Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:15

"Норовнинг ишдан олиниши ташқи сиёсатга боғлиқ эмас"


Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқаларини тиклашда муҳим рол ўйнаган Владимир Норов ҳам назардан қолди.
Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқаларини тиклашда муҳим рол ўйнаган Владимир Норов ҳам назардан қолди.

Ўзбекистон президенти 28 декабр куни Элёр Ғаниевни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинлади. Кузатувчилар учун илгари ташқи ишлар вазирлигидан туширилган Ғаниевнинг бу вазифага қайта тайинланиши ва Владимир Норовнинг ишдан олиниши кутилмаган ҳол бўлди.


Элёр Ғаниевнинг Ташқи ишлар вазири лавозимига иккинчи бор тайинланиши, сиёсатшунослар ва кузатувчилар учун кутилмаган ҳол бўлди, чунки у 2005- 2006 йилларда шу лавозимда ишлаган пайтда, президентнинг ишончини оқлай олмаган ва бу вазифадан туширилган эди, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

- Элëр Ғаниев ҳақиқатан 2005 йил февралда вазир қилиб тайинланган эди. Бу Андижон воқеаларидан уч ой олдин. 2006 йилнинг ўрталарида ишдан олинган. Биз биламизки, ҳақиқатан ўша даврда, Ўзбекистон учун анча мураккаб бўлган бир даврда ҳукуматнинг, шахсан Каримовнинг ишончини оқламаган деган фикр жуда ҳам кенг тарқалган. Чунки бир қанча чиқишлар орқали Ўзбекистоннинг, Каримовнинг позициясини ҳимоя қила олмаган эди ўша мураккаб даврда. Қайтадан вазир қилиб тайинланиши бу жуда қизиқ ҳолат.

Мен буни Ўзбекистоннинг ташқи сиëсати ва ташқи сиëсий векторлари билан боғлиқ деб ўйламайман. Менинг назаримда бу ички сиëсат, шахслар ўртасидаги муносабат ëки гуруҳлар, қудратли бир қанча давлат органлари бор. ИИВ, МХХ, ундан ташқари президент девонида маслаҳатчилар, бир қанча қудратли шахслар бор. Ички бир конфигурация билан боғлиқдир деб ўйлаб турибман, дейди Камолиддин Раббимов.

Ғаниевнинг иккинчи бор бу вазифага қўйилгани қанчалик кутилмаган ҳол бўлса, Ташқи ишлар вазири сифатида фаол ишлаб келаётган Владимир Норовнинг ҳам бир поғона паст даражага туширилиши тушуниб бўлмайдиган ҳолат бўлди, дейди сиёсатшунос:

- Мен ҳам Владимир Норов қилган жиддий хатоларни кўрмаяпман. Агар Каримовнинг назарида жиддий хатолари бўлганида, биринчи ўринбосар бўлиб Ташқи ишлар вазирлигида қолиш эҳтимоли кам эди. Ундан ташқари Владимир Норовнинг чиқишларини кузатадиган бўлсак, анча профессионал дипломат, деб айтиш мумкин.

Биласизми, ҳақиқатан Владимир Норов жуда ҳам фаол бўлган кўрсаткичи орқали ўзбек дипломатияси ўзига анчагина қиëфа касб этган эди. Чунки Владимир Норов ишлаган йиллари Ўзбекистон учун оғир бир даврга тўғри келди. Мана Владимир Норов даврида Ўзбекистонга, Ўзбекистон амалдорларига жорий қилинган санкциялар олиб ташланди. Владимир Норов бир вақтлар Брюсселда элчи бўлиб ўтирган. Германия билан, Ғарбий Европанинг бир қанча давлатлари билан муносабатлари яхши бўлганлиги учун бунда унинг ҳиссаси бор, деб айтиш мумкин.

Сиёсатшунос фикрича, Ислом Каримовнинг нафақат ташқи сиёсат, балки ички сиёсатда ҳам тутадиган кутилмаган ўйинларининг аниқ мақсадини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

- Бу худди шундай бўлиши мумкин. Балки бу ички сиëсий жараëнлар билан боғлиқдир. Яъни бирор-бир шахслар гуруҳини мустаҳкамлаш орқали бошқа бир шахслар гуруҳларини заифлаштириш. Мана Элëр Ғаниев тўғрисида анча кенг фикр тарқалган. “Бу одам МХХдан чиққан, МХХнинг позициясини, унинг линиясини ëки хавфсизлик хизмати доирасидаги шахсларнинг гуруҳидаги одам”, деган гаплар юради. Балки шундайдир. Шунинг учун мен ўйлайманки, бу кўпроқ ички сиëсат билан боғлиқ.

Ҳаққиатан, Элëр Ғаниев қайтадан вазир бўлиши билан унинг малакалари олдингига нисбатан ўзгариб қолмаса керак. Ўша даврда ўзини анчагина суст кўрсатган эди. Шундай бўлса-да, Каримовнинг ўша одамни вазир қилиб қўйиши қизиқ. Бу бир томондан кадрлар дефицитини кўрсатади, иккинчидан Каримов катта амалдорларни тайинлашда унга бўлган садоқат асосий критерий эканлигини яна қайтадан кўрсатаяпти. Чунки малака нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, мана шу кадрлар ўзгариши жуда қизиқ кўринади,- дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Бироқ ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов кадрлар сиёсатидаги бу ўзгаришлардан катта маъно ахтармаслик керак, дейди.

- Ҳозирги фармоннинг матнига қараганда ташқи ишлар вазири бир пайтнинг ўзида бош вазир ўринбосари сифатида ҳам ишлар экан. Бу дегани Ўзбекистон ташқи ишларига кўпроқ эътибор қаратади. Яъни ташқи ишлар вазири тўғридан тўғри бош вазир ўринбосари даражасига кўтарилади, деган маънони билдиради. Менимча, бу 2011-2012 йилларда, кейинги йилларда умуман Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш ниҳоятда кучаяди. Айниқса, биз ҳозир Ўзбекистон ҳукуматининг Россия, МДҲ мамлакатларига нисбатан яқинлашаëтганини кўраяпмиз.

Ана шу нуқтаи назардан, бу одам олиб келинган бўлиши мумкин. Чунки Осиë мамлакатлари билан ҳамкорликка бу одам анча қулай шахс. Аммо Владимир Норов демократик Ғарб билан муносабатларда яхши кадр эди. Демак, биз ҳозир тахмин қилишимиз мумкинки, бундан кейинги йиллардаги муносабатлар Европа билан, АҚШ билан бироз эҳтиëткорроқ бўлади. Муносабатларни Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида Норов ҳам олиб боради, лекин кўпроқ приоритет Осиë мамлакатларига, Хитойга, Россияга берилади,- дейди ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ҳукуматга яқин манбанинг Озодликка айтишича, Ислом Каримов ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, кадрларни алмаштирмайди. Ислом Каримов шу йил АҚШга қилган сафарида, БМТдаги нутқидан ташқари яна АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашмоқчи эди. Бироқ Владимир Норов бу учрашувни ташкил қилиб бера олмади ва шундан сўнг Ислом Каримовнинг Норовдан ҳафсаласи пир бўлди, дейди Озодлик манбаси.

Элёр Ғаниевнинг аввалги вазифаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири лавозимига шу пайтгача иқтисодиёт вазири ўринбосари бўлиб ишлаган ва норасмий маълумотларга кўра, ҳукумат тепасида бўлган кўплаб "бўҳрон"лардан омон чиқиб келаётган Галина Каримовна Саидова эгаллаган.

Озодликнинг Ўзбекистон иқтисод вазирлигидаги манбасига кўра, Галина Саидова иқтисод вазири Рустам Азимов “команда”сининг содиқ аъзоларидан бири:

- Галина Саидова Рустам Азимов командасида ишлаб юрган пайт, 2005-2006 йилларда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди. Унга тўрт милдлиард сўмга яқин бюджет пулини талон-тарож қилганлик айби қўйилган эди. Опа ўша йиллари анча тергов бериб юрди, ундан ҳатто Тошкентдан чиқмаслик ҳақида тилхат ҳам олинган эди. Бироқ бу ишлар секин-секин бости-бости қилиб юборилди, дейди исми ошкор этилмаслигини сўраган манба.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин фикрича, Галина Саидова мамлакат иқтисодиётининг ҳамма секторида ишлаб кўрган ва мамлакатга инвестиция жалб қилишда у янги лойиҳалар ишлаб чиқиши мумкин:

- Галина Саидова юқори даражали мутахассис, чунки у ижодий ўйлайдиган иқтисодчи. У мамлакатга инвестиция жалб қилиш учун янги бир стратегияларни ўйлаб чиқиш қудратига эга. Элёр Ғаниев эса бундай эмас эди, у фақат унга чизиб берилган чизиқда иш қиларди, холос, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин.
XS
SM
MD
LG