Линклар

logo-print

Мисрда мусулмон ва насронийлар тўқнашуви бўлди


Мисрлик насронийлар портлашда жароҳатланган сафдошини тез тиббий ёрдамга элтмоқда.

Мисрлик насронийлар портлашда жароҳатланган сафдошини тез тиббий ёрдамга элтмоқда.

Мисрнинг Александрия шаҳридаги черков ёнида автомобил портлаши оқибатида 21 одам қурбон бўлди. Шусиз ҳам муносабатлари таранглашиб турган икки диний жамоа вакиллари ўртасида маҳаллий масжидлардан бирида тўқнашув содир бўлди.

Миср расмийларига кўра, 21 насронийни ҳаётдан олиб кетган портлаш диндорлар Янги йил муносабати билан ўтаган ибодат маросими тугаши биланоқ содир бўлган.

Ҳодисага гувоҳ бўлган ва омон қолган ибодатчилардан бири Амжад Закариё бу ҳақда Рейтер агентлигига шундай гувоҳлик берди:

- Мен нима бўлганини билмай қолдим. Мен телефонда гаплашаётган эдим. Бирдан атрофдагиларнинг баъзилари ерда ўлиб ётгани, баъзилар қочаётганини кўриб, мен ҳам қочиб кетдим, дейди александриялик Закариё.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, портлашда жароҳатланганлар сони ҳам кўпчилик.

Маҳалиий насронийларнинг кўпчилиги бу портлаш ортида мусулмонлар турибди, деган гумонда.

Портлашдан кейин насронийлар маҳаллий масжиддаги мусулмонлар билан жанжаллашгани отланган бир кезда бунга қаршилик қилган полиция билан тўқнашди.

Шунга қарамай, полиция жамоасини ёриб ўтган насронийлар маҳаллий масжидлардан бирига бостириб кирди ва у ерда икки диний жамоа вакиллари ўртасида ҳам тўқнашув бўлди.

Икки диний жамоа вакиллари бир-бирини тошбўрон қилди.

Жанжалчиларни ажратиш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллашга мажбур бўлди.

Ҳодиса Мисрда диний гуруҳлар ўртасидаги муносабатлар ўта таранглашган бир даврда содир бўлди. 79 миллион аҳолисининг 10 фоизи насроний бўлган бу давлатда диний озчиликлар экстремист исломий гуруҳлар ҳужумига нишон бўлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Ҳозиргача портлаш учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Полиция автомобилга ўрнатилган бомба портлатилган ёҳуд ҳудкуш ўзини портлатган бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Миср президенти ҳодисага муносабат билдирар экан, буни алоҳида бир диний жамоага эмас, балки, мамлакат аҳлига қаратилган ҳужум, деб таърифлади.

- Орсиз террорчилар мамлакатимиз халқини — насронийлар ва мусулмонларни ҳужумга олди, деди президент Ҳусни Муборак.

Янги йил кечаси содир бўлган ҳодиса ортидан мамлакатда полиция назорати кучайтирилди.

Насроний диний жамоа вакилларига бундай ҳужумлар 30 декабр куни Ироқ пойтахтида ҳам амалга оширилган эди.

Рим Папаси Бенедикт 16 дунё етакчиларини насронийларга нисбатан бундай тоқатсиз ҳужумлар олдини олишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG