Линклар

Ўзбек қамоғидан яна бир йигитнинг ўлиги чиқди


Янги йил бошланиб улгурмасдан Ўзбекистонда яна бир эътиқод маҳбуси уйига тобутда жўнатилди.

Янги йил бошланиб улгурмасдан Ўзбекистонда яна бир эътиқод маҳбуси уйига тобутда жўнатилди.

4 январ куни Навоий қамоқхонасидан тошкентлик 32 ёшли маҳбус Улуғбек Ғофуровнинг жасади чиқди. 11 йилдан буён диний айбловлар билан қамоқ жазосини ўтаб келган Улуғбек Ғофуровнинг қийноқлар натижасида нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда.


Улуғбек Ғофуровнинг жасади солинган тобут 4 январ тунда Тошкентнинг Себзор маҳалласидаги уйига олиб келинди ва 5 январ куни тонгдаёқ уни дафн қилишди.

Бу ҳақда Озодликка Улуғбекнинг онаси Зуҳра опа маълум қилди.

- Ўғлим ўша ерда нима қилиб шаҳид бўлган. Кеча кечки соат бир ярим-иккиларда олиб келишди. Эрталаб бомдодга чиқардик. Жаслиқдан Навоий 46га олиб келишган эди. У ерда 15 кун бўлди. 15 кунда олиб келишди,- дейди Зуҳра опа.

Зуҳра опа ўтган йилнинг 5 ноябр куни Жаслиққа бориб ўғли билан учрашганини, ўша пайтда Улуғбекнинг соғлиги яхши бўлганини ҳам гаприб берди.

1999 йили Улуғбек Ғафуров Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилганликда айбланиб, жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Қамоқ жазосининг сўнгги йилини ўтаётган Улуғбек Ғофуров Жаслиқда қўлланилган қийноқлар оқибатида жон бергани тахмин қилинмоқда.

Ўтган йилнинг 19 ноябр куни Жаслиқда бир гуруҳ маҳбуслар қамоқхонадаги бедодликларга норозилик сифатида очлик эълон қилишган эди.

Жаслиқдаги маҳбус ўғли билан учрашиб қайтган Нодира Каримованинг Озодликка айтишича, очлик эълон қилган маҳбуслар орасида Улуғбек Ғофуров ҳам бўлган ва ушбу акциядан сал ўтиб у Навоийдаги 64/46 жазони ўташ муассасасига жўнатилган эди.

- 19 ноярб куни Жаслиқда зулм жуда ҳам кучли бўлган. Ҳаммасини олиб чиқиб, бош-кўзи демай, ҳаммасини уриб, дабдала қилиб ташлашган. Кечирим хати ëзасан деган. Зулмдан кейин кечирим хати ëзишган. Ўша куни болаларни изоляторга ташлаб, ШИЗО дейишаркан, ўша ерда азоб кучли экан, қийнаганда болаларнинг овози эшитилмасин деб мусиқа қўйиб қўяр экан. Мусиқа баландлигидан азоб бераëтганини билишган болалар очлик эълон қилишибди. Очлик эълон қилганлардан биттасини, мен бугун эшитдим, Навоийда 46га жўнатишган экан. Улуғбек деган бола. Бугун эрталаб жанозасини ўқишди. Уйига олиб келишди ўлигини. Шаҳид бўлибди ўша бола. Улуғбек деган себзорлик бола. Жаслиқда эди. Жаслиқдан у ëққа жўнатишган. У ëқда ўлган.

Озодлик: Ноябрда очлик эълон қилганлар орасида бўлганми Улуғбек?

- Ҳа, бўлган. Ўша боланинг ўлиги бугун чиқди.

Озодлик: Очлик эълон қилганларни қийнашганми? Нимага ўлиги келган?

- Очлик эълон қилганларнинг оғизларига шланкаларда овқатлар қуйиб, ошқозонларини тешиб юборишибди, деб эшитдим мен. Ўша ерда 20 кун ўтирдим. Бу вақт давомида ичкаридагиларнинг аҳволидан яхши хабар топдим. Учрашувга чиққан йигитлар ўтириша олмабди. Бир қаршилик йигит ëнламасига ўтирибди. “Нима бўлди?”, деса, “Ўтира олмаяпман”, дебди. Дубинкалар билан уришган орқаларига. Болаларнинг қовурғалари синиб кетган. Иккинчими, учинчими отрядда болалар роса қийналишган экан. Менинг ўғлим бешинчи отрядда бўлган. Начальник Бердиев 19 ноябрда ичиб келиб, “Ҳамманг ўлишга ҳукм қилингансан. Ҳаммангни ўлдириб юборамиз”, деб роса бақирган экан. Мана биттасини ўлдириб беришибди. Шунақа юрагим сиқилиб ўтирибди. Эртага бизларнинг болаларимизнинг тақдири нима бўлади бунда?,- дейди Нодира Каримова.

Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи Қуролбой Бердиев 30 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда жазони ижро этиш муассасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар ҳаддан ташқари кучайгани ҳақидаги хабарларни қатъиян инкор қилган эди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг ҳисоб-китобича¸ ўтган йил давомида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар оқибатида қирққа яқин маҳбус ўлган.

- Қамоқларда қийноқлардан кейин оламдан ўтганлар 39та деган маълумотни олганмиз. Бу фақат бизларга етиб келгани. Бу қийноқда ўлганлиги тўғрисидаги маълумотлар. Ўлганнинг яқинларидан биттасининг ўзи айтмаса, бизларга жуда қийин уни аниқлаш. Нимадан ўлганини аниқлаш жуда қийин. Лекин ҳар бир қийноқдан ўлганларнинг ҳам судмедэкспертизанинг нимаси бўйича унинг ўлим сабабаларини умуман бошқача ёзади. “Қийноқдан ўлди” деган нарсани умуман ëзмайди булар. “Юрак хасталиги” ëки бошқа, деб ëзишади, дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилиб, маҳбус Улуғбек Ғофуровнинг ўлими сабабларини суриштирдик.

Ташкилот ходими уларга фақат ёзма равишда мурожаат қилишимиз шартлигини билдирди.

Биз саволларимизни Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи А. А. Шодиевга ёзма равишда йўлладик ва у кишидан саволларимизга жавоб кутиб қоламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG