Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

Олий суд Асқаров ишини ой охирида кўради


Ҳуқуқ муҳофазаси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровнинг саломатчилиги борган сари ёмонлашаётганидан ташвишдалар.
Ҳуқуқ муҳофазаси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровнинг саломатчилиги борган сари ёмонлашаётганидан ташвишдалар.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши бўйича Қирғизистон Олий судида ўтажак маҳкама шу йилнинг 26 январига белгиланди. Бу ҳақда Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақунов 24.kg ахборот агентлигига маълум қилган.

- Биз оқлов ҳукмини талаб қиламиз ва бу иш юзасидан барча материаллар қайта тергов учун юборилишини сўраймиз, чунки уларда Азимжон Асқаровнинг айби исботланган эмас. Унга нисбат берилаётган айбловларнинг ҳаммаси асоссиз ва бу айбловлар унинг ҳуқуқ фаоли экани, титул миллат вакили бўлмаганию июн воқеалари авжига минган пайтда ўз касбий бурчини бажаргани устига қурилмоқда, - деди Асқаровнинг адвокати Тўқтақунов.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 10 ноябр куни Жалолобод вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ва у билан бирга судланган шахслар ишини қайта кўриб чиқиб, аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Асқаров шу йил июн ойида бўлиб ўтган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинганди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Айни пайтда судланувчилар, шу жумладан, Азимжон Асқаров ўтган барча маҳкамаларда ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳам жалолободлик ҳуқуқ фаоли айбсиз эканини, унга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсий қарор эканини таъкидлаб келадилар.

Асқаровнинг гуноҳи йўқлигини айрим қирғиз расмийлари ҳам эътироф этадилар. Жумладан, Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акун ўтган ойда июн фожеаси пайтида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаровнинг бегуноҳ эканлигини мустақил текширув комиссияси аниқлаганини эълон қилганди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг диққат марказида турибди.

Асқаров айни пайтда 47-ёпиқ жазо муассасасида сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG