Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:49

"Ароқ керак бўлса, паспортни кўрсат!"


Ўзбекистонликларнинг аксарияти Олий Мажлис алкоголь ва тамаки махсулотларининг сотилишига қўйган чеклови самара беришига ишонмайди.
Ўзбекистонликларнинг аксарияти Олий Мажлис алкоголь ва тамаки махсулотларининг сотилишига қўйган чеклови самара беришига ишонмайди.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Бироқ ўзбекистонликлар бу қонуннинг ижроси таъминланишига ишонмайдилар.


Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси қабул қилган қонунда тамаки чекишни ва таркибида алкоголь бўлган ичимликларни истеъмол қилишни чеклаш ҳамда уларнинг фуқаролар соғлиғига, авваламбор 20 ёшга тўлмаган йигит-қизларнинг саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш мақсади кўзланиши айтилади. Ҳужжатга мувофиқ, сотувчи харидорнинг ёшидан шубҳаланган тақдирда ундан туғилган йили қайд этилган шахсни тасдиқловчи гувоҳномасини сўраши, харидор гувоҳнома кўрсатмаган тақдирда, унга ичкилик ёки тамаки сотмаслиги шарт.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Ҳасанбой ака бу қонуннинг қабул қилиниши айни муддао эканлигини айтар экан, бу қонуннинг ижро этилишига шубҳа билдиради:

- Энди у қонунни қабул қилаëтган бўлса, бундай ўйлаб қараса, бир томондан яхши. Лекин қайси қонунни қабул қилганда ким риоя қилибдики мен ҳайронман. Ҳозир ароқ у ëқда турсин спиртларгача сотилаяпти. Гўдак борса ҳам сотади. Барибир 20 ëшгача бўлган болаларнинг ҳаммасига сотилади,- дейди Ҳасанбой ака.

Суҳбатдошимиз Олий Мажлис илгари алкоголь ичимликлари ва тамаки маҳсулотларини 16 ёшгача бўлган болалар учун ҳам тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилган эди, бироқ унинг ижроси бўлмаганини таъкидлайди. Жойларда ароқ ва сигарет сотадиган дўконлар шунчалик кўпайдики, бу савдо нуқталарининг бирортасида ҳам лицензия йўқ ва уларни солиқчиларнинг ўзлари “назорат" қилади, дейди Ҳасанбой ака:

- Ҳозир иккита-учта уйдан кейин битта магазин. Ҳозир олувчидан сотувчи кўп.

Озодлик: Шуларнинг ҳаммаси ароқ сотадими?

- Ҳаммасида бор. Лекин ҳаммаси налогнинг болаларини таниб қолган, уларга ароқ ҳам, сигарет ҳам сотиш мумкин эмас. Лекин налогнинг болалари келадида, улардан долясини олади. Уларнинг сигарет сотаëтганини ҳам, ароқ сотаëтганини ҳам билади. Магазинчиларнинг ўзларининг ставкалари бор белгиланган.

Ҳар бир налог ўзига белгилаб олган. “Манави-манави магазинга мен қарайман. Мен хўжайин шу магазинга, бўлди”. Бошқаси бормайди. Унинг хўжайини, шериклари ҳаммаси билади. Аслида бу нарса қонунда йўқ, лекин улар ўзларича. Ўша магазинчиларнинг ўзларига келадиган доимий налогнинг болалари бор,- дейди жиззахлик Ҳасанбой ака.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи Наримон фикрича, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳозир Ўзбекистонда яхши фойда келтирадиган соҳага айланган. Шунинг учун ҳам тадбиркорларнинг энг биринчи мақсади пул қилиш ва улар қонунни айланиб ўтиш йўлларини яхши билади:

- Менимча, биринчи галда сармоя тўплаш, маҳсулотини сотиш туради тижоратчиларда. Менимча, улар бунга ҳеч қанақа тўсқинлик қилмайди. Ўн яшар бола келадими, 20 яшарми фарқи йўқ, пуллайверади. Текшириш келиб қолганда бир йўлини қилиб, жавобини бериб юборади. Сизга маълумку, тадбиркорларга ҳар тарафдан солиқ бор, текширув бор, участка нозири келади, бошқаси келади. Уларни рози қилиш керак. Бундан ташқари яна ўзига орттириши керак,- дейди Наримон.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида солиқ департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган Раҳим Даминовга кўра, дўконларда алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотилишини назорат қилиш солиқчилар зиммасига юклатилган, бироқ солиқ ходимлари ҳам коррупция ботқоғига ботиб бўлдилар:

- Солиқда шунақанги коррупция ривожланганки, буларнинг ичига бошқа органлардан кириб қолганлар кўп, ўртада албатта келишувчилик бор. Ҳар битта солиқ ходимларида камида 50та патентсиз ишлайдиганлар бўлади. Улар ҳамма нарса сотишга ҳақли. Алкоголни ҳам, бошқасини ҳам лицензияси борми йўқми, рухсат бериладими ëки йўқми сотилади. Қонун чиқарилади. Ўзбекистонда қонунлар ниҳоятда кўп. Ҳар куни бир эмас иккита қонун чиқади. Лекин ижроси йўқ. Ижроси бўлмайди.

Мен қонунларимизни қарайман. Ўзи ижтимоий ривожланиш деган нарса бор. Қайси давлатда ижтимоий ривожланиш кўп бўлса, конституцияга шунча кўп ўзгартириш киритилади, шунча кўп қонун қабул қилинади. Бизда ижтимоий ривожланишнинг қонунлари ниҳоятда зўр, бирорта қонунда ижро деган нарса йўқ, - дейди Раҳим Даминов.

Раҳим Даминовнинг айтишича, алгоколли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотишга лицензияни ҳар бир ҳокимият қошидаги тадбиркорликни рўйхатга олиш палатаси уч кун муддатда беради ва бунинг учун юридик шахс бўлиши шарт, бироқ бундай дўконларнинг аксариятида бундай лицензия йўқ:

- Сотсин сотмасин бир ойга олиш мумкин, уч ойга олиш мумкин, олти ойга олиш мумкин, бир йилга олиш мумкин. Тадбирокр муносабат белгисини олгандан кейин ҳокимият “Бўпти ички ишлар рухсат берибди, пожар рухсат берибди, санэпидстанция берибди, солиқнинг бошлиғи берибди” дейдида, бунга рухсатнома чиқариб беради. Ароқ ва алкогол маҳсулотларини сотиш учун дейди.

Лицензиянинг бир ойлик суммаси тамаки маҳсулотларига минимал иш ҳақининг икки баробари. Энг кам иш ҳақи 49.735 сўм бўладиган бўлса, шунинг икки баробари. Алкоголга тўрт баробар. Ҳар йили янги келадиган йил учун Вазирлар Маҳкамаси олий кенгашда бу ставкалар ишлаб чиқилади ва тасдиқлаб олинади, -дейди Раҳим Даминов.

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қайта ишланганидан сўнг Қонун чиқариш палатаси уни тасдиқлаш учун Сенатга топшириши ва бу тадбир 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигидан кеч бўлмаган муддатда амалга оширилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG