Линклар

Душанбеда ҳизбчилар устидан маҳкама бошланди

  • Гулнора Равшан

Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумонланган саккиз шахс устидан маҳкама Душанбе шаҳар суди биносида бўлиб ўтмоқда.

Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумонланган саккиз шахс устидан маҳкама Душанбе шаҳар суди биносида бўлиб ўтмоқда.

Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда айбланаётган саккиз нафар тожикистонлик миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш ҳамда зўрлик йўли билан давлат тўнтариши уюштиришга уринганликда айбланаётгани айтилмоқда.

Ҳизбчиликда айбланаётган Юсуфжон Ҳафизов, Камолхон Салоҳиддинов, Собиржон Абдулҳомидов, Давлатёр Қурбонов, Толиб Нуров, Соли Раҳмонов, Алижон Юсуфов ва Абдураҳмон Каримов устидан маҳкама жараёни 4 январ эрталаб Душанбе шаҳар судида бошланди.

26 ёшдан 43 ёшгача бўлган судланувчиларнинг ҳаммаси тожикистонликлардир.

Эслатиб ўтамиз, 2000 йилда Тожикистон Олий суди Ҳизбут-Таҳрир партиясини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритганидан буён бу партия аъзолари мамлакат ҳудудида жиноий таъқиб қилинади.

Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда айбланаётган бу кишилар устидан тергов ишини ўтган олти ой бадалида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси олиб борган.

Бу борада тафсилот беришдан тийилишини билдирган мазкур идора расмийлари бу фуқаролар мамлакат Жиноят кодексининг 189 ва 307-моддалари, яъни миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш ҳамда зўрлик йўли билан давлат тўнтариши уюштиришга уринганликда айбланаётганларини таъкидлашди.

Бироқ судланувчиларнинг яқинлари бу айбловларни рад қилишмоқда.

Улардан бирининг айтишича, судланувчилар фақат беш вақт намозини ўқиган ва ҳеч қандай ноқонуний иш билан шуғулланмаган.

Аммо суд жараёнининг судланувчилар шахсини эълон қилиш қисмида бугун улардан икки нафари, яъни Камолхон Салоҳиддинов ва Толиб Нуров илгари ҳам Ҳизбут-Таҳрирга аъзолик айби билан озодликда маҳрум қилингани маълум бўлди.

- Тўғри, укам аввал ҳам ҳизбчи, деб қамалганди. Ўшанда ҳам ноҳақ қамалган. Лекин озодликка чиққандан кейин 2009 йилгача Россияда яшаб, ишлаган. Ҳеч қандай ташкилотга аъзо бўлмаган. Россияда арава тортиб, кунини кўрган. Болаларини кўриш учун Тожикистонга келганда яна қайтадан қўлга олишди, дело очишди. Укам ҳам ўзига қўйилаётган айбларга иқрор эмас, - дейди судланувчи Толиб Нуровнинг акаси Шоди Нуров.

У укасининг уйида тинтув ўтказган миллий хавфсизлик ходимлари Толиб Нуровнинг айбини исботловчи бирорта ҳам ашёвий далил топмаганларини ва бунга гувоҳлар ҳам борлигини айтди.

Очиқ маҳкама жараёнида қатнашаётганлардан бири Жамолиддин Салоҳиддинов бугун қора курсига ўтирган саккиз нафар битта умумий жиноятда айбланаётганини айтади.

- Ўтган йилнинг 20 апрелида Душанбе шаҳридаги Водонасосний маҳалласида миллий хавфсизлик ходимлари акам Камолхон Салоҳиддиновни бир ўртоғи билан қўлга олишган эди. Ўша куни маҳалланинг бу воқеани кузатиб турган одамларига хавфсизлик ходимлари: “Булар Роғунни портлатмоқчи бўлишгани учун қўлга олинди”, деб айтганди. Ишни олиб борган терговчилар эса ўша тинтув чоғида йигитлардан битта флэш-карта топилганини айтишганди. Унда Роғун ГЭСи билан боғлиқ маълумотлар борлиги айтилди. Биринчи терговдан кейин эса мана шу қолган 6 нафар ҳам бу ишга шерикликда айбланиб, қўлга олинди. Ҳозир булар ҳизбчиликда айбланиб, судланаяпти. Ўзи аслида буларга қўйилаётган айб нималигини тушунмай қолдик, - дейди судланувчи Камолхоннинг укаси Жамолхон.

Асли хўжандлик бўлган Жамолхон Салоҳиддинов укаси Камолхонга айблари босим ўтказиш йўли билан иқрор қилдирилганини қўшимча қилди.

Биз ўзимизни қизиқтирган саволлар билан судланувчиларнинг адвокатларига ҳам микрофон тутдик. Бироқ улар маҳкама жараёни тугамагунича журналистларга интервью бермасликларини айтишди.

Душанбе шаҳар судяси Муҳаббат Шамсиддинованинг билдиришича, мазкур иш бўйича суд жараёни жорий ой ўрталарига қадар давом этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG