Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Ходорковский устидан маҳкама рассомлар нигоҳида


Кўргазма "Казнить нельзя помиловать" деб аталди. Рус тилига хос бўлган бу жумлани ўзбек тилига таржима қилиб бўлмайди. Чунки унда вергул биринчи сўздан кейин қўйилса, "қатл қилинсин", иккинчи сўздан кейин қўйилса, "авф этилсин", деган маъно келиб чиқади.


Михаил Ходорковский ва Платон Лебедов устидан ўтган суд жараëнини рассомлар қўлида қаламу қоғоз билан кузатишди. Суд жараëни суратларини чизишди.

Москвадаги "Янги галерея" бу суратлардан кўргазма ташкил қилди.

Кўргазма совет давридаги ярим пинҳоний кўгазмаларга ўхшайди¸ дейди тадбир ташкилотчиси ва рассом Екатерина Белявская

- Мен бир ярим йил давомида судга расм чизиш учун бордим. Мендан бошқа рассомлар ҳам боришди суд жараëни расмини чизишга. Масалан Ция Озерова билан аввалдан танишман. Биз биргаликда "Суд расмини чизамиз", деган лойиҳада иштирок қилганмиз. Мен уни судга бориб расм чизишга ундадим. Рассом Настя Захарова билан бирга ўқиганмиз. Рассом Владимир Мишуков билан судда танишдим. Мусаввир Гарри Бардинни илгаридан билардим,- дейди кўргазма куратори.

Суд жараëнини суратларга мухрлаëтган рассом Гарри Бардин мултфилмлар яратиш билан ҳам шуғулланади. У ўзи яратган охирги мултфилм қахрамони "Иркит ўрдакча" бурнига нақ Ходорковский кўзойнагини илиб қўйди. Мултфилм мажоз тарзида Ходорковский устидан ўтаëтган суд жараëнини масхара қилади.

Бу мултфилмга ишланган суратлар ҳам кўргазмадан ўрин олган. Кўргазмада таниқли фотограф Юрий Ростга оид бир икки фотосуратлар ҳам бор.

Булар энди таниқли рассомлар. Улар қаторида ëш рассомлар ҳам Ходорковский маҳкамасида кўрганларини тасвирий санъат асарига айлантиришди.

Кўргазмадан Кремлнинг Ходорковскийни тазйиқ қилгани ҳажв қилинган карикатуралар ҳам ўрин олди.

Бу карикатуралар муаллифи Екатерина Белявская гапиради.

- Бу расмлар "Михаил ва Платон мўъжизалар мамлакатида ", деб аталган туркумдан. Масалан, мана бу расм "Атиргул тирсаккача қонга ботди", деб номланди. Бу айнан "Алиса мўъжизалар мамлакатида", деган эртакдаги манзарадир. Билсангиз эртакда атиргулларни бўяшади. Мана бу эса "Виктория Роуд", деб аталади. Чунки судда кулгили воқеа рўй берди. Прокурор Лахтин Виктория Роуд деган гувоҳ аëлни судга олиб келинг талаб қилди. Кейин маълум бўлишича бу аëлнинг эмас балки кўчанинг номи экан. Мен прокурор Лахтинга махлиëман. Одамни мафтун қиладиган ғамгин масхарабоз у.

Рус рассомларида Путинни ҳажв қилишга жасорат бор.
Екатрина Белявскаяга оид асарлардан бири "Тикувчи моторист", деган инсталлация. Михаил Ходорковский қамоқда тикувчи моторист касбини яхши ўзлаштирмагани учун унга қамоқдан эрта озод бўлиш ҳуқуқи берилмаганига ишора бу.

Кўргазмадан ўрин олган яна бир инсталлация ҳақида айни асар муаллифи Владимир Бордо гапиради.

- Бу инсталлацияни яратилишига Орсон Уеллс, Кафканинг "Маҳкама" асари асосида суратга олган филми туртки бўлди.

Нега сизнинг асарларингиз фақат оқ-қора ранглардан иборат, деб савол берамиз рассомга:

- Оқ-қора ранглар қонун ижрочиларига аталган. Улар Орсон Уеллс филмида нуқул судланувчини таҳқирлашади. Мана бу уч литрлик идишда турган нарса нефт. Биз бу ишоралар воситасида Кремлнинг хақсиз эканини кулги ва кесатиқ тарзида ифодаладик.

Кўргазма "Казнить нельзя помиловать", деб аталди. Рус тилига хос бўлган бу жумлани ўзбек тилига таржима қилиб бўлмайди. Чунки унда вергул биринчи сўздан кейин қўйилса, "қатл қилинсин", иккинчи сўздан кейин қўйилса, "авф этилсин", деган маъно келиб чиқади.

Москвада намойиш қилинаëтган бу кўргазма 15 январгача давом этади.
XS
SM
MD
LG