Линклар

Файзулла Исҳоқов оламдан ўтди

  • Садриддин Ашур

Файзулла Исҳоқ бизга Худо берган ажойиб зиëлилардан эди, дейди унинг ҳамкасблари.

Файзулла Исҳоқ бизга Худо берган ажойиб зиëлилардан эди, дейди унинг ҳамкасблари.

Ўзбекистонлик таниқли тарихчи олим, профессор Файзулла Исҳоқов 74 ёшида оламдан ўтди. Ҳамкасблари ҳақгўй, миллатпарвар шахс сифатида эътироф этувчи Файзулла Исҳоқов ўзбек тарихчилигида Марказий Осиёнинг рус истилочилари томонидан босиб олинишини биринчилардан бўлиб ёритган эди.


Файзулла Исҳоқов 29 декабр куни Тошкентда, юрак хасталигидан вафот этди.

Марҳумнинг ҳамкасблари Файзулла Исҳоқовнинг ўлими бугунги кунда парда ортида қолаётган ўзбекларнинг ҳақиқий тарихчилиги яна қалин пардалар ортида қолишига сабаб бўлади, демоқда.

Тарих фанлари доктори, профессор Гога Ҳидоятов Файзулла Исҳоқовни ўзбек тарихчилигини холисона ўрганишга уринган олимлардан бири эди, деб эслайди:

- Албатта, тарих фанида жуда ҳам бир ажойиб оригинал одам эди. У ëзган асарларининг позицияси бор эди. 1992 йилда мени партияга жалб қилмоқчи бўлганда, ўшанда мен “Файзуллахон, мен қариб қолдим. Нима қиласиз менга тегиб?”, деб айтгандим. Лекин уни қўллаб-қувватлаб юрардим. Чунки мен унинг асарларини билардим, бирга лекциялар ўқирдим. Ҳаммаси юксак мазмунли эди. Шунинг учун у одам тўғрисида мен фақат ижобий фикрдаман. Минг афсус шундай одамлар вақтли кетаяпти. У ҳали керак эди бизга. У тарих институтида директор Асқаров билан олишиб қолган эди. Ўшанда уришиб қолиб, Чимкентга ишга кетди,- дейди профессор Гога Ҳидоятов.

Филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабеков ҳам Файзулло Исҳоқовнинг оламдан ўтиши ўзбек тарихчилиги учун катта йўқотиш бўлганини айтади:

- Файзулла Исҳоқ бизга Худо берган ажойиб зиëлилардан эди. Билимдон, миллатпарвар, халқпарвар, эрксевар бир олим эди. Буни у ҳеч яширган пайтини билмайман. Шунинг учун халқ қайғуси билан, миллат қайғуси билан, давлат қайғуси билан юрадиган олим одам эди. Мен ўзим ҳурмат қилардим. Бевақт оламдан ўтибди. Худо жойини жаннат қилсин,- дейди Бахтиёр Исабеков.

Олим фикрича, Файзулла Исҳоқов коммунистик мафкура бўйича талқин этилган Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинганини қўшиб олиниш эмас, балки босиб олиниш сифатида талқин этиб, илмий ишлар олиб борган ўзбек тарихчиларидан бири эди:

- Қўшиб олиш деган гапга қарши эди. Чунки у одам тарихни яхши биларди. Ўзим гувоҳ бўлганман. Мен тарих ҳақида озгина фикрласам, шундан билардим тарихни яхши биларди. Ўзимизнинг тарихимизни бошқаларга хўрлатиб қўймаслик учун ҳаракат қиладиган инсон эди, -дейди Бахтиёр Исабеков.

Файзулла Исҳоқов 1991-1996 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тарих институтида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган пайтда ҳам ижтимоий ҳаётга фаол аралашди. У 1991 йилнинг 7 декабрида тузилган "Ўзбекистонда Демократик ислоҳотлар ҳаракати"га раислик қилган ва кейинчалик бу ҳаракатни "Ижтимоий тараққиёт" партиясига айлантириш ниятида бўлган. Бироқ бўлажак партиянинг таъсис қурултойи бўлиб ўтганига қарамасдан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги бу партияни қайддан ўтказмайди. Бу ҳақда Бахтиёр Исабеков шундай дейди:

- Ўзининг айтишича, ўзининг бу партияси бошқа мухолиф партиялардан кескин фарқ қиладиган йўли йўғу, лекин унда адолат биринчи ўринда туриши керак эди ҳамма нарсада. Жамиятда ҳам, ҳатто кишилар ўртасидаги муносабатда ҳам адолат бўлсин деган тушунчада юрган улуғ инсонларимиздан бири эди,-дейди Бахтиёр Исабеков.

Сиёсий партия тузиш ҳаракати барбод бўлганидан сўнг, Файзулла Исҳоқов илм билан шуғулланади ва илмий изланишлари натижаси бўлган “”ХVIII ва ХХ аср бошларидаги Марказий Осиё ва Россия тарихи” номли китобини 2009 йилда Тошкентда нашрдан чиқарди.

Файзулла Исҳоқов Марказий Осиё тарихига доир 600 дан ортиқ мақолалар, бешта монография ва 30 га яқин рисолалар муаллифи.

Озодлик радиоси жамоаси Файзулло Исҳоқовнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
XS
SM
MD
LG