Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

2010 йилда Тошкент ва Душанбе ораси тузалмади


Кузатувчилар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида давом этаётган тарангликни икки мамлакат лидерларининг амбициялари билан боғлайдилар.
Кузатувчилар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида давом этаётган тарангликни икки мамлакат лидерларининг амбициялари билан боғлайдилар.

Билъакс кўп йиллардан буён Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида давом этиб келаётган ўзаро даҳанаки жанг тугаб бораётган йил давомида океаннинг у томонидаги мамлакатлар қулоғига ҳам эшитилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тожикистонлик касбдоши Имомали Раҳмон билан шу йил Тошкентда учрашуви чоғида “Роғунга тегишли юклар ҳеч бир тўсиқсиз ўтказиб берилиши” борасида берган оғзаки ваъдасини эътиборга олмаганда, ҳақиқатан 2010 йил бошидан охиригача Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бирорта ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланмади.

Аксинча ўзбек-тожик муносабатларидаги кўпдан буён давом этиб келаётган баҳс 2010 йилда янги босқичга кўчди.

Бу таранглик Ислом Каримовнинг Ўзбекистонга тегишли юклар транзити учун Тожикистон темир йўлларидан фойдаланиш тақиқланганига оид имзолаган янги қароридан сўнг кучайди.

Мазкур қарорга биноан январ ойидан Ўзбекистон Тожикистон темир йўллари орқали тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишни деярли таъқиқлаб қўйди.

Феврал ойида эса Тожикистон темир йўллари ширкати Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали транзит қилинадиган тожикларга тегишли юк вагонларини сабабсиз тўхтатиб қолаётганидан бонг ура бошлади.

Ўшанда мазкур идора раиси Ҳукуматулло Омонулло Ўзбекистонни йўлтўсарликда айблаб, апрел ойида мамлакат жанубида рўй берган табиий офатларда ҳам Ўзбекистон ҳиссаси борлигини даъво қилган эди.

- Юк вагонларида нафақат озиқ-овқат ва тижорат моллари, балки Хатлон ҳудудидаги дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш учун олиб келинаётган булдозерлар ва зарур техника ҳам бор. Аммо бу зарур техника бизга ўз вақтида етказиб берилмагани туфайли Хатлон вилоятидаги дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлай олмадик. Натижада Хатлон вилоятининг турли ҳудудларида сув тошқинлари юз бериб, ўнлаб аҳоли бошпанасиз қолди. Агар Ўзбекистон шу ёнилғи ва техникаларимизни вақтида бизга юборганида эди, бу нохуш воқеаларнинг олди олинган бўлур эди, - деган эди журналистлар учун ўтказган бир йиғинда темир йўл раиси Омонулло Ҳукуматулло.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров эса Ўзбекистон томонини зараркунандаликда айблаганди. Парламент спикеридаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон биргина юк транзити масаласида сўнгги бир неча йил давомида Тожикистонга 1 миллиард доллар миқдорида иқтисодий зарар етказган.

Тожик мулозими Зуҳуров Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида темир йўл транзити бўйича имзоланган давлатлараро шартномалар мудом тожиклар зарарига ишлаётганига урғу берганди ўшанда.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг халқаро алоқалар, жамоатчилик ва ахборот бўйича қўмитаси раиси Олимжон Салимзода эса жорий йил ўрталарида Ўзбекистонни бу қилмиши учун халқаро судга бериш лозим, деган таклиф билан чиқди.

Тожик депутати юк транзити билан боғлиқ муаммода ҳеч қандай техник сабаблар бўлмай, аксинча бу ерда кўпроқ сиёсий мотив сезилаётганини урғулаганди.

- Роғун ГЭСи қурилишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган ўзбек биродарларимиз бугунги кунда ҳар турли баҳоналар билан юк вагонларимизни ойлар давомида асоссиз ушлаб туришибди. Ўша вагонлардаги юкларнинг ҳаммаси ҳам Роғун қурилиши учун кўзланган юклар эмас. У вагонларда қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар ҳам бор. Тожикистон ва Ўзбекистон бир қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кирган ва кўплаб халқаро ҳужжатларни имзолаган. Бугунги кунда ўзбекларнинг юк вагонларимиз транзитига тўсиқ яратаётгани ўша ҳужжатлар талабига зиддир. Ўзбекистон томони бу жиҳатларини ҳам назарга олиб, мавжуд муаммони тезроқ ижобий ҳал қилиши лозим. Акс ҳолда, биз Ўзбекистонни халқаро судга беришга мажбур бўламиз, - дея таъкидлаганди Тожикистон қуйи палатаси вакили Олимжон Салимзода.

Вагон жанжали шу қадар кескинлашдики, натижада бу жанжалга БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Халқаро валюта жамғармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти юқори мартабали шахслари аралашмай иложи қолмади.

