Линклар

logo-print
Эрон ҳукумати Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, иттифоқчи араб давлатлари ва ривожланаётган мамлакатлар вакилларини ўз ядровий объектларини бориб кўришга таклиф қилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Эрон расмийси Али Асқар Султоний таклиф мактубини Халқаро атом энергияси агентлигида аккредитациядан ўтган элчиларга берганини хабар қилган эди.

Бугун бу ҳақда баёнот берган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Рамин Меҳмонпараст бу ҳаракат Теҳроннинг яхши нияти белгиси эканини айтди.

- Турли давлатлар элчиларини бизнинг ядровий иншоотларимизни кўздан кечириш учун берилган таклиф давлатимизнинг яхши ниятда экани ва тинч мақсадлар йўлида иш олиб бораётганини яна бир бор намойиш қилди”, деди Эрон расмийси.

Эрон ҳукумати ядровий объектларга саёҳат 15–16 январ кунлари уюштирилиши мумкинлигини айтмоқда.

Ассошиэйтед пресс ахборот агентлигининг мактубни кўрган халқаро ташкилотдаги дипломатга асосланиб тарқатган хабарига кўра, таклиф қилинганлар орасида ҳозирча АҚШ вакиллари йўқ.
XS
SM
MD
LG