Линклар

logo-print

Пенсия ёши имтиёзлари олиб ташланди

  • Садриддин Ашур

Нефтни қайта ишлаш заводлари каби, зарарли иншоотларда ишлайдиган ўзбекистонликлар ҳам энди бошқалар қатори пенсияга чиқадиган бўлди.

Нефтни қайта ишлаш заводлари каби, зарарли иншоотларда ишлайдиган ўзбекистонликлар ҳам энди бошқалар қатори пенсияга чиқадиган бўлди.

Ўзбекистонда янги йилдан бошлаб ўқитувчилар, қишлоқ хўжалиги ишчилари, автобус ҳайдовчилари, шифокорлар, экологик хавфли ҳудудларда ишлайдиган шахслар пенсияга чиқиш ёши имтиёзидан маҳрум бўлади. Бу касб эгаларининг пенсияга чиқиш ёши беш йилга узайтирилди.


Ўзбекистон Олий Мажлиси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга ва Ўзбекистон Меҳнат Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ҳақидаги Қонунни 26 ноябр куни қабул қилган эди. Сенат ўзгартишларни 3 декабр куни маъқуллади ва президент қонунни 22 декабр куни имзолади.

Янги қонунга кўра, 2011 йилнинг биринчи январидан бошлаб айрим соҳаларда ишлайдиган шахслар пенсия ёшига оид берилган имтиёзлардан маҳрум бўлади.

Масалан, Қонуннинг аввалги таҳририда, қишлоқ хўжалигида ишлайдиганлар, жамоат транспорти ҳайдовчилари, авиациянинг техник ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар, тўқимачилик саноати ишчилари пенсия ёши имтиёзига эга эдилар. Бу соҳаларда ишлайдиган аёллар 50 ёшдан, эркаклар 55 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин эди. Энди пенсия ёшлари мутаносиб равишда 55-60 ёш қилиб белгиланди.

Бу қонуннинг аниқ механизми ҳали вилоятлардаги пенсия жамғармаларига етиб борганича йўқ ва шунинг учун ҳам бу ҳақда муфассал маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Фарғона шаҳар пенсия жамғармаси ходимидан буларни эшитдик:

- Қайси ҳолатда қанақа бўлиши ҳақида бизга ҳали рўйхат берилгани йўқ. Рўйхатлар келади. Учинчи рўйхат, иккинчи рўйхат, биринчи рўйхат дейилади. Пенсия қонунида 50 ëшдан, 55 ëшдан чиқадиган имтиëзли пенсиялар бор. Буларнинг рўйхатлари тасдиқланиб келгандан кейин биз сизга жавоб беришимиз мумкин.

Пенсия жамғармаси ходими Фарғонадаги Нефтни қайта ишлаш завод ишчиларига ҳам бу қонун тегишлими ёки йўқми, бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот беролмаслигини айтди. Чунки, бу завод ишчилари ҳам пенсия имтиёзига эга.

Заводнинг собиқ ишчиси Исмоилжон Маллабоевнинг айтишича, агар нуқул кимёвий моддалар билан ишловчи корхона ишчилари бу имтиёздан маҳрум қилинса, уларга жуда оғир бўлади:

- Бу албатта, мутлақо, менга қарангда, ҳозир биз “қизил империя, қизил империя” деб ëмонлайдиган СССР давлати ўлса ўлиги ортиқ эди, одамларга берган қулайликлари, имтиëзларининг. Қизил империя давридан қолган имтиëзли пенсияни ҳам йўқотган бўлса, халқ додини кимга айтади энди? Биласизми нефтдан тарқаладиган қанча зарарлар бор? У ерда ишлаб чиқариш ҳаддан ташқари зарарли. Нафас олишади нефтни қайта ишлаш жараëнида,- дейди Исмоилжон Маллабоев.

Янги қонунда имтиёзли пенсия ёши ҳуқуқини фақат бир тоифа ўқитувчилар сақлаб қолган. Булар махсус интернат мактаблар, ҳарбий академик лицейлар ва тарбиявий колониялар ўқитувчилари. Қолган ўқитувчилар эса, бу имтиёздан маҳрум этилади. Бу янгилик ўзбекистонлик ўқитувчилар учун келаётган янги йилнинг ҳайрли бўлмаслигидан дарак бўлди:

- Нотўғри фикр бўлса керак, деб ўзимча ўйлайман. 60 ëш кўплик қилади ўқитувчи учун. Айниқса, ҳозирги кунда. Ҳозир ўқитувчига берилаëтган нагрузка деган нарсаси бор, жуда ҳам кўп. Агар у нарсанинг ҳаммасини қиламан, дейдиган бўлса, 60дан кейин яшай олмаса ҳам керак,- дейди Самарқанднинг Иштихон туманида ўқитувчилик қиладиган Саъдулла ака.

- Менинг фикримча, 55 ëш жуда қулай давр эди пенсия учун. Ҳамманинг нияти шундайда ўзи. Ҳамма 55 ëшни интиқлик билан кутаëтган эди. Энди бу ëғига бир нарса дейиш қийин,- дейди яна бир ўқитувчи Азиз ака.

Қонунда имтиёзли пенсия ёшига эга бўлган милиция ходимлари ҳақида ҳеч гап йўқ. Ваҳоланки, милиция ходимларининг бир йиллик иши бир ярим йил ҳисобига ўтади. Милициядан пенсияга чиққан Ўткир ака бу ҳақда шундай дедйди:

- 1988 йилдан бу ëғи 2002 йилгача ишлаб мен пенсияга чиқдим. Бир йил бир ярим йилга льгота бўлганда. Мен 25 йилга яқин ишлаб чиққанман. Армия, льготалар билан ҳаммаси қўшилиб 33 йил бўлди меники. Бир хиллари 20 ëшдан киради милицияга. 25 йил ишлаб 45 ëшида чиқиб кетаверади. Союз пайтида шунақа қонунлар бор эдида. Буни бекор қилгани йўқ бизларга. Милициянинг иш соати белгиланмаган. Булар круглосуточно халқ тинчлигини, осойишталигини сақлаш учун ишлайдику. Вақти-соати йўқ. Докторлар қасамëд қабул қиладику, шунга ўхшаб булар ҳам қасамëд қабул қилади,- дейди собиқ милиция ходими.

Ўткир ака айтган қасамёдни шифокорлар ҳам қабул қилган, уларнинг ҳам иши кечаю-кундуз. Қашқадарёлик шифокор Даврон аканинг айтишича, дўхтирларнинг пенсия ёшлари ҳам илгари 55 ёшдан қилиб белигиланган эди. Бироқ икки-уч йилдан буён турли хил баҳоналар билан шифокорлар вақтида нафақага чиқарилмай келмоқда:

- Энди докторларнинг ишини ўзингиз яхши тушунасиз. Ҳеч қачон иш соати белгиланмайди. Масалан, олти соат ишладим, бўлди, деган гап йўқ. Қишлоқ шароитини олсангиз, кечаси иккида келадими, бирда келадими қандай мутахассис бўлишингиздан қатъий назар сизни чақирса бормасангиз бўлмайди. Докторларнинг 70 ëшга киргани жуда камда. 60, ундан ўтганлари бор. Жуда кўп ëш докторлар қазо қилиб кетди. Асосан стресс сабаб бўляпти. Докторларникини иложи бўлса қолдириш керак эди. Жуда тез чарчаб қолаяпти докторларимиз. 55 ёшдан пенсияга чиқиш шу пайтгача қоунуний бўлган бўлса ҳам, бироқ сунъий тарзда бунга имкон беришмаяпти. Бир таниш духтуримиз уч йилдан буён югуряпти, пенсияга чиқиш учун, бироқ чиқаришмаяпти,- дейди Даврон ака.

Шикфокорнинг бу гапини яъни 55 ёшдан бошлаб пенсияга чиқармаслик ҳақида оғзаки буйруқ борлиги ҳақидаги гапини, пенсия жамғармаси бошлиғи бўлиб ишлаган, ўз исмини ошкор этмаган мулозим ҳам тасдиқлади:

- Ўзи икки йил олдин йўқ қилиб қўйган эди. Қонуний бўлмаса ҳам оғзаки буйруқ бериб, йўқ қилиб қўйишган эди,- дейди туман пенсия жамғармаси собиқ бошлиғи.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги коллежда ўқитувчилик қилаётган Ибод Ҳакимов балки бу тўғри чиққан қарордир, деган фикрда. Унга кўра, ўзбек жамиятида ўқитувчи қадри шунчалик пасайдики, ўқитувчи ўз ишига масъулиятли бўлмай қолди:

- Ҳозир милицияларни олиб кўрсангиз, мана бу ташкилотлар борку, зўравонлар, мана буларни 11 йил қилиб қўйган. Улар яна ойликнинг ҳам энг каттасини олади. Балки иш қилаëтгандир. Қанақадир назоратчи ҳушëрлик қилаëтгандир. Лекин бизнинг қилаëтган ишда сиз айтган нагрузка, 10-15 йилдан кейин пенсияга чиқиш деган гап йўқ. Биз тўхтаб турган нимамиз. Бизга гўëки қуруққа ойлик берилаяпти.

Масалан битта муаллимнинг бир паралик иш фаолиятини олсангиз, шундай киради, иккита қоидани ëздиради, шуни ўрганинглар деб чиқиб сигарет, носини чекаверади. Балки бир томондан тўғридир. Қилаëтган ишимиз йўқ. Чиқараëтган маҳсулотимиз брак. У томондан қилгани тўғри, балки билиб тургандир, таълим системасининг издан чиқиб бўлганлигини,- дейди куюниб Ибод Ҳакимов.

Ўқитувчига кўра, бу қонунни парламентда ўтирган депутатлар маъқуллаган ва улардан халқнинг зарарига ишловчи бундан баттар қонунлар қабул қилинишини ҳам кутиш мумкин. Чунки:

- Буларни халқ сайламаган. Ҳеч ким сайланган эмас. Ҳатто президентнинг ўзи ҳам сайланган эмас. Сайланмаганлиги бизда сайлов бўлган эмасда. Келиб чиқишимизни олсак ўрислардан ажраганимиздан кейин, ажралмасдан бурун референдум бўлган союзни тарқатмаслик тўғрисида. Шунда ҳаммамиз қўл кўтариб овоз берганмиз. Кейин анча муддат ўтмай туриб яна референдум мустақил қилиш тўғрисида. Яна ҳаммамиз тепадаги худомиз қайси томонга бурса, шу томонга кетганмиз.

Менимча, биз қарғиш олган халқ бўлсак керак. Бизда сайлов йўқ. Сайлаш ҳуқуқимиз йўқ бизда. Қанақа одам бўлса ҳам давлат тепасида турган одам Худо бўлар экан. Ҳеч қандай сайлангани йўқ. Сенатор, депутатларнинг ҳаммаси қўғирчоқлар. Менинг фикрим шу,- дейди ўқитувчи Ибод Ҳакимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG