Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:01

Ходорковский устидан суд ҳукмини ўқиш давом этмоқда


Ходорковский ва Лебедвнинг айбдор, деб топилгани халқаро ҳамжамият томонидан қораланмоқда.
Ходорковский ва Лебедвнинг айбдор, деб топилгани халқаро ҳамжамият томонидан қораланмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб давлатларини Михаил Ходорковский ишини кўраётган Москва судига босим ўтказаётганликда айблади. Вазирлик тарқатган баёнотда ғарб давлатларининг бу борада Россия ҳукумати номига қилган танқидлари “қабул қилиб бўлмас ҳол”, дея қораланди.


Москва судида эса, россиялик олигарх Михаил Ходорковский ва унинг ҳамкасби Платон Лебедев устидан суд ҳукми иккинчи кундан бери ўқилмоқда.

Бир неча ой давом этган судловдан кейин 27 декабр куни Москва суди, ва ниҳоят, ҳукмни эълон қилишни бошлади.

Судя Виктор Данилкин икки судланувчи 218 миллион тонна нефтни ўзлаштиришда айбдор, деб топилганини қисқача маълум қилди ва сўнгра жами 250 саҳифалик ҳукмни ўқишга киришди.

Суд ҳукми мана икки кундирки ўқилмоқда ва уни ўқиб битказиш учун судяга яна бир неча кун керак бўлиши айтилмоқда.

Москвадаги журналистимиздан олинган маълумотга кўра, қаттиқ қўриқланаётган суд залига оммавий ахборот воситалари ходимлари деярли қўйилмаяпти. Аммо, бир амаллаб киришга муваффақ бўлган мухбирлар 250 саҳифалик матнни ўқиш учун катта куч кераклигини тажрибасидан яхши англаган судя ҳукмни жуда паст овозда ва ҳаттоки, бефарқ бир руҳда ўқиётганини айтмоқда.

Суд ҳукми ва умуман, маҳкамани инкор қилган судланувчиларнинг ўзлари эса, ўқ ўтмас ойна ортидаги қора курсида жараённи намойишкорона тарзда эътиборсиз қолдираётгани айтилмоқда.

Кеча суд ҳукмини ўқиш бошланиши биланоқ бино ташқарисида турган судланувчиларнинг тарафдорлари буни Россия суд тизими учун шармандалик, дея норозилик билдирган эди.

Солиқдан бўйин товлагани учун ҳозир 8 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган судланувчилар эндиги айблов ортидан 2017 йилгача қамоқда қолиши мумкин.

Ходорковскийнинг адвокати Вадим Клювгант суд ҳукмини асоссиз, деб баҳолади.

- Бизнинг кеча эшитганимиз номигагина суд ҳукми. Аслида суд ҳукми бу адолат актидир. У қонунда белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Аммо, бу қарор талабларга жавоб бермайди. Суд ҳайъати жиноят, деб топгани жиноят эмас. Бунда жиноятнинг қонунда белгиланган аломатлари йўқ, дейди адвокат.

Ғарб ҳукуматлари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Москва судининг Ходорковский ва Лебедевлар устидан қарорини қоралаб, Москва Кремлга мухолиф бўлган шахсни панжара ортига ташлаш билан ўз нуфузини тушираётганини айтмоқдалар.

Бундай фикрни суд мажлиси бошланишидан бироз олдин Россия Бош вазири Владимир Путин ва президенти Димитрий Медведевлар қилган чиқишлар янада кучайтирди.

Владимир Путин, жумладан, таниқли рус хонандаси Висоцкий ижодидаги қаҳрамондан иқтибос келтирган эди.

- Мен Висоцкийнинг қаҳрамонларидан бири айтганидек, ўғри қамоқда ўтириши шарт, деб ҳисоблайман, деган эди Путин.

Ходорковскийнинг тарафдорлари эса бу сўзларни 2002 йилда Кремлда Путин билан юзма-юз суҳбатлашган бинесменнинг бошига тушган кўргуликлар айнан Владимир Путин номи билан боғланаётганига яна бир далил ўлароқ келтирмоқдалар.

Ҳозирда АҚШ ва Германия бошчилигида дунё жамоатчилиги Юкос нефт ширкати собиқ раҳбарлари Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев устидан Москва суди чиқарган ҳукмини кескин танқид қилмоқда.

Оқ Уй эълон қилган баёнотда суд қарори мамлакатда қонун устиворлигини мустаҳкамлаш ҳақидаги Россия ҳукумати ваъдасига зид экани ва Москванинг Қўшма Штатлар билан алоқаларни ривожлантириш урунишига путур етказиши мумкинлиги билдирилган.

Бироқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарб давлатларини Михаил Ходорковский ишини кўраётган Москва судига босим ўтказаётганликда айблади.

Вазирлик тарқатган баёнотда ғарб давлатларининг бу борада Россия ҳукумати номига қилган танқидлари “қабул қилиб бўлмас”, деб қораланди.
XS
SM
MD
LG