Линклар

Йилбошида ишга келиб дарҳол ëмон хабар билан дучлашдим. Андижон исëнидан кейин қочиб Чехиядан бошпана олган бир дўстимнинг Андижонда қолган 6 яшар қизалоғи қизамиққа чалиниб оламдан ўтибди. 13 май Бобур майдонидаги қонли жумадан уч кун ўтиб дунëга келган бир чечак эди у.


Бу қиз 2005 йилнинг 16 майида Андижонда туғилган эди.

Чўлпон айтмоқчи¸ кўз ëшлардан унган бир чечак.

Шунча ўлимдан кейин бу қизнинг дунëга келиши тирикликнинг умид муждаси каби эди.

Қизалоқнинг отаси Қирғизистондаги қочқинлар жамлоғида чодир ичида жон сақлар¸ орқада Андижон¸ олдинда эса мавҳумлик...

Бу байт эса Махтумқулидан:

Ватанимда хон эдим¸
Хонларга фармон эдим
Дардларга дармон эдим¸
Жонсизларга жон эдим
Найлай энди¸ бечораман.


Юракда эса бирор соатдан кейин юртга қайтиш¸ болаларни бағирга босиш умиди.

Аммо ота ўз қизини бағрига боса олмади. Қиз отанинг¸ ота эса қизнинг дийдорига мушарраф бўлмади. Фақат телефонда гаплашиб туришди.

Қизалоқнинг ўлимидан бир кун олдин ҳам ота ва қиз суҳбатлашишди. Орада 6000 километр ва 6 йил эди.

Қизалоқнинг тиллари бурро¸ овози қўнғироқдай ëқимли эди.

Қизамиққа чалинган қизалоқ¸ ўлим олди оғриқ талвасасидан тишларини шу қадар қаттиқ қисганки¸ юқори жағ пастки жағ орасига кириб кетган...

Бу қизалоқ ўзининг мурғак елкасига тушган оғир дардга тишини тишига қўйиб ҳам чидай олмади - у бу оламни тарк этди.

Бу мисралар Рауф Парфидан:

Оғзим тўла ҳаёт.
Бинафшанинг шамоли,
Мен шўх болакайман
Отаси ташлаб кетган,
Онаси ташлаб кетган,
Оғзимга тўлиб қолган ҳаёт.


Андижонда бундан олти йил муқаддам рўй берган исëн мавзуси эскиргандай. На БМТ¸ на Европа Иттифоқи ва на Қизил хоч бу мавзуни кўтармай қўйди.

Ҳолбуки Андижонда қочқинларнинг болалари қолмоқда. Бир муддат бу болалар исëнчи оталарининг оғзи юмилиши учун гаров ҳам бўлишди.

Бу болалар олти йилдан бери айрилиқ ғамини мурғак елкасида ташимоқда.

Бу айрилиқ бошланганидан 10 ëш бўлганлар бугун 16га кирди.

Бу болаларнинг айби нима? Нега улар бундан олти йил бурунги исëн учун балогардон бўлмоқда?

Бу байт яна Махтумқулидан:

Ул нимадир, одамларга кўринмас,
Ул балодир, келса кўзга кўринмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG