Линклар

Икки йўқотиш

  • Абдулла Искандар

Муҳаммад Солиҳ Белла Ахмадулина сиймосида 30 йиллик дўстидан айрилганини айтади.

Муҳаммад Солиҳ Белла Ахмадулина сиймосида 30 йиллик дўстидан айрилганини айтади.

Кечаётган йилда ўзбек адабиёти Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби ёрқин намояндаларидан маҳрум бўлди. Ўзбек адабиёт ихлосмандлари учун азиз бўлган Андрей Вознесенский, Белла Ахмадулиналар ҳам кечаётган йилда оламдан ўтди. Ҳижратда яшаётган ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ адабиёт оламидаги бу йилги икки йўқотиш ҳақида фикр юритади.


Шоир Чўлпон 1920 йилда ëзган "Икки йўқотиш" сарлавҳали мақоласида оламдан ўтган ўзбек ойдинларини эслайди.

"Сўнгги йиллар, ўзбек ёшлиғи, тараққийпарварлиғининг бир мунча чолишқон, пок кўнгиллик йигитларини — ер таги оламига судраб олиб кетди. Вақти билан чорнинг темир қўллиқ жондори билан курашиш даврида, шу бир ҳовуч ботурлар, не самимий, не берилган йигитлар эдилар. Ўлганларнинг ўрнига юзлар, минглар билан ўринбосарлар етишиб, кўнглимизга умид ёғдулари ёғдирғон тунларда-да кетганларнинг хотиралари кўб аччиғ ва заҳарлик таъсир этмакдадир."

Кечаëтган йил ҳам кўп ойдинлар учун бу дунëдаги сўнгги йил бўлди. Чўлпон мақоласидан келиб чиқиб, ҳозир ҳижратда яшаëтган шоир Муҳаммад Солиҳга савол бердик. Мен учун бу йил оламни тарк этган икки шоирдан айрилиш оғир бўлди, дейди Муҳаммад Солиҳ.

- Фақат адабиëтда эмас, умуман ҳар қандай инсоннинг ҳаëти токи у тирик экан йўқотишлари силсиласидан иборат. Яъни йил ўтган сари атрофидаги унга яқин бўлган дўстлар оломони сийраклаша боради ва албатта бу процеес то ўша одамнинг ўзи ҳам йўқотилган одамларнинг сафига қўшилмагунча давом этаверади. 2010 йилги йўқотишлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда ўзбек шеърияти катта йўқотишни бошидан кечирди. Ташқаридан унча машҳур бўлмаган, аммо бутун шеър аҳлига жуда яхши таниш исм, шеър аҳли ичида чин маънода машҳур бўлган исмни йўқотдик. Бу шоир дўстимиз Матназар Абдулҳакимов. Матназар том маънода доно сўзига жуда тўғри келадиган исм эди. Доно дегани балки бироз бугунги бизнинг ҳаëтимизга у қадар уйқашмайдиган ғалати сўз кўринса ҳам Матназар учун қўллашга бошқа бир сўзни мен топа олмадим. Ўз билимини ҳеч қачон кўз-кўз қилмаган, ҳатто ўз билимини, интеллектуал кучини камтарона сатрларида яширишга интилган ҳақиқий маънода нуктадон шоир эди. Донолиги ҳам шунда. Яъни доно инсон ҳеч қачон ўзининг хусусиятини кўрсатмайди, кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Шу маънода Ўзбекистон Матназар Абдулҳаким сиймосида нуктадон шоирини йўқотди. Биз эса дўстимизни йўқотдик.

Иккинчи бир инсон, мен учун қадрли бўлган шахс Россия шеъриятида йиллардан бери ўз исмини, ўз шуҳратини муҳофаза қилиб келаëтган инсон Белла Ахмадулина оламдан ўтди. Белла Ахмадулина 1960-1970 йилларда биз ëшлар учун ўрнак бўлган исм эди. Нафақат шоир сифатида балки интеллектуал зиëли сифатида ундан жуда кўп нарсалар ўргандик. Кўп кўришмаганмиз, аммо шунга қарамасдан бизнинг орамизда жуда илиқ, самимий бир дўстлик пайдо бўлди дейиш мумкин. Умуман Белла Ахмадулинанинг характери очиқ инсон характери эди. Унинг ҳатти-ҳаракатларида ўйин йўқ эди. Гарчанд у шеър ўқиëтганда шеър ўқувчисининг ролига кирар эди, аммо бу ҳам унинг учун бир ўйин эмас, бир ҳаëт шакли эди, яшаш шакли эди. Шунинг учун у ҳатто шеър ўқиëтганда ҳам ўйнамас эди. У бутун борлиғи билан , бутун туриши, ўзининг сулдори билан ҳақиқий бир шоир эди. Бу шоирни буюк шоир деб аташ унга бир мукофот бўлмайди. Зотан у буюк эди. Буюклик бу инсон учун мукофот саналмас эди. Шундай бир шоирни йўқотдик. Оллоҳ ҳар иккаласини ҳам раҳмат қилсин, дейди ҳижратда яшаëтган шоир Муҳаммад Солиҳ.

Оёғимда декабрнинг муз занжирлари
Эриб-эриб тушар яшил арча ёнида…
Тиз чўкаркан мен январнинг оппоқ пойига,
Тилагинг не, деб сўрайди мендан Янги йил.

Тилагим шу: январингга айтгин аввало,
Қимирламай турсин бир зум, унинг пойига
Ёзиб олай, токи, шуни: февралингга айт,
Пуч ёнғоққа тўлдирмасин баҳор қўйнини.

Мартга буюр: бойчечакни қилмасин хазон,
Ёмон одам эмасмиз биз -тушунтир майга,
Декабрга ҳозироқ айт, вақт борида айт -
Дўстларимни ўзи билан олиб кетмасин!

(Муҳаммад Солиҳ, 1978)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG