Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:01

Россияда мухолифат етакчилари қамалди


31 декабр кунги намойишда россиялик таниқли сиёсатчи Борис Немцов ҳам ҳибсга олинган.
31 декабр кунги намойишда россиялик таниқли сиёсатчи Борис Немцов ҳам ҳибсга олинган.

2 январ куни Москвада расмийлар томонидан рухсат этилган митингда милиция томонидан ҳибсга олинмиш бир қатор мухолифат етакчиларига суд томонидан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мухолифат лидерлари 31 декабр куни Триумфалная майдонида Россия мухолифат ҳаракатлари томонидан уюштирилган ва Москва мэрияси томонидан рухсат этилган норозилик намойиши давомида қўлга олинди.

“Солидарность” ташкилотининг раисдоши Надежда Матюшкинанинг Озодликка маълум қилишича, суд мухолифат ҳаракати лидерлари Борис Немцов ва Илья Яшинларни, “Сўл фронт” ҳаракати фаоли Константин Косякинни милицияга қаршилик кўрсатганликда ва митингда тартибни бузганликда айбламоқда.

- Ҳозир судга Борисни (Немцов - таҳр.) олиб келишди. Яшин ҳақида ҳозирча қўнғироқ қилишгани йўқ. Уларга ё жарима солиниши ёки 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Улар 19-модданинг 3-банди юзасидан, яъни милиция ходимларига бўйсинмаганлик айблови қўйилган. Лекин маҳкама давомида айблов ўзгариб қолиши эҳтимоли ҳам бор. Борис 31 декабрдан буён Твер Ички ишлар бошқармасида, Яшин Басманная ИИБсида ўтирган эди. Борис ҳозир судя олдига келтирилди. Уни суд биноси олдида дўстлари ва мухолифат намояндалари митинг уюштириб, қўллаб-қувватламоқдалар, - деди “Солидарность” ташкилотининг раисдоши Надежда Матюшкина.

Матюшкина хонимнинг сўзларига кўра, “Стратегия-31” намойиши иккинчи маротаба Москва расмийлари билан келишув асосида ўтказилганлигига қарамасдан, акцияда 70 зиёд одам қўлга олинди.

3 январ куни ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат вакилларининг Москванинг қатор маъмурий бинолари қаршисида Борис Немцов, Илья Яшин, Эдуард Лимонов ва Константин Косякинни озод этиш талаби билан якка тартибдаги пикетлари уюштирилди.

Суд залидан олинган маълумотларга кўра, “Сўл фронт” ҳаракати фаоли Константин Косякин милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбдор топилиб, 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига маҳкум этилди. Худди шу айблов билан суд Борис Немцовни 15 кун, Иля Яшинни- 5 кун маъмурий ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

Борис Немцов суднинг бу қарорини “мутлақо буюртма”, деб атади ва уни арз қилишини билдирди.

31 декабр куни Триумфалная майдонида ҳукумат томонидан рухсат этилмаган яна бир норозилик намойиши бўлиб ўтди. Бу акция ташкилотчиси, “Ўзга Россия” мухолифат коалицияси етакчиси Эдуард Лимоновга эса 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Лимонов уйидан чиқиб, намойишга кетаётганда қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Эслатиш жоизки, мухолифат тарафдорлари Россия Конституциясининг 31-моддасида белгиланган “эркин йиғилишлар, намойишлар, юришлар ва пикетлар уюштириш" ҳуқуқини таъминлаш талаби билан 31 кунлик ойларнинг сўнгги куни Москванинг Триумфалная майдонида йиғилиб келмоқда. “Стратегия-31” ҳаракати оммавий тус олиб, Россиянинг 70 га яқин шаҳар ва жаҳоннинг йирик пойтахтларида ҳам ўтказилмоқда.

Айрим кузатувчилар мухолифат етакчиларининг қўлга олинишига ва Янги Йилни тор камераларда кутиб олишига уларнинг ҳукуматга қарши қилган баёнотлари сабаб бўлганлигини таъкидламоқда.

“Солидарность” раҳбарларидан бири, Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов мухолифат етакчиларининг қўлга олинишини “ҳукуматнинг жон талвасаси” ва “мутлақ қонунсизлик”, деб атади.

“Роснано” давлат корпорацияси раҳбари Анатолий Чубайс шахсий блогида мухолифат етакчиларининг ҳибсга олиниши ва судланишини “асоссиз” эканини таъкидлаб, “Наҳот бизнинг мамлакатимизда ҳокимият ва жамият ўртасида музокара олиб боришга ўрин қолмади?”, саволини ўртага ташлади.

Москва Хелсинки гуруҳи раиси Людмила Алексеева ҳукуматни тартибни бузганликда ва тинч намойишчиларни ноқонуний равишда ҳибсга олганликда айблади.

- 31 январ куни кейинги акциямиз ўтказилади. Анъана анъаналигича қолади! - деди Людмила Алексеева.

31 декабр куни Россия Конституциясининг 31-моддаси ҳимоясига бағишлаб уюштирилган минг кишилик норозилик намойишида сўзга чиққан Борис Немцов шундай деган эди.

- Биз бу йил ёмон ишламадик. “Стратегия-31” жуда муносиб кўринишга эга бўлди. Коалиция тузишимиз ва президентликка ягона номзод тайинлашга келишиб олганимиз бизнинг энг йирик ютуқларимиздандир. Шунингдек, Россияда янги “Озодлик партияси” тузишга келишиб олганимиз Путин ҳукуматига жиддий қаршилик кўрсата оладиган кучга айланганимизни билдирди. Келаси йил Путин учун жуда мураккаб йил бўлиши аниқ. Улар шу даражада қўрқиб қолдики, мухолифатни парчалашга интилмоқда. Лекин биз уларнинг бу режалари амалга ошишига йўл қўймаймиз, - деган эди Озодликка Борис Немцов қўлга олинишидан бир неча дақиқа олдинроқ.

“Солидарность” ҳаракати расмий сайтидан олинган хабарга кўра, Россия мухолифатчилари Борис Немцов, Владимир Рижков ва Владимир Миловлар бош вазир Владимир Путин устидан судга арз қилганлар.

Бу арзга Путиннинг телевидение орқали россияликлар саволларига жавоб бера туриб, Немцов, Милов ва Рижковларни ўтган асрнинг 90-йилларида давлат хазинасидан маблағ ўмарганликда айблагани сабаб бўлди.

- Немцов, Рижков, Миловларнинг асл мақсади нима - пул ва хокимият. Улар, керак бўлса, бутун Россияни сотиб юборади, - деган эди Путин.

Бош вазирнинг ушбу баёнотини туҳмат деб атаган рус мухолифати етакчилари ўзларига етказилган маънавий зарар учун бир миллион рубл ва Россия телеканали орқали Путин баёноти юзасидан раддия билдирилишини суддан талаб этишмоқда.
XS
SM
MD
LG