Линклар

Президент Ислом Каримов 2011 йилнинг 5 январ куни Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш тартибини тасдиқловчи фармонга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат “замонавий халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароси паспорти ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш тартибини янада такомиллаштириш” мақсадида имзолангани айтилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги расмий манбалар биометрик паспорт 2011 йилнинг январ ойидан бошлаб берилиши ва биринчи навбатда хорижга чиқаётган ҳамда хорижда юрган фуқароларнинг паспортлари алмаштирилиши ҳақида хабар тарқатгандилар. Бироқ ўтган ой Ўзбекистонда паспорт бериш учун масъул идоралар ходимлари Озодликка биопаспорт бериш муддати номаълум вақтга кечиктирилаётганини маълум қилган, айни пайтда мазкур паспорт қачондан бошлаб берилиши мумкинлиги ҳақида аниқ муддат айтолмаган эдилар.

Ўзбекистон президентининг кечаги фармонидан маълум бўлишича, республика фуқароларининг амалдаги паспорти ва фуқаролиги бўлмаган кишиларнинг шахсий гувоҳномалари 2015 йилнинг 31 декабригача яроқли бўлади.

Аснода “Хорижда юрган Ўзбекистон фуқаролари 2015 йилнинг 31 декабригача паспортларини алмаштирмай юрса бўлаверадими?” деган савол очиқлигича қолмоқда.

Аввалроқ Озодликка сўзлаган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бошқармаси вакили паспорт алмаштириш жараёни 2011 йил январидан бошланиши кутилаётганини айтганди.

- Биринчи ўринда четга чиқадиганлар 100 фоиз алмаштиради. Ўзбекистон чегарасидан чиқадиганлар бору, ўшалар 100 фоиз алмаштириб чиқади. Бўлмаса¸ бошқа давлатлар киргизмайди.

Иккинчиси, биринчи марта фуқаролик паспортини олаëтганларга 100 фоиз ўша паспортдан берилади.

Учинчиси, паспортини алмаштирадиганлар бору – паспортининг муддати тугаган, яроқсиз ҳолга келган, йўқотилган - уларга ҳам берилади. Қолгани эса постепенно¸ деган эди бошқарманинг ўзини таништирмаган расмийси.

Ўзбекистон президентининг биометрик паспорт бериш тартиби тўғрисидаги 2009 йил 23 июнидаги фармонига мувофиқ, даставвал бундай паспорт билан хорижга чиқувчи ёки чет элда ишловчи вазирлик, давлат маҳкамаси ва муассасаси ходимлари ҳамда паспорт ёшига етган фуқаролар таъминланиши, иккинчи босқичда эса қолган фуқароларга биопаспорт берилиши кўзда тутилган.

Янги нусхадаги паспортни олиш учун Ўзбекистондаги фуқаролар доимий қайддан ўтган жойдаги ички ишлар бўлимига, хориждаги фуқаролар эса ўзлари яшаб турган мамлакатдаги Ўзбекистон ТИВ консулхоналарига мурожаат қилишлари керак бўлади. Фуқаролардан олинган аризалар асосида мазкур идоралар биометрик паспорт тайёрлаш учун маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш марказига юборади. Маълумотларга кўра, фуқароларга биопаспортларни айнан шу марказ расмийлаштиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG