Линклар

Эрон халқаро ҳамжамият вакилларини ўз ядровий объектларига таклиф қилди


Эрон ҳукумати Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, иттифоқчи араб давлатлари ва ривожланаётган мамлакатлар вакилларини ўз ядровий объектларини бориб кўришга таклиф қилди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Эрон вакили Али Асқар Султоний таклиф мактубини Халқаро атом энергияси агентлигида аккредитациядан ўтган элчиларга берган.

Мактубда ядровий объектларга саёҳат 15–16 январ кунлари уюштирилиши билдирилган.

Ассошиэйтед пресс ахборот агентлигининг мактубни кўрган халқаро ташкилотдаги дипломатга асосланиб тарқатган хабарига кўра, таклиф қилинганлар орасида АҚШ вакиллари йўқ.

Бу таклиф Эрон ва дунёнинг олти етакчи давлати ўртасида янги давра музокаралари бошланиши арафасида берилди.

Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий қурол тайёрлашга уринаётганликда айблаб келади. Теҳрон эса бу айбловни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG