Линклар

logo-print

Янги йил ўзбекларни икки лагерга бўлмоқда...?

  • Абдулла Искандар

2011 йил арафасида Қорбобо барча ўзбекларникига келмади.

2011 йил арафасида Қорбобо барча ўзбекларникига келмади.

2011 йил кириб келганига ҳам уч кундан ошди. Барча собиқ совет кишилари каби, аксар ўзбеклар байрамни безатилган арча ëнида, телевизордан берилаëтган янги йил базмини томоша қилиб кутиб олишди. Дастурхон анъанавий янги йил таомлари билан тўлди.


Соат миллари 12ни кўрсатган онда шампан тўла қадаҳлар чўқиштирилиб, янги йилга тилаклар айтилди.

Соат 12га занг урган онда xонтахта устидаги, чўнтаклар тўридаги ва қўллардаги телефонлар бирданига жиринглаб, дунëнинг тўрт тарафида меҳнат қилаëтган қариндошлардан қутловлар оқими келди.

2010 йилдан 11 йилга ўтар кечаси Ўзбекистондаги биргина Билайн телефон тармоғи орқали 10 миллион SMS мактуби жўнатилди.

Мобил телефон ширкатларининг Ўзбекистонда 6та экани ҳисобга олинса, янги йил тунида жўнатилган SMS мактубларию қўнғироқлар сони Ўзбекистон аҳолисидан бир неча карра кўплиги тушунилади.

Бу ҳолат ўзбеклар учун янги йилнинг муҳим байрам эканига мисолдай кўринади.

Айни пайтда Ўзбекистонда атайлаб, янги йилни нишонламайдиганлар авлоди ҳам шакллангани кузатилди.

Интернетдаги исломий нашрларни мутоала қилган, домла имомларнинг амру маърифларига қулоқ осиб, ҳужра хатм қилган юзлаб ëш йигитлар бу байрамни бидъат деб билгани учун нишонлашмади.

Марғилонлик тужжор Муслимбек бу байрамни нишонламаган ўзбеклардан.

- Йўқ, биз байрам қилмаймизда ака. Учта байрам бор ака мусулмонларда. Рамазон байрами, Қурбон ҳайити, Пайғамбаримизнинг (с.а.в) туғилган кунлари.

Озодлик: Янги йилни мана қорбобо, қорқиз билан, арча безатиб кутиб олиш ҳақида нима, деб ўйлайсиз?

- Бу ғайридинларнинг ишию ака. Хайрулла Ҳамидовнинг масаласини эшитганмисиз? Битта Жорж деган америкалик одам “Эртага Қурбон байрам. Битта қўй сўямиз”, деб битта яхши қўй олиб келибди бозордан. Мен сизга қисқароқ қилиб айтаман. Битта ўртоқларига айтиб бераяптида энди буни. Кўпчилик жамоатга эшиттириб айтаяпти. Жорж битта қўй олиб келиб, “Бугун Қурбон байрами экан. Битта қўй сўямиз”, деб қиблага қаратиб сўйиб, “Келинглар бугун якшанба. Черковга борамиз” деса, ëнидаги ўртоқлари “Жиннимисан? У қурбонлик сўйган бўлса, қанақа қилиб черковга боради? Мусулмон бўлса”, деса, “Сизлар қилаяпсизларку. Ишонса бўладими? Арчани ясатиб, эртаси куни масжидга кетаяпсизлар”, дебди. Шу сингарида. Ғайридининг ишини қилиб, эртага масжидга бориб намоз ўқишади. Ғайридинлар бизнинг байрамни қилишмаяптику.

Озодлик: Бу байрамни нишонламаганлар кўпми?

- Ҳа, кўп, дейди марғилонлик суҳбатдошимиз Муслимбек.

Наманганлик 31 яшар Ихтиëр эса янги йил байрамини қутлаш насиб қилгани учун Худога шукрлар қилди.

- Ҳа, Худога шукур раҳмат. Уйимизга мана кетма-кет иккита қорбобо келди. Табриклади. Хурсандчилик, шоду хуррамлик билан кутиб олдик байрамни. Арчалар безадик. Худога шукур халқимиз яхши ўтказди байрамларни. Кўчаларда, маҳаллаларда, гузарларда чиройли бўлди. Тадбирлар уюштирилди.

Озодлик: “Шуни байрам қилмаймиз”, деган ëшлар ҳам бўлдими сизнинг атрофингизда?

- Йўқ, унақа қаршилик қиладиганлар бўлгани йўқ. Бу дунë байрамику бу. Мисол учун ўзбек миллати, мусулмон ëки христиан, деб ажратиладиган нима эмаску бу. Бутун дунë бўйича янги йил, деб тан олинган кун сифатида ҳамма яхши кутиб олди,- дейди Ихтиëр.

