Линклар

Етти йилдан буён тўшакка михланиб ётган тўрткўллик 43 ёшли Зулфия Бегалиева ўзига 190 АҚШ доллари ёрдам пули жўнатган Озодлик мухлисларидан беҳад миннатдор эканини айтади. Шифокорлар ваъдасига кўра, опани оёққа турғазиш учун 1000 АҚШ доллари йиғилса кифоя.

Тўрткўллик Зулфия Бегалиева молиявий ёрдам сўраб, Озодлик радиоси орқали қилган мурожаатидан сўнг унга илк ёрдам пуллари етиб борди.

Зулфия опанинг сўзларига кўра, ундан ҳол-аҳвол сўраб, телефон қилганлар ҳам бўлмоқда, имкони қадар маблағ йўллаётганлар ҳам бўлмоқда.

Уч кун муқаддам эса унинг ҳисоб рақамига илк 190 АҚШ доллари миқдоридаги пул келиб тушган.

Унинг ҳаётига хавф солиб турган суяк емирилиши билан боғлиқ дарддан фориғ бўлиши учун эса унга жами 1000 АҚШ доллари миқдорида пул керак. Бу фақат дори-дармон учун. Бу аёлни даволаётган профессор унинг оёққа туришига ишончи комил ва етти йил тўшакда бу аёлнинг операцияси учун маблағ олмаслигини айтган.

- Хорижда юрган наманганлик ака-укалар бор экан. Биттаси 140 доллар жўнатибди. Бу ерга келиб тушди. Уни ҳали бизнинг қўлимизга беришмаяпти "банкда пул йўқ" деб. Яна биттаси номаълум. Ўзининг кимлигини ҳам айтмабди. Телефон рақами бор фақат. 50 доллар жўнатибди. 190 доллар келиб тушди ҳаммаси бўлиб.

Озодлик: Неча кунда келиб тушди бу?

- 29 декабрдан бери. Пулнинг келиб тушганига икки кун бўлди ҳали.

Озодлик: Сиздан ҳол-аҳвол сўраб телефон қилганлар ҳам бўлдими?

- Ҳа, бўлаяпти. Ҳали битта аëл телефон қилди. Америкадан битта йигит телефон қилди. Ишқилиб, жуда қувониб, ўтирган еримда қанотсиз учаяпман. Менинг докторим билан гаплашган экансизлар. Сиз гаплашганмисиз ëки ...

Озодлик: Меҳрибон гаплашган.

- Ўша: “10 январдан олдин келинг, мен сизни операция қилиб, Москвага кетаман” деб кеча телефон қилди.

Озодлик: Бу пул жарроҳликка етадими?

- 1000 доллар бўлса етади. “Мен ўзим сизни оëққа турғизаман. 1000 доллар бўлса етади. Бепул ëтқизаман”, деди. Ҳозир бу ерда менинг нафақаларим тўхтаб қолган. Уч ойлик нафақам турибди. Ўшаларни беришса, бу ерда ëрдам фонди бор. Бизнинг пул билан 500 мингдан ошади. Барибир кам. Менинг сизларга ҳеч қандай миннатим йўқ. Мен сизлардан жуда миннатдорман. Тариф қилгудай сўз йўқ менда. Менга ëрдам қўлини узатаëтганларга катта раҳмат. Озодлик радиоси орқали етишаяпман мен бу нарсага. Менинг шоираликка даъвом йўғу, “Шифо сўрайман” деган бир шеърим бор эди. Ўқиб бераман сизга.

Озодлик: Марҳамат.

Тиламасман олтин кумуш,
Молу дунë сўрамасман,
Ë Раб, оғирми шу юмуш,
Соғлиғимни бергин менга.

Шукур дерман берганингга,
Яхши кунинг ҳар дамингга,
Шубҳанг борми ë сабрингга,
Оëқларим бергин менга.

Шундай жондан тўйиб бўлдим,
Ўзгаларни ўз ўрнимга қўйиб кўрдим,
Менга бердинг бу синовни қуллуқ қилдим,
Қадамларимни қайтиб бергин менга.

Зулфия дер мурувватинг ҳаммага тенг,
Раҳминг келсин, эй Худойим, караминг кенг,
Ҳақсан ўзинг ҳар ерда ҳозиру нозир,
Тилакларим ижобатин бергин менга.

Мен учун қайғураëтган ҳаммангиздан миннатдорман. Миннатдорчилигимни мен қайси йўл билан билдирсам. Агар менга насиб қилса, амалиëтдан кейин етти йилдан бери насиб қилмаган мўъжиза агар оëққа турсам, мен сизларни зиëрат қиламан, Худо хоҳласа. Мен буни сўз билан тасвирлай олмаяпман. Ўшани айтмоқчи эдим. Соғ бўлинг ҳаммангиз. Саломат юринглар, - дейди Зулфия опа.



Банк реквизитлари:

Turtkul Milliy bank (АҚШ доллари учун)
202068 40 69 99 76 07 3 001
MFO: 00846

Turtkul Halq bank (ўзбек сўми учун)
29801000100000633018
MFO: 00633
INN: 200371056

Western Union ёки бошқа пул ўтказмалари учун:
Uzbekistan. Karakalpakistan. Turtkul region.

Zulfiya Begalieva.
Паспорт: CK 052 55 28
Tel: +998941453950

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG