш ва Жалолободда ваколатхонаси бор ва ана шу ваколатхона сиз айтган маҳаллий алоқа маркази бўлиб ишлайди. Шу боис оддий одамларнинг уларни топиши ва улар билан мулоқот қилишида ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, деб айтган эди.

Аммо, Қирғизистон расмийлари эндиликда бераётган баёнотлар мазмунидан ўртада узоқ давом этган баҳс натижасида ўртадаги келишув яна ўзгарган ва охир-оқибат, Қирғизистон жанубида июн воқеаларида жабрланган кўпчилик ўзбеклар учун улар интиқиб кутган ЕХҲТ полициячилари билан сўзлашишнинг ҳам имкони бўлмайди.

Бундан ташқари, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси асосий қисми 2011 йилда келиши айтилаётган полициячилар жами сони аввал айтилгани каби 52 киши эмас, балки 30 киши бўлиши ва улар ҳозирча бир йилгача мамлакатда қолишини ҳам айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG