Линклар

Теҳрон Душанбега юкларни ҳаво орқали етказиб беради


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Сангтўда 2-ГЭСини жорий йил иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш ҳақида келишиб олганлар.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Сангтўда 2-ГЭСини жорий йил иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш ҳақида келишиб олганлар.

Тожикистон ва Эрон Сангтўда 2-ГЭСи учун жиҳозларни учоқда етказиб бера бошлади. Бу ҳақда Эроннинг “Сангоб” ширкатининг Тожикистондаги вакили Саид Асқарий Азия Плюс ахборот агентлигига маълум қилган.

Асқарийга кўра, кейинги йилда мазкур гидроиншоот учун Ўзбекистон темир йўллари орқали Тожикистонга юк етказиб бериш муаммога айланган, шунинг учун Теҳрон ва Душанбе жиҳозларни ҳаво йўли орқали етказиб бериш қарорига келган.

Саид Асқарий 27 декабр куни Тожикистонга учоқ билан 73 тонна юк етказилганини айтди.
- Бундан буён Сангтўда ГЭСидаги ишларни жадаллаштириш учун, гарчи қимматроқ тушса-да, ҳаво транспортидан ҳам фойдаланамиз, - “Сангоб” ширкати вакили.

Озодликнинг тожик шўъбаси Эрон Ислом республикасининг Тожикистондаги вакили Али Асғар Шердўстга таянган ҳолда яқин орада Тожикистонга Эрондан ҳаво йўли орқали ҳар бири 140 тонна келадиган икки трансформатор келтирилиши ҳақида хабар қилди.

Шунингдек, Эроннинг Бандар Аббос бандаргоҳидан Сангтўда ГЭСи учун Хитойда тайёрланган трубиналарни учоқ билан етказиш мўлжалланмоқда.

Сангтўда 2-ГЭСи 2011 йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тожикистон ва Эрон президентларининг 2010 йил декабр ойида Истанбулда ўтган сўнгги учрашувида келишилган.

Қурилиши 2006 йилда бошланган 220 мВт қувватга эга Сангтўда 2-ГЭСи Тожикистон ва Эроннинг қўшма лойиҳаси бўлиб ҳисобланади.

Эрон ҳукумати 180 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратган бу гидроиншоотнинг бош пудратчиси “Сангоб” ширкатидир. Қурилиш якунланганидан сўнг, шартномага мувофиқ, Сангтўда 2-ГЭСига 12,5 йил давомида Эрон эгалик қилади, кейин эса у Тожикистонга ўтказиб берилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG