Линклар

logo-print

Норвегиядаги ўзбек қочқинлари экстрадициядан хавфсирамоқда


Норвегиядаги ўзбек қочқинлари ўзларини Ўзбекистонга қайтарилмаслигини сўраб намойишлар ўтказмоқда.

Норвегиядаги ўзбек қочқинлари ўзларини Ўзбекистонга қайтарилмаслигини сўраб намойишлар ўтказмоқда.

Норвегия расмийлари қочқинлик мақомини сўраётган ўзбекистонликларни 2011 йилдан бошлаб мамлакатдан оммавий равишда экстрадиция қилишга тайёрланмоқда. Қочқинлик мақомини сўраётган ўзбекистонликлар эса бунинг халқаро қонунчиликка мутлақо зид эканини айтмоқдалар.

Норвегия оммавий ахборот воситаларидан маълум бўлишича, мамлакатда муҳожирлик ва қочқинлик масалалари билан шуғулланувчи Норвегия Иммиграция директорати (UDI) бу мамлакатга бошпана сўраб келган Ўзбекистон фуқароларини оммавий равишда депортация қилишни режалаштирмоқда.

Ўзбек-Норвег маданий маркази вице-президенти, мустақил журналист Евгений Дьяконовга кўра, бу ҳатти-ҳаракатлар умум қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенциясига хилоф равишда амалга оширилмоқда.

- Норвегия Иммиграция хизматидан бизга улар мамлакатдан ўзбекларни оммавий депортация қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабар келди. Барча муаммо Норвегия Иммиграция ташкилоти – UDI да берилаётган квоталарга бориб тақалмоқда. Гап шундаки, турли мамлакатдан келаётганларга қочқинлик мақомини бериш учун бу тузилма томонидан квоталар ажратилади. Масалан, денгиз қароқчилиги билан машҳур кичкинагина Сомалига 2 минг ўрин ажратилса, Ўзбекистондан келаётган муҳожирларга йилига 3 ўрин берилади. Боз устига, Норвегия расмийлари ўзбекистонликларнинг миграция масалалари билан боғлиқ муаммоларини умуман инкор этиб келмоқда, - дейди журналист Евгений Дьяконов.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, бу каби салбий муносабат анча олдин вужудга келган бўлиб, нафақат Норвегия, балки бутун Европада узоқ йиллардан бери қочқинлик мақомини олиш илинжида яшаётган МДҲ давлатларидан келганлар нисбатан ҳам қўлланилаяпти.

Евгений Дьяконов Норвегияда “русофобия” авж олганлиги ва собиқ Совет давлатидан келаётганларни норвегияликлар “руслар” деб аташини билдирди.

Дьяконовнинг айтишича, сиёсий қочқинлик масалалари бўйича Норвегия Иммиграция директоратининг раҳбар муовини Тоне Логге Тветтер (Tone Loge Tvetter): “Норвегияда бошпана олаётган русларга одатда рад жавоби берилади!” дея баёнот берган”.

- Менинг қўлимда ҳозирда ҳукумат томонидан қочқинлик мақомини бериш ҳақида иккинчи маротаба рад жавоби олинган 69 та иш мавжуд. Уларнинг аҳволи жуда аянчли, чунки улар депортация хавфи остида яшаб келмоқда. Улар энди фақат Норвегия Олий судига шикоят қилиши мумкин. Лекин у ерга мурожаат қилишдан олдин 5 минг крон адвокатга ва 17 минг крон давлат божини тўлашлари зарур. Оддий қочқинлар қаердан олади бунақа пулни? Мен мурожаат қилмаган жойим қолмади! Норвегия ҳукумати Ўзбекистонда мавжуд ҳолатни, яъни ортга қайтарилаётган ўзбекистонликлар шубҳасиз қийноқларга дуч келиши, турли иддаолар билан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши ёки бутунлай йўқ қилиб юборилиши мумкинлигини тан олишни истамаётир, - дейди асли ўзбекистонлик Евгений Дьяконов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, жорий йил давомида 3 киши Шимолий Кореяга, 5 киши Эронга ва яна бир неча киши Туркманистонга депортация қилинган. Шунингдек, Норвегия Иммиграция хизмати 2011 йилнинг биринчи чораги давомида 400 га яқин ўзбекистонликни депортация қилиши мумкинлигини билдирган.

Евгений Дьяконовнинг иддаосига кўра, сўнгги йилларда умуман Европада, хусусан, Норвегияда Ўзбекистон махфий хизматлари ходимларининг фаоллашгани сезилмоқда. Шу сабабли Ўзбек-норвег маданий жамияти ва бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари Норвегия пойтахти Ослода расмий идоралар қаршисида қатор норозилик намойишларини ўтказишни режалаштирган. Шундай намойишлардан биринчиси 17 декабр куни ўтказилди.

Бу намойиш ташкилотчиларидан бири, Норвегияда сиёсий бошпана изловчи Алишер Обидов бу намойишлардан кўзланган мақсад ва Норвегия ҳукуматига қўйилаётган ўз талаблари ҳақида сўзлаб берди.

- Бизлар талаб қилаётганимиз - Норвегияда ўзбекларга гуманитар амнистия бериш. Ўзи ўзбеклар бу ерда жуда кам. Ҳисоблаб чиқса, 600 тача чиқади,балки ундан кўпроқдир... Лекин бу ерда гуманитар позитив, имкониятлар асосан Африкадан келганларга, афғон, чеченларга яратилмоқда. Ўзбеклар учун эса ёрдам йўқ. Ўзбеклар ҳар йили 3-4 таси [квота олишга] эришаяпти.

Озодлик: Қолганлар-чи?

- Қолганларга ҳукумат қараётгани йўқ. Депортацияси кўриб чиқиляпти. Мен ўзим биламан, Ослода 10 дан ортиқ ўзбекни биламан. Шуларнинг ҳаммаси қўлига депортация қоғозларини олган, - дейди ўзбекистонлик қочқин Алишер Обидов.

Унинг сўзларига кўра, Норвегиядаги ўзбеклар жамияти мамлакат парламенти, ҳукумати ва қатор жамоат ташкилотларига мурожаат қилган. Лекин, Алишернинг айтишича, ўзбекистонлик бошпана изловчилар ҳозирча Норвегия расмийларидан ҳозирча ҳеч қандай жавоб ололгани йўқ.

- Келаётган йили ҳам биз тўхтатмасдан иккита-учта митингга ҳаракат қилмоқчимиз. “Ўзбеклар ҳам халқ, ўзбеклар ҳам одам!” деган нарсани эшитиши керак, - дейди Алишер.

У бошқа ерлик қочқинлардан фарқли ўлароқ ўзбекларнинг барчаси меҳнаткаш эканини ва оғир меҳнатдан қўрқмаслигини гапиради.

- Африкадагилар бирортаси ҳам ишламайди. Ўзбеклар қора ишда бўлса ҳам ишлашаверади. Туркларнинг ресторанларида, новвойхоналарда, қурилишларда... Аёллар уйида сомса қилиб ҳам олиб чиқиб сотади. Ўзбеклар ойига минг, бир ярим минг доллар ишласа, норвеглар 3-4 баробар кўпроқ ойлик олади. Илгари яхши бўлган, ҳозир вазият ўзгариб қолди. Чунки улар қочқинларга кетаётган пулларни қайта ҳисоблаб чиқмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Агар бизни ҳозир эшитмаса, эртага кеч бўлади. Шунинг учун ўзимиз учун курашаяпмиз. Ўзбеклар бирлашсагина ўзимизнинг юртимизда бирор нарса ўзгариши мумкин, - деди Норвегияда қочқинлик мақомини сўраётган Алишер Обидов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG