Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:06

Покистонда уч кунлик миллий мотам эълон қилинди


Покистоннинг энг катта вилояти ҳисобланган Панжоб ҳокими Исломобод шаҳрида суиқасд қурбони бўлди. Ҳукмрон партиянинг юқори лавозимли аъзоси бўлган Салмон Тасир Панжоб вилоятида кучайиб бораётган исломий жанггарилар ва мамлакатнинг шаккоклик ҳақидаги қонунини очиқ танқид қилиб келаётган эди.

Панжоб вилояти ҳокими Салмон Тасирни Исломободдаги уйи яқинида ўз қўриқчиларидан бири отиб ўлдирди.

Расмийларга кўра, қўриқчи Ислом динини ҳақорат қилганлик учун ўлим жазоси белгиланган шаккоклик ҳақидаги қонунни ҳоким танқид қилгани учун уни ўлдирганини айтган.

Тасир касалхонага олиб борилганидан кейин жон таслим қилган.

Панжоб ҳокимининг суиқасд қурбони бўлгани телевидение орқали эълон қилинди.

- Хавфсизлик кучлари минтақани тўла қамал қилди. Ҳокимнинг матбуот котиби Панжоб ҳокими Салмон Тасир федерал пойтахтда ўлганини тасдиқлади, - деди Покистон телевидениеси бошловчиси.

Хабарларга кўра, отишма пайтида яна беш киши яраланган ва ҳужум қилган шахс қўлга олинган.

Гувоҳларнинг Ройтерс телевидениесига айтишларича, Салмон Тасир автомобилдан тушганидан кейин отиб ўлдирилган.

Савдо маркази ходими Вақос Ризога кўра, ҳоким ерга йиқилганидан кейин уни отган шахс қуролини ташлаб икки қўлини кўтарган.

- Уч марта ўқ овози эшитилди. Биз ичкарида ишлаётган эдик. Ўқ тегиб ерга йиқилган одам кимлигини кўриш учун воқеа жойига шошиб бордик. Ерга қон оқиб кетган эди. Хавфсизлик кучлари дарҳол етиб келди, - деди воқеа гувоҳларидан бири.

Тасир 2007 йилда Бош вазир Беназир Бҳутто суиқасд қурбони бўлганидан бери Покистонда отиб ўлдирилган биринчи юқори лавозимли расмий бўлди.

Вашингтонда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кроулей воқеа ҳақида буларни айтди.

- Бизнинг нуқтаи назардан (ҳоким Салмон Тасирнинг ўлими) бу катта йўқотиш. У ҳукумат ва Покистон халқининг мамлакатга тинчлик ва барқарорлик олиб келиш йўлидаги уринишларига ёрдам беришга бел боғлаган эди, - деди АҚШ расмийси.

56 ёшли Панжоб ҳокими Салмон Тасир Беназир Бхутто бошчилик қилган Покистон халқ партиясининг мўътадил қарашдаги юқори лавозимли аъзоси ва президент Осиф Али Зардорийнинг яқин иттифоқчиси эди.

Яқинда Тасир Ислом динини ҳақорат қилган ҳар қандай шахсга ўлим жазоси белгиланган шаккоклик ҳақидаги қонунни танқид қилган.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик мухбирларга гумондор шахс полицияга “ҳоким шаккоклик ҳақидаги қонунни қора қонун, деб атагани учун уни ўлдирган”ини айтганини билдирди.

Қўлга олинган шахсни сўроқ қилаётган расмийлар унинг исми Мумтоз Қадрий эканини ва у ҳокимни отиб ўлдирганидан ғурурланишини айтганини маълум қилдилар.

Салмон Тасирнинг ўлими Покистоннинг коалиция ҳукуматидаги иккинчи йирик ҳамкор мухолифат сафига ўтганидан сўнг Бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний янги ҳукумат тузишга уринаётган пайтга тўғри келди.

Ғилоний Панжоб вилояти ҳокими ўлими муносабати билан мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилди ва Покистон халқ партияси тарафдорларини тергов жараёнига халал бермаслик учун “оғир босиқ бўлиш”га чақирди.

Айни пайтда АҚШ, Европа Иттифоқи ва БМТ Панжоб ҳокими Салмон Тасир ўлдирилганини қоралади. АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Салмон Тасирга қарши уюштирилган суиқасдни қоралаб, унинг ўлимини Покистон учун “катта йўқотиш”, дея атади.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси Катерин Эштон мазкур қотилликни кескин қоралаш баробарида Покистон ҳукуматини масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Панжоб вилояти ҳокимининг ўлдирилганини қоралаб, бу Покистон учун катта йўқотиш эканини айтди.

Панжоб вилояти ассамблеясининг анча вақтдан бери аъзоси бўлиб келган Салмон Тасир 2008 йилда вилоят ҳокими этиб тайинланган эди.
XS
SM
MD
LG