Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Ўзбек ҳукумати Шрек ва Спайдермэнга қарши чиқди


Америкалик мультипликаторлар ижоди махсули - ўрмон махлуқи Шрекни "маънавиятнинг енгилмас кучи" енга олармикин?
Америкалик мультипликаторлар ижоди махсули - ўрмон махлуқи Шрекни "маънавиятнинг енгилмас кучи" енга олармикин?

Ўзбекистонда ўзбекча қўғирчоқлар ва ўзбекча мултфилмлар яратилиб, хориждан "оммавий маданият" ғилофида келаëтган жангари ва енгилтакликни тараннум қилувчи қўғирчоқ ва мултфилмларга тўғон қўйилиши керак.


Бу гап декабр охирида Ўзбекистон Олий Мажлисида бўлиб ўтган илмий амалий анжуман қатнашчилари тарафидан маъқулланди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири, Олий Мажлиснинг илм-фан ва маориф қўмитаси раиси, Ўзбеккино, Ўзбекистон енгил саноати раҳбарлари иштирок қилган бу анжуман иштирокчилари олдига миллий руҳдаги мултфилм ва ўйинчоқлар яратиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон енгил саноат вазирлиги ва Ўзбеккино ташкилоти Хитойнинг ўйинчоқ саноати ва Дисней мултфилм корчалонлари билан рақобатга киришиб, муқобил ўйинчоқ ҳамда мултфилмларни яратмоғи керак.

Бу ўйинчоқлар шаклан миллий, руҳан эзгу, жисман эса болалар соғлиғига зарар етказмайдиган бўлмоғи керак.

Ҳар ҳолда Ўзбекистон президентига нисбат берилган "Юқори маънавият енгилмас куч" китобида ана шундай талаб алоҳида ифода топган.

Бу вазифани қанчалик уддалаш мумкин? Глобал ширкатлар хуружидан ўзбек болалари шуурини ҳимоя қила оламизми?

Хитойдаги ярим-яширин корхоналарда ишлаб чиқарилаëтган контрафакт ўйинчоқларнинг кимëвий заҳаридан ўзбек болаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳимоя қила оладими?

Биз бу саволларни “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот” раҳбари Борис Алтшулерга берганимизда, жавоб мана бундай бўлди.

- Давлат болаларни паст савиядаги, фақат тижоратни кўзлаган ўйинчоқлардан ҳимоя қилмоғи лозим. Улкан сармоя корчалонларига жамоатчилик, зиëлилар, маданият аҳли қарши тура олмайди. Улар ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи қудратли корхоналар қаршисида ўта заифдир. Шу боис давлат бу ишни қилиши лозим.

Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббусига эса икки хил муносабат билдираман, деб давом этади Борис Алтшулер.

- Хитойдан келтирилган заҳарли ўйинчоқлардан ўзбек болалари мутлақ ҳимоя қилиниши керак. Ўтган йили АҚШда Хитой ўйинчоқлари таркибидан заҳар топилганида кўтарилган жанжалдан кейин бу ўйинчоқ ширкати раҳбари ўзини осди. Ўшанда АҚШда миллионлаб ўйинчоқлар йўқ қилинган эди. Заҳарли ўйинчоқлар борасида анча радикал чеклашларни турли давлатлар олиб бормоқда. Бу борада агар Ўзбекистон ҳукумати ҳам чеклов жорий қилса, бу фақат яхши.

Энди мултфилмлар борасида сал бошқача фикр бор. Болалар шуурини агрессив ҳамда примитив савиядаги кўнгилочар воситалардан ҳимоя қилар эканмиз, ўзгача йўл тутмоқ керак. Биз болани зўрлаб “буни кўрма”, дея олмаймиз. Болага бошқа муқобил нарсани таклиф қилайлик. Бу борада Франция намунаси бор. Франция ўз маданиятини Ҳолливуд ëки бошқа шоу бозор маҳсулотларидан ҳимоя қилади. Айни пайтда тақиқ йўқ. Ўзбекистон ҳам бу борада Франциядан ўрнак олса арзийди. Энг муҳими ўзимизникини яхши қилиб, болаларга тақдим қила олиш. Ўшанда бу муаммо барҳам топади.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати Шрек ўрнига Олмос ботирни, Спайдермэн ўрнига Алпомишни, яъни маҳаллий ботирларни тақдим қилмоқда. Кўпчилик ҳолда бу қаҳрамонлар кам пул сарфлангани боис ўта ғариб кўринмоқда. Бунга нима дейсиз?

- Тақдим қилаверсин. Нимадандир бошлаш керакку ахир. Масалан, Чебурашка бемалол Бетмэнга муқобил бўла олади. Болаларнинг мурғак онгини реклама воситасида авраб, уларга фақат бир хил овунчоқ тиқиштириш зарарли ва бу муаммо ечими миллий давлатлар зиммасида, дейди “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот” раҳбари Борис Алтшулер.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада тақиқлаш йўлини маъқул кўрди. Ўзбеккино идораси тақиқлаган 700 филм орасида Шрек мултфилми ҳам бор. Тақиқланган дарахт меваси эса, доимо ширин.

Айни пайтда ўзбек болаларига муқобил маҳсулотни тақдим қилиш қийин бўлмоқда. Ҳозирда болаларни ўзига мафтун қиладиган эртаклар ëзилмаяпти, дейди Бухоро қўғирчоқ театри созандаси Неъмат ака.

- Ўзбек эртакларига мос бўлаëтган нарса жуда кам бўлаяпти.

Озодлик: Шунинг учун Ўзбекистоннинг ўзида қўғирчоқ ишлаб чиқарилса деган таклифлар бўлаяпти. Сизнинг фикрингиз қандай?

- Менинг фикрим, бу жуда яхши бўларди. Болаларни ўзимизнинг руҳда тарбияласак, жуда ҳам яхши бўларди. Ўзимнинг болаларимдан хулоса қиламанки, ҳатто Хитой мултфилмлари жуда ҳам ëқмайди. Лекин Спайдермэн, бошқалари ëқади. Лекин буни саҳналаштириш жуда қийин. Бўлмайди ҳам. Тортмайди бачалар.

Озодлик: Бизларнинг Спайдермэн, Супермэн, Барби қўғирчоқларига қарши алтернатив нарса қўйишга қудратимиз етадими?

- Етади, лекин эртак йўналиши жуда тор. Фотима ва Зуҳра, Зумрад ва Қиммат. Шу билан тўхталиб қолаяпти. Янги ижодлар бўлмаяпти. Шахсан мен кўрмаяпманда, дейди Неъмат ака.

Неъмат акага кўра, айни пайтда қўғирчоқ театри жамоаси қаҳрамонларни ўзбекчалаштириш билан банд.

- Ўзимиздан чиқиб шу нарсани тақиқлаяпмиз бизлар Бухорода. Рус персонажларини олиб ташлаб, ўзимизнинг ўзбекона нарсаларни ўзимиз қўйиб чиқаяпмиз. Лекин нашр қилиб чиқарилган эртаклар жуда ҳам кам. Ҳозир саҳналаштирилган “Соҳибжамол ва махлуқ”ни қўяяпмиз ўзимизнинг ўзбекона қилиб. Битта-иккита фразалари қолган. Номи шундай қолган, озгина нимаси ўзгартирилган. 100 фоиз ўзини кўчириб олмаганмиз. Ўзимизча тахлаганмиз. Болаларга қандай фикрлашни кўрсатиб берадида, дейди Бухоро қўғирчоқ театри созандаси Неъмат ака.

DVD ва CD дисклар урф бўлган ҳозирги даврда қўғирчоқ театридан кўра мултфилмлар ëш болалар идрокига кўпроқ таъсир қилмоқда. Шу ўринда Ўзбеккино идораси ўзбек болалари учун мултфилмлар ишлаб чиқармоқдами? Яқин ўтмишда фақат битта ўзбекча мултфилм бўлгич эди, у ҳам бўлса Зумрад ва Қиммат. Ҳозирчи? Бу саволга Ўзбеккино мултфилмлар бўлими раҳбари Дилафрўз Мардонова жавоб берди.

- 2010 йилда асосан мумтоз адабиëтимиз намуналари, кейин бадиий адабиëтимиздан олиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасидан топшириқ келган. Шунинг учун Фарҳод ва Ширин, Шер билан дуррож ва бошқалари олинган.

Озодлик: Чет элдан келаëтган мултфилмга қарши тура оладиган қувватли мултфилмларимиз борми?

- Энди шунга ҳаракат бошланган. Ўзимизнинг миллий қаҳрамонлар Спитамен, Широқларни яратиш устида иш олиб борилаяпти. Мана 2010 йилда Спитамен яратилди. 2011 йил режасига Широқ киритилди. Бу миллий қаҳрамонларимизку. “Оқ бўталоқ” номли 30 минутлик анимацион мултфилмимиз яратилди. “Семурғ бахт қуши” дегани бор.

Озодлик: Масалан, акангизнинг ëки укангизнинг болалари олдида ўзбекча мултфилм ва Спайдермэнни қўйсангиз, қайси бирини кўради?

- Менимча, ҳозирги мултфилмларимизни ҳам кўпроқ кўришаяпти. Энди унга қизиқтира билиш керакда. Мен шахсан ўзим Ўзбеккинода ишлаганим учун шу мултфилмларни олиб бориб бераман. Жияним кўради. Бирга ўтириб кўрамиз, мазза қилиб кўради уч ярим яшар бола. У мана бу қаҳрамонларга қизиқмайди. Унга уларнинг шакллари нотаниш. Булар таниш бўлгани учунми қайта-қайта кўради. Кўп болаларда кузатмаймиз буни. Чунки бизнинг экранларга сиз айтган чет эл қаҳрамонлари чиқиб қолганда. Зумрад ва Қиммат ва бошқалари оз бўлгани учун кўп вақтни ололмайди. Мана булар эса кўп қисмли мултфилмлар. Улар бир соат ўша мултфилм билан яшайдида. Ўшаларга тақлид сезилади. Яна бир камчилигимиз тўлиқ метражли мултфилмларимиз камлигида.

Озодлик: Мултфилмлар давлат ҳисобига қилинаяптими?

- Асосан 70-80 фоизи давлат буюртмаси билан Ўзбекфилм киностудиясида яратилади. Қолганлари хусусий студиялар билан ҳамкорликда. Ҳозир хусусий студиялар ҳам кўпроқ анимацияга ҳаракат қилишаяпти, дейди Ўзбеккино вакили Дилафрўз Мардонова.

Олий мажлисда ўтган илмий амалий анжуман доирасида ўзбек миллий қўғирчоқларининг кўргазмаси ҳам ўтказилди.

Қўшма қош, гажак зулфли қўғирчоқларни чет эллик сайëҳлар Ўзбекистондан ëдгорлик дея сотиб олишаëтган бир пайтда, ўзбек болалари Барби ва Спайдермэнларнинг Хитойда ишланган нусхалари билан овунмоқда. Бу болалар қўлидан бу ўйинчоқларни тортиб оладиган “Маънавиятнинг енгилмас кучи” йўқдек туюлмоқда.
XS
SM
MD
LG