Линклар

logo-print

Россияда яна бир қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадицияси тўхтатилди


Асли андижонлик Давронбек Хўжамбердиев Саратов вилоят суди залидан озод қилинди.

Асли андижонлик Давронбек Хўжамбердиев Саратов вилоят суди залидан озод қилинди.


Саратов вилоят суди 28 декабр куни Россия Бош прокуратураси Ўзбекистонга экстрадиция қилишни қарор қилган Давронбек Хўжамбердиевни озод қилди. Ўзбекистон ҳукумати уни 1999-2000 йилларда “Хизб ут-таҳрир” гуруҳига аъзо бўлганликда айблаб, халқаро қидирувга берган, дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина. Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, Давронбекнинг уйида қорасувлик таниқли имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг китобчаси топилгани учун Ўзбекистонда қидирувга берилган.

- Давронбек Хўжамбердиев шу йилнинг феврал ойи охирларида Саратовда ҳибсга олинган эди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон 2006 йилда эълон қилинган айбловлар асосида уни халқаро қидирувга берган. Давронбек 90чи йиллар охирларида ҳақиқатан “хизбчилик” ғоялари билан қизиққан, лекин кейинчалик ўз фикрини ўзгартириб, “Хизб ут-Таҳрир” билан ҳар қандай алоқаларни узган ва Россияга ишлагани кетади. У ерда қандайдир майда жиноят учун қисқа вақт қамоқда ўтириб ҳам чиқади. Кейин Саратовга келиб маҳаллий бир қиз билан танишиб, фарзандли бўлди, дейди Елена Рябинина.

Унинг айтишича, Давронбек ҳибсга олинганидан кейин Россия Бош прокуратураси “Қочқинлар ҳақида”ги қонунни қўпол тарзда бўзиб, унга қочқинлик мақомини сўрашга имкон бермаган, дарҳол уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш жараёнини бошлаб юборди. 16 сентябрда Саратов вилоят суди биринчи мажлисдаёқ Бош прокуратуранинг қарорини маъқуллади.

Лекин юрист Элеонора Давидян ва Елена Рябининанинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига қилинган мурожаати жавобсиз қолмади. 10 ноябр куни Страсбург суди Россия прокуратурасининг Давронбекнинг экстрадиция қилиниши ҳақидаги қарорини бекор қилди.

Бир ҳафтадан ўтиб, 17 ноябрда, Россия Олий суди ишни қайта кўриб чиқиш учун Саратов вилоят судига жўнатди, дея давом эттиради Елена Рябинина

- Ўзбекистон расмийлари қўйган айбловлар Россия Жиноят Кодексига мутлақо мос эмаслигини бизнинг Бош прокуратурамиз умуман инобатга олмаётган эди. Нима бўлганда ҳам уни суд залида озод қилишди. 10 ой давомида темир панжара ортида утирган Давронбекнинг рафиқаси билан учрашувини кўрсангиз эди...
Лекин бу воқеа ҳали тугаганича йўқ, чунки Россияда яшаётган ва Ўзбекистон махфий органлари назарига тушган ҳар қайси ўзбекистонлик доимий хавф остида яшайди. 29 декабр куни, яъни кеча, Москва шаҳар суди маҳаллий прокуратуранинг ўзбекистонлик яна бир қочқин Муроджон Абдулҳақовни экстрадиция қилиш бўйича чиқарган қарорини тасдиқлаб берди, чунки Муроджон масаласида биз Страсбург судига мурожаат қилмаган эдик. Давронбек эса ҳозирда бизнинг доимий назоратимиз остида қолмоқда,- дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Маълум бўлишича, Давронбек Хўжамбердиевни Саратов судида таниқли адвокат Валентина Молокова ҳимоя қилган. Валентина Михайловна Давронбекнинг иши юзасидан қилинажак ишлар ҳақида Озодликка гапириб.

- Суднинг қароридан ташқари Хўжамбердиевда ҳозир ҳеч қандай хужжат йўқ. Биз кеча Миграция хизматига вақтинчалик қочқинлик мақомини бериш ҳақида ариза топширдик. Миграция хизматидан бизга “қочқинлик мақомига ариза топширган”, деб 3 ой амал қилувчи хужжат беришди. Қочқинлик мақомини олса, у яна бир йил ҳимоя остида бўлади. Хужжати йўқлиги сабабли ҳатто унинг фарзандлари ҳам унга расмийлаштирилмаган. Унгача, Худо ҳохласа, прокуратура билан бўлаётган тортишувларимиз ниҳоясига етади, деб уйлаймиз. Ундан кейин эса, биз Давронбекни қабул қилиш истагини билдирган учинчи мамлакатни қидирамиз,- дейди Хўжамбердиевнинг адвокати Валентина Молокова.


Ўн ойлик тутқунликдан озод бўлган асли андижонлик 39 ёшли Давронбек Хўжамбердиевнинг ўзи яқин келажак нима қилиши ҳақида бир тўхтамга келмаганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзбекистондан розиск бўйича хабар келган бу ерга. Шу розиск орқали мени 10 ой ушлаб ўтиришди. Ўзбекистон статялари бўйича 159, яъни “Хизб ут-Таҳрир”дан, деб.

Озодлик: Сизнинг ҳақиқатан алоқангиз борми-йўқми унга?

- Олдин алоқам бор эди. 1999-2000 йиллари бор эди. 2000 йилдан кейин уларга умуман алоқам йўқ.

Озодлик: Россияга нечанчи йилда келдингиз?

- 2000 йилдан шу ерда ишладим, шу ерда яшадим... Шу ерда оилам бор менинг,фарзандларим...

Озодлик: Фарзандлардан нечта?

- Иккита ўзимнинг фарзандим бор. Учинчи фарзандим аёлимнинг биринчи турмушидан. Кичкинаси 2 ёшдан ўтди.

Озодлик : Келажакка режаларингиз қанақа?

- Вақт кўрсатади, албатта... Лекин олдинда нима бўлади, ҳали бирор нима дейишга қийналаман. Сизларни радиоларингни Андижонда кўп эшитардим. Қилаётган ишларинг осон эмас. Қилаётган ишларга Оллоҳ ўзи мукофот берсин, дейди андижонлик Давронбек Хўжамбердиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG