Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қисқарди


Кузатувчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида товарлар расмий чегара пунктларини айланиб ўтган ҳолда айирбошланаётганини таъкидламоқдалар.
Кузатувчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида товарлар расмий чегара пунктларини айланиб ўтган ҳолда айирбошланаётганини таъкидламоқдалар.

Тожикистон Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга мувофиқ, 2010 йилда Тожикистоннинг Ўзбекистон билан ташқи товар айирбошлаш кўлами 70 фоизга камайган. Ҳисоботда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистондан Тожикистонга фақат электр энергияси ва табий газ импорт қилинмоқда, холос.

Жорий йилда Тожикистон асосан Россия, Хитой, Қозоғистон ва Украина давлатлари билан савдо-сотиқ қилган. Неча йиллар давомида мамлакатлар орасида иккинчи ўринда бўлиб келган қўшни Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатлар 2010 йилда у қадар сезиларли бўлмади. Аввалги йилда икки республика ўртасидаги савдо айланмаси 73,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган, холос. Бундан беш йил олдин Ўзбекистон Тожикистон билан савдо-сотиқ масаласида Россиядан кейин иккинчи ўринда турарди ва икки республика ўртасидаги савдо айланмаси қарийиб 800 миллион АҚШ долларини ташкил этган эди.

Сўғд вилоят ҳукумати раиси Қоҳир Расулзода журналистлар билан бўлган учрашувда, вилоятининг савдо айланмаси кескин қисқарганини, айрим ОАВларида ёзилганидек, Ўзбекистонда ушланиб турган вагонлар билан боғлиқ эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, вилоятга тааллуқли вагонлар ҳеч бир монеликка учрамай, тўхтовсиз ўтиб келмоқда, бироқ қўшни Ўзбекистон билан савдо-сотиқ кўлами илгариги йилларга нисбатан кескин қисқарган. Тожик расмийлари бу миқдор ҳатто айтишга арзимас даражада оз эканини қайд этадилар.

- Ўтган йил давомида Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан боғлиқ савдо айланмасига доир маълумотларни бера оламиз. Бошқа минтақалар билан бўлган алоқалар биз учун унчалик муҳим эмас. Чунки қўшнилар билан савдо айланмаси миқдори жуда кам, - деди Тожикистон божхона қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси бошлиғи Неъматулло Таваров.

Божхона бошқармаси масъули энг яқин қўшни бўлган Ўзбекистонни ҳам бошқа давлатлар қаторида ҳисоблаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтда Ўзбекистондан кирадиган моллар миқдори кескин камайиб кетди.

- Бунинг сабаби вилоятга олиб келинадиган маҳсулот - биринчи навбатда, селитра, бошқа минерал ўғитлар ҳам шунга киради - камайди. Чунки Ўзбекистоннинг ўзида бу маҳсулотларга эҳтиёж катта бўлганга ўхшайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда божхона тўловлари ниҳоятда баланд. Мутахассисларимизнинг ҳисобига кўра, бу божхона тўловлари Европа давлатлари даражасида. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан кирадиган импорт камайиб бормоқда, - дейди Неъматулло Таваров.

Божхоначининг айтишича, контрабанда йўли билан Ўзбекистондан ўтадиган моллар миқдори ҳам оз.

- Бу йўналишда кўп харакат килганмиз. Халкаро ташкилотлар лойиҳалари доирасида аввалги иктисодий ҳамкорлигимизни кайта тиклаш учун бир канча келишувлар булган эди. Лекин уларнинг биротаси хам амалга ошмай қолди. Мен бир гапни алоҳида таъкидламокчиман. Биз иқтисодий алоқалар ўрнатишга доим тайёрмиз, - деди божхоначи.

Таҳлилчиларнинг фикрича эса, Сўғдга Ўзбекистондан олиб кирилаётган мол ҳажми катта бўлиб, бу молларнинг асосий қисми ноқонуний йўл билан кириб келади.

- Икки давлат - Тожикстон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш, савдо алоқалари яхши йўлга қўйилмагани чегарадаги қонунбузарлик ҳолларини оширмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, чегараларда турган божхоначи, милиция ва чегара вакилларига жуда қўл келаяпти. Улар бундан манфаатдор бўлишаяпти, - дейди таҳлилчи Баҳрулло Вализода.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил давомида Сўғд вилоятида минг тоннадан ортиқ контрабанда моли қўлга олинган. Вилоят билан чегарадош Ўзбекистоннинг Бекобод, Олмалиқ, Ховос, Бешариқ, Қўқон, Ургут, Жиззах туманларида жойлашган чегара-ўтказув постларида ҳар куни минглаб тонна хилма-хил ноқонуний юклар айнан чегарачилар ва божхоначиларнинг кўз олдида ўтиб келади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, қўшни вилоятлар раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликларнинг яхши бўлишини чин дилдан исташади. Лекин бу иқтисодий ҳамкорликнинг жилови, кузатувчиларга кўра, вилоят раҳбарлари қўлида эмас балки, расмий Тошкент билан расмий Душанбенинг сиёсий алоқаларига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Халқаро алоқалар бўйича мутахассис Жўра Латиповнинг айтишича,
айни пайтда Тожикистон Хитой, Афғонистон ва Эрон орқали юкларни транспортировка қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, мана шу йўллар орқали Тожикистонга нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қилиш ҳақида музокаралар олиб борилмоқда.

- Демак, яқин вақт ичида Ўзбекистон орқали юк ташиш, табиий газ ва электр энергияни импорт қилишга ҳожат қолмайди, - дейди Жўра Латипов.
XS
SM
MD
LG