Ортда қолаётган йилнинг 6 апрелида иш сафари билан Душанбега келган БМТ Бош котиб Бан Ки Мун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юк транзити билан боғлиқ баҳслар ташвишларга сабаб бўлаётганини таъкидлаганди ва икки мамлакат расмийларини ўзаро муросага чорлаганди.

Эроннинг давлатга қарашли темир йўл ширкати эса Тожикистонга қарашли юк вагонларининг Ўзбекистонда туриб қолаётганига жавобан ўзбек вагонларини ўз ҳудудидан ўтказмаслик билан Тошкентга таҳдид қилди.

Тожик расмийлари Эроннинг бу огоҳлантиришидан сўнг вазият бироз юмшагани ва юк вагонлари ўтказила бошлаганини маълум қилди, аммо Тожикистон томонининг қувончи узоққа чўзилмади.

Май ва июн ойларига бориб, Ўзбекистон ҳудудида ушланиб қолинаётган тожикларга тегишли юк вагонларининг сони икки бараварга кўпайганига оид хабарлар тарқалди, бозорларда эса нарх-наво кўтарилиб кетди.

Бунинг ортидан тожикистонликлар Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси ёнида икки марта пикет уюштирди.

Мамлакат ташқарисидаги тожикистонликлар эса Ўзбекистон президенти номига очиқ хат йўллаб, “тожикларни иқтисодий қамал қилишни тўхтатиш”ни талаб қилдилар.

Буларга жавобан Ўзбекистон ҳукумат расмийлари бу даъволарда асос йўқлигини ва юк вагонлари транзити темир йўллардаги логистик ва техник сабаблар билан боғлиқ эканини кўп марта такрорладилар.

2010 йилнинг 6 августида Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси Тожикистондаги оммавий ахборт воситалари ва бу мамлакатдаги дипломатик корпуслар ҳамда давлат айрим идораларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотини тарқатди.

Баёнотда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тожик оммавий ахборот воситаларини Тожикистонга тегишли юк вагонлари ҳамон Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганига оид ёлғон ва асосланмаган маълумотлар тарқатаётганликда айблаганди.

Аснода Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоислом Шоқосимовга йил давомида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан икки марта норзилик нотаси топширилди.

Тожикистон томони юк вагонлари билан боғлиқ масала сиёсий мотивга эга ва бунинг ҳаммаси Тожикистондаги гидроиншоотлар, хусусан, тожиклар миллий ғоясига айланган Роғун қурилишига қарши юргизилаётган сиёсат, дея қабул қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро баҳс ўн йиллик тарихга бориб тақалади. Ўтган йилларда виза, миналаштириш, табиий газ ва электр энергияси таъминоти, чегаралардан ўтиб-қайтиш каби масалаларида ҳам қатор тортишувлар бўлганига қарамай, икки мамлакат одамларида эртанги кунга, яъни яхши қўшничилик муносабатларининг тикланишига ҳамиша ишонч бўлган.

Аммо, мустақил кузатувчиларга кўра, 2010 йилда бошланган юк вагонлари транзити можароси икки қўшни муносабатларини бутунлай совутиб, ўзаро ҳамкорликларини боши берк кўчага киритиб қўйди.

Тожикистон ҳукумати 2011 йилдан бошлаб юк транзити масаласида муқобил йўлларни ишга солишини билдирди. Тожик расмийлари Роғун ГЭСи учун қурилиш материаллари билан бир қаторда бошқа зарур маҳсулотлар ҳам Афғонистон орқали мамлакат ичкарисига олиб кирилишини маълум қилдилар.

Расмий Душанбенинг бу қароридан, мустақил таҳлилчи Искандари Фируз фикрича, янги йилдан Тожикистон қўшниси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш нияти йўқ, деган маънони илғаш қийин эмас.

- Аммо инсон ҳамиша яхши ният билан яшаши лозимлигини назарга олган ҳолда, кириб келаётган 2011 йилда Ўзбекистон ўз позициясини ўзгартиришига умидлар ҳам йўқ эмас. Чунки бу икки қўшни давлат раҳбарлари ҳам, оддий одамлар ҳам бу икки қондош халқ бир-бирисиз кўзлаган мақсадига ета олмаслигини яхши англашади, - дейди мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.

Тожикистон темир йўллари ширкатидан олинган cўнгги маълумотларга кўра, 2011 йил бошидан Ўзбекистон ҳудудини четлаб ўтадиган янги темир йўл қурилишига оид лойиҳа ҳам иш бошлайди. Бундан кўзланган мақсад эса юк транзити ва бошқа барча масалаларда Тожикистонни Ўзбекистонга қарамликдан қутқазиш экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG