Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:00

Тожикистонда диний китоблар тарқатилиши чекланди


Тожикистонда диний мазмундаги адабиётлар бўйича чеклов республика Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган баъзи қўшимчаларнинг 2011 йилнинг 1 январдан бошлаб кучга кириши ортидан кучайтирилди.

Қонундаги янги ўзгартиришлар Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин қўмитаси экспертизасидан ўтмаган диний адабиётлар, диний таълим учун керак бўладиган барча турдаги адабиётларни чоп этиш, экспорт ва импорт қилиш ва мамлакат ичкарисида тарқатиш билан шуғулланган шахсларга берилажак маъмурий жазони оғирлаштиради.

Жисмоний шахслар 30 дан 50 кўрсаткичгача жарима тўлаши лозим бўлади.

Айни пайтда Тожикистонда бир кўрсаткич (жарима учун белгиланган сумма – таҳр.) 35 сомоний ёки 8 АҚШ доллар миқдоридаги маблағни ташкил қилади.

Маълум лавозимлардаги шахсларга 50 дан 100 кўрсаткичгача ва ҳуқуқий шахсларга эса 100 дан 150 кўрсаткичгача жарима белгиланади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Мавлон Мухторовнинг маълум қилишича, бир йил давомида қонунга хилоф иш тутган шахсларга янада катта миқдорда жарима белгиланади.

- Жисмоний шахслар 50 дан 70 кўрсаткичгача, масъул шахслар 100 дан 150 кўрсаткичгача ва ҳуқуқий шахслар 200 дан 300 кўрсаткичгача жаримага тортилиши муқаррар қилиб белгиланган. Шу нуқтаи назардан, диний адабиётлар муаллифлари ҳам, бу адабиётларни импорт ва экспорт қилиш мақсади бўлган шахслар ихтиёридаги адабиётларни албатта давлатнинг махсус экспертизасидан ўтказиши шарт, - дея таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Мавлонов.

Тожик расмийси қонундаги янги ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатда диний адабиётлар тарқатилишини тартибга солиш эканини қўшимча қилди.

Бироқ мустақил таҳлилчиларнинг бу борада қарашлари турлича.

Бир гуруҳ таҳлилчилар диний-экстремистик руҳдаги адабиётларнинг халқ орасида тарқалиши олдини олиш учун бундай чекловлар айни муддао эканини айтсалар, бошқа бир гуруҳ кузатувчилар “шошма-шошарлик билан қабул қилинган бундай қонунлар фуқаролар диний савиясини кемтиклаштириши мумкин”, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

- Ўйлашимча, бу ердаги шароитдан келиб чиққан ҳолда бу қонунлар ўз вақтида қабул қилинган. Чунки бизда халқнинг савияси паст. Экстремистик мазмундаги адабиётлар чиқсаям, бу ерда ўшани ҳақиқат, деб қабул қилиш кўп учрайди. Шунинг учун бу нарсанинг назоратга олингани жуда тўғри. Масалан, Европа мамлакатларида халқнинг савияси баланд. Экстремистик руҳдаги ёки турли жанжаллларга даъват этувчи адабиётлар ўз-ўзидан у ердаги бозорларда ўтмайди, - дейди мустақил кузатувчи Ҳабибулло Ҳаким.

Шу ўринда айтиб ўтсак, диний адабиётлар Тожикистон бозорларига асосан Ўзбекистон, Эрон ва Араб давлатларидан олиб киритилади.

- Бизга чет давлатлардан, жумладан, Ўзбекистондан киритилаётган диний китоблар замона талабига жавоб бера оладиган китоблардир. Албатта иқрор бўлиш керак - Эрондан киритилаётган айрим диний китоблар бизнинг мазҳабимизга тўғри келмайди. Лекин мана тожикистонлик ўзбеклар Ўзбекистонда нашр қилинган диний адабиётлардан жуда яхши фойдаланишмоқда. Қани, бизда шундай китоблар ёзилаяптими? - дея савол ташлар экан дин соҳаси бўйича таҳлилчи Худойберди Эгамбердиев буни “қонунга янги қўшимчалар киритилишини мамлакатда Исломнинг таъсири кучайиб бориши ортидан иқтидордаги ҳукуматнинг хавотирлари ҳам кучаяётгани исботи”, дея талқин қилади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили республика бўйлаб ўтказилган қатор рейдлар натижасида Тожикистон диний қўмитаси тартибларига мувофиқ келмайдиган кўплаб диний адабиётлар тарқатиш билан боғлиқ кўплаб қонунбузарликлар фош этилган. Шунингдек, мамлакатда рухсатномаси бўлмай туриб, диний адабиётларни чоп этаётган босмахоналар ҳам борлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тожикистонда диний адабиётларнинг ёруғ кўришини назорат қилиш билан бир қаторда соқол қўйган эркакларни таъқиб этиш ҳам авжига чиқди.

Соқолни “пайғамбар суннати” дея, имкон қадар бунга амал қилишга уринган мусулмонлар республика ҳуқуқ-тартибот идораларида соатлаб тергов қилинди.

Шунингдек, сўнгги бир неча йил давомида тожикистонлик муслима аёлларга Жума намозларини ўқиш имконини бериб келган ягона масжид эшигига қулф солинди.
XS
SM
MD
LG