Таҳсил учун мамлакат ташқарисига чиққан 26 яшар журналист Камолиддин (исми ўзгартирилган) ҳам бу йил байрамни анъанавий тарзда нишонламади.

- Кўпчилик ëшлар баъзи бир диний олимларнинг ваъзларига қулоқ солиб, янги йилни нишонламасликка ҳаракат қилишади. Чунки бу христианлар байрами. Христианлардан руслар олиб келган байрам деб, байрам деб ҳисобламасдан унчалик эътибор бермасликка ҳаракат қилишаяпти. Биз ўзимиз 10-15-20 ëшларимизда янги йилни жуда ҳам муҳим кун сифатида кутиб олардик, оила даврасида ҳар хил ниятлар қилиб. Аслида диний томондан ҳеч қандай муҳим аҳамияти йўқ янги йилнинг. Шунчалик бир тақвим ўзгариши бу,- дейди Камолиддин.

Европада яшайдиган бир ўзбек аëли 24 декабр куни рождество байрамини нишонлаб, айнан ўша куни арча тагига совғалар қўйишини айтади.

- Болаларим мактабдан келиб “Бизга ҳам қорбобо бугун совға берадими?”, деб сўрайвергач, Исои Масиҳ мавлудини нишонлашга қарор қилдим. Болаларим ўксимасин, дея шу байрамни қутлаяпман, дейди Европада яшайдиган ўзбек аëли.

Европанинг дўкону кўчалари ва медиа дунëсидаги мавлуд, деб аталиб, мақсади совғаю ўйинчоқ сотишга қаратилган васвасаси қаршисида кучсиз қолган ўзбек аëлининг эътирофи эди бу.

Озодликнинг интернет нашрига келган шарҳларнинг аксарияти янги йилнинг байрам қилинишига қарши. Уларнинг баъзилари бу байрамни гуноҳи азим деб билишса, баъзлари ҳаром, яна бирлари эса, макруҳ, деб аташган.

Аксарият Озодликка шарҳ қолдирганлар назарида бу байрамни тўйлаш бидъатдир.

Кўриб турганимиз манзара илгари одату удумлар борасида монолит қоядай яхлит бўлган ўзбеклар зеҳниятида бўлиниш пайдо бўлганига мисол эмасми?

Бундан атиги 15-20 йил олдин янги йилни байрам қилиш, тўйларда ароқ ичиш каби масалаларда катта кўпчиликнинг фикри бир ëқадан чиқар эди.

Тошкентлик рассом Йўлдошбой Қосимов илгари совет пайтида тўйда ëки зиëфатда ароқ ичиришларидан қўрқиб чўнтагида ўзи йўқ машинанинг калитини олиб юрганини айтади.

- Ароқ узатишса, секин калтини кўрсатиб, “ака ўзингиз тушунасиз”, дердим. Шу билан тазйиқ тўхтар эди.

Йўлдошбойга кўра, ўша пайтда ароқ ичмаслик учун бошқача сабаб бўлиши мумкин эмас эди.

Ҳозир эса, тўй жамоаси ичадиган ва ичмайдиганларга ажралган.

Бу ҳақда гапирган Йўлдошбойга кўра, ароқ тўлдирилган қадаҳ узатган амаки таклифини рад қилган жиянга қараб, “Ҳа, ваҳҳобиймисан, ë мелиса чақирайми”, дея ҳазил қилади.

Баъзан бу ҳазил таги зил бўлмоқда. Ароқ ичмайдиган ва арча байрамини нишонламайдиганлар махсус рўйхатларга "эҳтимолий хавф", дея тиркалмоқда.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Колбаса қори” ҳикояси қаҳрамони ўзини динсизлигини исбот қилиш учун жамоат жойида чўчқа гўштли колбасани ейди.

Баъзи намозхонлар рўйхатларга исмим тиркалмасин, дея жамоат жойларида ароқ ичишмоқда. Масалан, бир босмахонадаги нхмозхон ишчи онасининг талабига кўра цехда ўтказилган янги йил байрамида ароқ ичишга мажбур бўлганини айтади.

Одатда ароқ ичиб юрадиганлар эса намозхонлар даврасида ўзларини эътиқодли қилиб кўрсатишга уринишади.

Хорижда таҳсил олаëтган талаба Камолиддинга кўра, бошқалардан ажралмаслик туйғуси ўзбекларни тарк этиши қийин бўлмоқда. Бугун бир қисм ўзбеклар янги йилни қутлаëтган бошқа бир гуруҳ эса, қутламаëтган экан, бу турли туманликни оддий қабул қилмоқ керак, дейди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG