Линклар

Қирғизистон парламентида бундан буён ҳар жума куни диндор депутатларга қулайлик яратиш мақсадида Жума намозини ўқиб келиш учун парламентда 3 соатлик танаффус эълон қилиниши ҳақида махсус қарор қабул қилинди.

Қирғизистон парламенти раиси Ахмадбек Келдибековнинг айтишича, ҳукумат идоралари диндорларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва уларга диний амалларни бажаришлари учун барча шартларни яратиб бериши зарур. Шунинг учун ҳам қирғиз парламенти жума куни диндор депутатларнинг жума намозига бориб келиш учун шароит яратиб бериш талабини инобатга олган.

- Намозга, жумладан, Жума намозига бориш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир. Шунинг учун намозга боргиси келганларга шароит яратиб беришга мажбурмиз. Ҳар бир фуқарога дин амалларини ижро этиши учун ҳукумат шароит яратиб бериши зарур. Биз диндорларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз керак, - деди Ахматбек Келдибеков.

Парламент раисига кўра, айни пайтда парламент биносида намозхона учун диндор депутатларга маъқул бўладиган алоҳида хона ҳам изланмоқда.

Қирғиз парламентининг 28 декабрдаги йиғилишида Жума намозига боришни қонунийлаштириш ва бу борада Меҳнат кодексига ўзгартишлар киритиш масаласи ҳам кўтарилган. Депутатлар бу борада бир қарорга кела олмаган бўлсалар-да, бу масаланинг яқин кунларда яна кўтарилиши кутилмоқда.

Аммо парламент иш тартибидаги бундай ўзгариш қирғиз жамиятида турлича фикрларни пайдо қилди. Диндорлар бу хабардан қувонсалар, айрим нодавлат ташкилотлари парламентга ўз норозиликларини билдирдилар.

- Бизда дин давлатдан ажратилган. Конституцияда шундай ёзилган. Шунинг учун ҳам биз Жума намозига боришни қонунийлаштириш, бунинг учун махсус танаффуслар уюштириш, намозхоналар очишга қаршимиз. Намоз ўқиш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи. Бу ҳуқуқни у ўзи хоҳлаган пайтда амалга оширишга ҳақли. Бунинг учун алоҳида имтиёзлар берилиши шарт эмас, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси Динара Ўширахунова.

Шу билан бир қаторда айрим сиёсатшунослар қирғиз парламентида диндорларга эътиборнинг кучайганини сиёсий мақсадлар билан изоҳлайдилар.

- Бу билан парламент депутатлари мусулмон электорати ишончини қозонишни мақсад қилиб қўйган. Аслида парламентдаги намозхон депутатлар бошқа оддий фуқаролар каби махсус танаффус эълон қилмасдан ҳам Жума намозига бориб келса бўлаверади. Бунга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Депутатлар махсус танаффус эълон қилиш билан дин ўзлари учун нақадар муҳим эканини таъкидлашмоқчи бўлишаяпти ва бу аниқ кейинги сайловларга тайёргарликдир, - деди сиёсатшунос Табилди Акеров.

Айни пайтда бир қатор таҳлилчилар парламент томонидан жума кунги иш тартибини намоз вақтига қараб ўзгартирилиши Қирғизистондаги кўплаб ҳукумат идораларига намуна бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG