Линклар

logo-print

Покистон коалиция ҳукуматидаги иккинчи йирик ҳамкор мухолифат сафига ўтганидан сўнг бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний янги ҳукумат тузиш ҳаракатини бошлади. Ғилоний ўз кабинети тарқаб кетмаслигига ишонч билдириб турган бир пайтда¸ мухолифат ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний ҳукуматдаги иккинчи йирик ҳамкор Муттаҳида қавми ҳаракати 2 январ куни ҳукумат коалициясидан чиқиб, мухолифат сафига қўшилганидан сўнг ҳукумат тарқалиб кетишининг олдини олиш чорасини кўрмоқда.

Айни пайтда Муттаҳида қавми ҳаракатининг Ёшлар масалалари бўйича вазири Файсал Сабзвари душанба куни Карачи шаҳрида журналистларга вазият ҳақида сўзлаб берди.

- Биз 27 декабр куни Кабинет аъзолигидан чиқдик ва бугун биз ҳукумат билан бирга эмас, балки Миллий Ассамблея ҳамда Сенатда мухолифат сафида ўтиришга қарор қилдик. Мухолифатда бўлишимизга қарамай, биз ҳукуматнинг барча ижобий чора-тадбирларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз, - деди собиқ вазир.

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний 342 ўринли Миллий Ассамблеяда кўпчиликни ташкил этиш учун 3 январ куни мухолифат лидерлари билан музокара олиб борди.

Ҳукмрон Покистон халқ партияси раисдоши бўлган Ғилоний журналистларга юзага келган вазиятга ечим топилишига ишончи комил экани ва “ҳукумат тарқалиб кетмаслиги”ни айтди.

Ҳозирда Ғилоний асосий эътиборни собиқ бош вазир Навоз Шариф етакчилигидаги “Покистон мусулмонлар лигаси – Навоз” партияси билан сўзлашувларга қаратган. Таҳлилчилар ҳукуматга ишонч масаласи овозга қўйилса, бу партия овоз натижасига катта таъсир этиши шубҳасизлигини айтмоқдалар.

3 январ куни Ғилоний Навоз Шарифнинг укаси, Пунжоб вилояти вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашди. Навоз Шарифнинг партияси бу масалада вазият ойдинлашишини кутмоқда.

Покистон халқ партияси раисдоши бўлган Покистон президенти Осиф Али Зардорий мамлакат бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийга ишонч билдирди ва унинг етакчилигидаги ҳукумат коалициясини қўллаб-қувватлашини айтди.

Вашингтонда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кроулей Покистондаги сиёсий беқарор вазият мамлакатда жанггариларни йўқ қилиш ҳаракатларини тўхтатиш учун Исломобод ҳукуматига баҳона бўлиши мумкинлиги ҳақида билдирилган хавотирлар ўринсиз эканини айтди.

- Биз Покистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Мен ҳозирги сиёсий вазият уларни қилаётган ишларидан чалғита олади, дея олмайман, - деди Вашингтон расмийси.

Кроулей “парламент системасида бундай воқеалар доим бўлиб туриши”ни қўшимча қилди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 4 январ куни Покистоннинг АҚШдаги элчиси Ҳуссайн Ҳаққоний билан учрашишни режаланган.
XS
SM
MD
LG