Линклар

Тожик расмийлари Раштда Али Бедакий ўлдирилганини даъво қилмоқда

  • Гулнора Равшан

Сўнгги тўрт ой давомида Рашт водийси Тожикистоннинг энг хавфли минтақаларидан бирига айланиб қолган эди.

Сўнгги тўрт ой давомида Рашт водийси Тожикистоннинг энг хавфли минтақаларидан бирига айланиб қолган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат шарқида ҳукумат кучларига қарши бош кўтарган Али Бедакий лақаби билан танилмиш мухолифат собиқ лидерларидан бири Аловиддин Давлатов ўлдирилган.

Рашт водийсида мухолифатнинг собиқ лидерларидан бири Али Бедакий ёки Аловуддин Давлатов ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолларидан бири, тожик жамиятида мулла Абдулло лақаби билан танилган Абдулло Раҳимов ҳамда уларнинг ноқонуний қуролланган гуруҳи ўтган йил кузидан буён Тожикистон ҳукумат кучларига қарши курашиб келар эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, мухолифат собиқ лидери Али Бедакий 4 январ куни Рашт водийсининг Руноб қишлоғида ҳукумат кучлари олиб борган махсус амалиёт чоғида ўлдирилган.

- Рунобдаги амалиётлар чоғида саккиз нафар жанггари йўқ қилинди. Улар орасида Али Бедакий ҳам бор эди. Шунингдек, яна бир жанггари қўлга олинди, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Муҳаммаджон Назриев.

Аммо ўлдирилган жанггарилар орасида мулла Абдулло ҳам бор ёки йўқлиги маълум қилинмади.

Али Бедакий ва унинг тарафдорлари ўлдирилгани ҳақидаги маълумотни собиқ мухолифат лидерларидан бири Олим Одилов ҳам тасдиқлади.

Унинг айтишича, Рунобдаги амалиёт у ердаги уйлардан бирининг оғилхонасида жанггарилар яширингани ҳақидаги хабар мамлакат Миллий хавфсизлик масъулларига етказилганидан сўнг бошлаб юборилган.

- Бугун эрталаб (4 январ назарда тутилмоқда, - таҳр.) Рунобдаги уйларнинг биридаги оғилхонага жанггарилар яширингани ҳақидаги хабарни олган ҳукумат кучларидан иборат катта гуруҳ Рунобга юборилди. Бу гуруҳ таркибида Мудофаа ва Ички ишлар вазирлиги аскарлари, Миллий хавфсизлик ходимлари бор эди. Бу қўшма амалиётда ҳақиқатдан Али Бедакий гуруҳи ўлдирилган ва яна бир жанггари эса қўлга олингани ҳақида хабарлар бор, - деди Олим Одилов.

Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, 4 январ куни Тожикистон давлат телевидениеси махсус дастурида Рунобдаги амалиёт натижалари намойиш қилинар экан, ўлдирилган жанггарилар жасади орасида Али Бедакий жасади кўрсатилмади.

Айрим хабарларга кўра, мазкур амалиёт чоғида ҳукумат кучларининг уч нафар аскари ҳалок бўлган. Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Тоҳир Норматов бу маълумотларни тасдиқламади. Унинг айтишича, Руноб амалиётида ҳукумат кучлари талафот кўрмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон шарқи Рашт водийсида мулла Абдулло ва Али Бедакий бошлиқ ноқонуний қуролланган гуруҳга қарши ҳукумат кучларининг амалиёти шу йил сентябрида бошлаб юборилган эди.

Ўтган йил сентябр ойининг иккинчи қисмида Тожикистон Мудофаа вазирлигининг 28 аскари Камароб даррасида номаълум кишилар ҳужумига учраб ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат кучларининг тўрт мингдан ортиқ аскари бу минтақага сафарбар қилинди.

Шундан сўнг Рашт водийсининг бир неча қишлоқларида, жумладан, Камаробда қақшатқич амалиётлар бошлаб юборилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бу амалиёт натижасида ҳукумат кучларининг тахминан 80 дан ортиқ аскари ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Мудофаа вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари экани айтилади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийларининг маълум қилишича, жанггариларнинг ҳаммаси деярли йўқ қилинган.

2009 йил ёзида Афғонистондан Тожикистонга ўтган, Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолларидан бири саналган ва сўнги икки йил давомида мамлакат шарқида Тожикистон ҳукумат кучларига қарши қуролланган жангариларга раҳбарлик қилиб келган мулла Абдулло тақдири эса ҳамон номаълум қолмоқда.

Расмийларнинг билдиришича, айни кунларда Рашт водийсида амалиётлар поёнига етган ва ҳукумат кучларини бу водийдан олиб чиқариш тадбири бошлаб юборилган.
XS
SM
MD
LG