Линклар

Ўзбекистон парламентининг қонунчилик палатаси ёши 20 гача етмаган шахсларга тамаки ва алкоголли ичимликлар сотмасликни кўзда тутган қонун лойиҳасини қабул қилди. Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, ҳозирда Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаганларга тамаки ва спиртли ичимликлар сотиш мумкин эмас.


Ҳужжатга илова қилинган резолюцияда мазкур қонун лойиҳаси “Соғлом авлод йили” доирасида киритилаётгани, ёшларнинг тамаки ва ичкиликка ўрганиши Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғига, жумладан, уларнинг фарзанд кўриш салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, мамлакатдаги демографик вазиятга салбий таъсир кўрсатиши билан боғлиқлиги қайд этилади. Ўзбекистонда аёллар оммавий равишда стерилизация қилинаётган бир пайтда бу қонун лойиҳасининг шу тариқа асосланиши, кузатувчиларга кўра, юмшоқ қилиб айтганда ғалатидир.

Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ёшларнинг ичкилик ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишининг олдини олиш тадбирлари ҳамда бу борадаги қонунчилик талабларини бузган сотувчилар учун жазо чоралари ҳам кўзда тутилган. Ҳужжатга мувофиқ, сотувчи харидорнинг ёшидан шубҳаланган тақдирда ундан таваллуд пайти қайд этилган шахсни тасдиқловчи гувоҳномасини сўраши, харидор гувоҳнома кўрсатмаган тақдирда, унга ичкилик ёки тамаки сотмаслиги шарт.

Қонун лойиҳасида иш жойлари, тиббиёт муассасалари, кинотеатрлар, театрлар, концерт ва кўргазма заллари, спорт иншоотлари, давлат ва хўжалик бошқарув идоралари бинолари, маҳаллий ҳокимият идорлари, таълим-тарбия муассасалари, болалар ва ёшларнинг дам олиш жойлари ҳамда бошқа жамоат жойларида алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш таъқиқланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулоти ишлаб чиқарадиган корхоналар ичкилик этикеткаси ёки сигарет қутисининг 40 фоизини эгалловчи тиббий огоҳлантирув жойлаштириши шарт қилиб қўйилган.

Қонун лойиҳаси қайта ишланганидан сўнг Қонун чиқариш палатаси уни тасдиқлаш учун Сенатга топшириши ва бу тадбир 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигидан кеч бўлмаган муддатда амалга ошириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил кузида Ўзбекистонда тамаки ва алкоголли ичимликларнинг ҳар қандай рекламасини таъқиқловчи қонун кучга кирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG