Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Воронцов: HRWнинг ҳозирги мақоми Тошкент учун фойдали


Human Rights Watch ташкилоти ўз вакилининг Ўзбекистонда фаолият юрита олиши учун яна аккредитация ололмади. Расмий Тошкент уч йилдан бери HRW ташкилотининг ўз вакили учун аккредитация сўраб, қилган мурожаатларига учинчи марта рад жавобини қайтармоқда.


Ўзбекистон Адлия вазирлиги Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакилига аккредитация бериш сўровини яна рад қилди.

Ташкилот вакили Стив Свердлоу ва унинг рафиқаси Тандод Бхати Дхирсинхга берилган жавоб мактубида “HRW ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолиятида миллий қонунчилик талабларига риоя қилмаслик тажрибаси қайд этилгани” ва “С. Свердлоунинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва умуман, минтақа билан ишлашда тажрибаси йўқлиги” боис аккредитация бўйича сўров қондирилмагани айтилган.

Human Rights Watch ташкилоти 2007 йилда вакилига аккредитация берилмагани боис Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди.

Расман ёпилмаган ваколатхонада ишлаш учун Стив Свердлоудан аввал аккредитация сўраб, мурожаат қилган ташкилотнинг яна бир вакили Мира Ритман ҳам рад жавобини олган эди.

Ундан аввалроқ эса 2008 йилда HRWнинг собиқ вакили Игор Воронцовга ҳам рад жавоби берилган эди. Аммо, шунга қарамасдан Ўзбекистонда 5 ой давомида норасман бўлса-да, ташкилотнинг ваколатхонасида қолиш имконига эга бўлган, ҳозирда PeaceNexus жамғармасининг халқаро низолар бўйича таҳлилчиси Игор Воронцовни суҳбатга тортдик ва Ўзбекистон расмийларининг қароига муносабатини сўрадик.

Озодлик: Игор HRW вакилига яна аккредитация берилмаганига қандай муносабат билдирасиз ва умуман, сизнингча, бу ташкилот вакили Ўзбекистондан аккредитация олиши мумкинми келгусида?

- Бу Ўзбекистонда бир неча йилдан буён кузатиб келинаётган анаъананинг давомидир. Уларнинг сиёсати шундайки, улар HRW ваколатхонаси фаолиятини тақиқламайди. Аммо, ваколатхона раҳбарига аккредитация беришни рад қилишади. Улар бундан сиёсий мақсадларда фойдаланади. Яъни, гўёки, ташкилот ваколатхонаси Ўзбекистонда бор. Шунинг учун, мен ташкилот вакилига яна рад жавоби берилганидан ҳайратланганим йўқ.

Ўтган гал менга рад жавобини беришганда ярим расмий қилиб кейинги вакил рус миллатига мансуб бўлмасин, деган муждани беришган эди. Мана Ғарб давлати фуқаросига ҳам рад жавобини беришган экан, бу Ўзбекистон ҳукумати кўрсатаётган важларнинг қанчалик ножиддий эканини кўрсатмоқда.

Озодлик: Демак, сизнинг даврингизда Россия фуқароси бўлмасин, дейилган талаб бўлган. Стив Свердлоуга эса, Ўзбекистон ва минтақада ишлаш учун етарли тажрибага эга эмас, дейилган важ кўрсатилибди. Бундан ташқари, ваколатхонанинг миллий қонунчиликка риоя қилмагани ҳам айтилган. Бунга нима дейсиз?

- Менга берилган рад жавобида ҳам шундай сабаблар тилга олинган эди ва бу номига бериладиган расмий изоҳлар, холос. Мисол учун, менга ҳам Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларни тушуниш қобилиятига эга эмас ва ҳоказо шу каби сабаблар билан рад жавобини беришган эди. Яъни, бу ерда янгилик йўқ.

Ўзбекистон қонунчилигига риоя қилмаслик масаласига келсак, менинг HRWдаги тажрибам ва менгача келган маълумотларга кўра, мамлакат қонунчилигини бузувчиларнинг энг каттаси мамлакат ҳукуматининг ўзи бўлган, асло HRW эмас.

Озодлик: Игор, демак, аккредитация бўлмаганига қарамай, сиз Ўзбекистонда 5 ой қолган эдингиз. Ваколатхона ёпилмаган экан, сиз у ерда ишладингизми ё шунчаки, Ўзбекистонда бўлиб турдингиз, холосми?

- Мен Россия фуқароси бўлганим учун Ўзбекистонда қонуний равишда 5 ой бўлдим. Аккредитацияга ҳужжатларни топширдим ва жавобни кутдим. Аммо, бу давр мобайнида ташкилотимизга аҳолидан мурожаатлар ҳам бўлар эди. Улар билан сўзлашар эдик. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Аммо, ваколатхона раҳбари сифатида мен расман фаолият юритмаганман.

Озодлик: Игор, сизнингча, HRW ташкилоти Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбарига аккредитация берилишининг рад этилиши мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг кейинги аҳволига қандай таъсир кўрсатади?

- Гарчи ҳозирда HRW ташкилотида ишламаётган бўлсам-да, тахмин қиламанки, ташкилот ҳудди охирги йиллардаги каби Ўзбекистон ҳукумати томонидан пайдо қилинаётган бу каби муаммоли вазиятларга қарамай, мамлакатга оид фаолиятида давом этади.

Аммо, кейинги пайтларда менда шундай тасаввур борки, жаноб Каримов ҳукумати ҳозир жуда фойдали геополитик вазиятда турибди. Ҳозир бу ҳукуматга таъсир ўтказиш имконлари жуда оз. Шунинг учун, шу вақтга қадар мамлакатда диссидентлар, диндор маҳбусларга нисбатан олиб борилган ва афтидан, ҳануз олиб борилаётган шавфқатсиз сиёсат давом этишинигина тахмин қилишим мумкин.

Сўнгги йил ичида бу борада яхши томонга жиддий ўзгариш бўлганини кузатмадик ва бўлиши ҳам имконсиз, чунки демократия, ҳукумат устидан жамоатчилик назорати бўлмаган давлатда бундай ўзгаришларни кутиш қийин.
XS
SM
MD
LG