Линклар

logo-print

Тошкентда яна 12 "жиҳодчи" қамалди

  • Абдулла Искандар

Тошкентда ўтган маҳкамада диний эътиқоди учун қамалганлар сони 13 кишига ошди.

Тошкентда ўтган маҳкамада диний эътиқоди учун қамалганлар сони 13 кишига ошди.

Ўзбекистонда яна 12 киши "жиҳодчи"ликда айбланиб қамалди. Тошкент суди "Жиҳодчилар" гуруҳбошиси, дея топган тошкентлик Шаҳобиддин Шомирзаевни 13 йилга озодликдан махрум қилди. 42 яшар Шомирзаев 2001 йилда диний айблов билан ҳукм қилингани аммо авф қилингани тергов ҳужжатларида айтилади.


Тошкент маҳкамасидаги манбага кўра, "Жиҳодчилар" гуруҳига аъзоликда айбланган судланувчиларнинг қолганларига уч йилдан етти йилгача қамоқ жазолари белгиланган.

Жорий йилда "Жиҳодчилар" гуруҳига аъзолик айби билан қамалганлар сони юздан ошди, дейди бу жараëнни кузатиб келаëтган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

- Менинг билишимча, 150дан кўпроғи қамалди. Ҳозир тахминан деяпмиз. Бир йилнинг ичида 400га яқин одам қамалган бўлса, шулардан 150 нафари "жиҳодчилар" оқимига алоқадорликда айбланиб қамалган, дейди Суръат Икромов.

Унга кўра, айбланувчилар қаттиқ қийноқлар оқибатида "иқрорнома"га қўл қўйишган.

- Менга маълум бўлишича, судларда терговчиларнинг қўйган айблари ўз исботини топмаган. Бу аниқ. Ҳамма судланувчилар бунга қарши бўлган ва ўзининг айбини тан олмаган. Лекин ҳеч қанақа исбот-далиллар ҳам бўлмаган. Буларга ҳам бошқа оқим аъзоларига ўхшаб кўп қийноқлар ишлатилган тергов пайтида. Бўйнига қўйиш мақсадида, тергов материалларига қўл қўйишни талаб қилиб, қийноққа солинган улар, дейди Суръат Икромов.

"Жиҳодчи", дея 13 йил озодликдан маҳрум қилинган Шомирзаевнинг қамалишида Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг ҳам қўли борлиги айтилмоқда.

Россиядаги Интерфакс агентлигининг Ўзбекистон Олий судидаги манбага таяниб, ёзишича, Шомирзаев 2001 йили Ўзбекистон қамоғидан озод бўлгач, Россияга борган ва Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати диққатига тушган.

Рус чекистлари иддаосига кўра, Шомирзаев Россияда "Жиҳодчилар" диний гуруҳига аъзо бўлган. Кейинчалик бу гуруҳга унинг укаси ва яна 9 нафар яқинларининг ҳам қўшилгани айтилади.

Интерфакс агентлигига хабар сиздирган Ўзбекистон Олий суди мулозимига кўра, Шомирзаев гуруҳини қамоққа олиш учун Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати жўнатган материаллар асос бўлган.

Шомирзаевнинг Ўзбекистон ва Россияда диний китоблар, аудио ва видео дисклар тарқатгани унга тиркалган асосий айбловдир.

2009 йилда Андижон ва Хонободдаги портлашлар "Жиҳодчилар" зиммасига "юклатилган" эди. Таниқли имом Анвар қорини пичоқлаганлар ҳам ўзларини "Жиҳодчилар", дея Ўзбекистон телевидениесида "кўрсатма" беришган эди.

Ўзбекистонлик олим, дин тарихи бўйича мутахассис Сайфиддин Рафиддиновга кўра, "жиҳодчилар", деган оқимнинг ўзи йўқ. Улар ўзларича ўзларига шундай от қўйиб олишган, дейди Сайфиддин Рафиддинов.

- Шунақа оқимлар устидан яқинда суд бўлди. Улар томонидан содир этилган нарсалар ҳақида айтилди. Уларнинг қилган ишлари, қилган жиноятлари ҳақида анча-мунча гаплар бўлди. Айтишларича, Анвар қорини жароҳатлаганлар ҳам, яна бошқа кишиларнинг ҳам жонига қасд қилганлар ҳам ўша жиҳодчилар бўлган экан. Улар билан суҳбатлашганда, уларнинг саводсиз эканлиги, уларга кимлардир буюртма қилгани ва ҳоказолар ҳақида гап бўлди. Ҳар ҳолда жиҳод деган нарса ислом динида бор, лекин унинг ўзининг шарт-шароитлари бўлади, бошқаси бўлади. Ҳозирги жиҳодчилар деган гуруҳни менимча саводсиз, кимларгадир пулга сотилган гуруҳларга ўхшайдида булар.

Озодлик: Эътиқод масаласида оқимлар бўладику. Мана сиз олим одамсиз. Булар энди ўзига ўзи ном қўйиб олган одамларми?

- Ўзига ном қўйиб олган илмсиз, жоҳил кишилар булар. Илмсиз, жоҳил кишилар, деб ўйлайман.

Озодлик: Ислом тарихида Навоийдан тортиб бу ëғига қанча оқимлар борку, сулуклар бор.

- Булар энди менимча ўзига ўзи ном қўйиб олган, ўзи қиладиган ишининг моҳиятини билмайдиган, ҳақиқатан суд бўлганда бу болалар билан суҳбатлар бўлган. Уларнинг жавоби энди мутлақо саводсиз кишиларда энди. Буларнинг онги, саводи, ҳеч нарсаси йўқ. Кимнингдир ноғорасига ўйнаган, ўзига жиҳодчи деб ном олган калтабин, калтафаҳм одамларга ўхшайди. Бошқа нарса эмас. Булардан жамият фақат зарар кўради, дейди
Сайфиддин Рафиддинов.

Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти чоп қилган рўйхатга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиëд эътиқод маҳбуслари бор. Бу рўйхатга куни кеча "жиҳодчи" дея қамоққа ташланган яна 12 киши қўшилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG