Линклар

logo-print

Бишкекда уч милиционер ўлдирилди


Бишкекнинг овлоқроқ мавзелардан биридаги меҳмонхонада яшаган кишиларнинг милиция ходимларини Калашников автоматидан ўққа тутгани айтилмоқда.

Бишкекнинг овлоқроқ мавзелардан биридаги меҳмонхонада яшаган кишиларнинг милиция ходимларини Калашников автоматидан ўққа тутгани айтилмоқда.

4 январ куни кечқурун Бишкекнинг 8-районида номаълум шахслар томонидан уч нафар милиция ходими отиб ўлдирилди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бу воқеада “ваҳҳобийлар”ни, Миллий хавфсизлик хизмати эса “жиҳодчилар”ни айбламоқда.

5 январ куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев тунда бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини гапириб берди.

Вазирга кўра, 4 январ куни кечқурун 3 нафар милиция ходими шахсий меҳмонхоналардан бирида паспорт текширувини ўтказган. Навбатдаги хона текширилаётган пайтда мазкур хонада истиқомат қилаётган одамлар Калашников автоматидан милиция ходимларига қарата ўқ отганлар. Натижада уч милиция ходими воқеа жойида ҳалок бўлган.

- Биз бу одамларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлдик. Уларнинг суратлари интернетга жойлаштирилди. Бугун бу суратлар барча оммавий ахборот воситаларига етказилади. Бизнинг тахминимизча, милиция ходимларига қарата ўқ отганлар диний экстремистлар, аниқроқ айтганда “ваҳҳобийлик” ҳаракатининг аъзоларидир, - деди Зарилбек Рисалиев.

Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Марат Иманқулов Ички ишлар вазирининг бу баёнотини рад этди. Унинг айтишича, милиция ходимларини ўлдирганлар “Жиҳодчилар” ташкилоти аъзоларидир ва муқаддам бу шахслар қидирувда бўлган.

- Бу ташкилот 20 одамдан иборат бўлган. Олдинроқ уларнинг 7 нафари қамоққа олинган, бештаси қидирувга берилган эди. Бу ташкилот фаоллари телефон орқали Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Россия ва АҚШ билан боғланиб туришган. Бу ташкилот фаоллари Бишкекдаги спорт саройи олдидаги портлашни уюштирганликда, Бишкек милициясини портлатишга ҳаракат қилганликда ва АҚШ фуқаросига ҳужм қилганликда айбланмоқдалар, - деди Марат Иманқулов.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари расмийлари мазкур гуруҳ Бишкекнинг бир қатор супермаркетларида ҳам портлашларни уюштирмоқчи бўлганликларини ҳам айтиб ўтдилар.

Расмийларга кўра, 4 январ куни кечқурун Бишкекнинг Восток-5 туманида ҳам портловчи мослама топилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги 2010 йилнинг ноябр ойидан бошлаб Бишкекда террорчиликда гумон қилинган шахсларни қўлга олмоқда. Айни пайтда уларнинг сони ўн кишидан ортиб кетган, 39 киши эса қидирувга берилган.

Террорчиликда гумон қилинганлар қўлга олингунига қадар қирғиз расмийлари “террорчилар миллий айирмачилар ҳаракати фаолларидир ва уларни ҳозир қочқинликда юрган ўзбек лидерлари молиялаштираётган бўлиши мумкин” қабилидаги тахминларни айтиб келганлар.

Янги йил арафасида эса Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Кенешбек Дуйшебаев террорчиликда гумон қилиниб, ноябр ойидан бери қўлга олинаётган террорчиларнинг барчаси қирғиз миллатига мансуб экани ва уларнинг “Жиҳодчилар” ҳаракати фаоллари эканини маълум қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG