Линклар

Қирғизистон ҳукумати мамлакат ҳудудида жойлашган ва денгиз сатҳидан 4 минг метр баландликда бўлган тоғ чўққиларидан бирига Россия Бош вазири Владимир Путин номини бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Кузатувчиларга кўра, бундай қарор билан қирғиз ҳукумати президент Бакиев даврида ўта совуқлашган Россия-Қирғизистон муносабатларига илиқлик киритмоқчи бўлаяпти ва бошқа бир қатор иқтисодий манфаатларни ҳам кўзламоқда.

Тоғ чўққиларидан бирига Путин номини бериш тўғрисидаги қарор Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевнинг янги йил арафасида Москвага қилган сафаридан сўнг пайдо бўлди.

Бош вазирнинг сафар тўғрисидаги ҳисоботидан келиб чиқадиган бўлсак, Москва Қирғизистон расмий делегациясига иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни яхшилаш ва бу йўналишларда ҳамкорлик қилиш борасида бир қоп ваъда берган.

Москва сафаридан сўнг Қирғизистон кўрган реал фойда - Россиядан олиб келинаётган бензин нархини бир ярим ойлик муддатга арзонлаштирилиши бўлди, холос.

Айтиб ўтиш жоизки, Бакиев ҳукмронлиги даврида Россия билан муносабатлар совуқлашган ва Кремл расмийлари Қирғизистонга жўнатилаётган нефт ва нефт маҳсулотларининг ҳар бир тоннаси нархини қимматлатиб, боз устига, ҳар бир тонна бензин учун яна 200 долларлик қўшимча солиқ киритган эди.

Кузатувчилар фикрича, қирғиз ҳукумати Москва берган бир қоп ваъданинг бажарилиши учун Кремлга хушомад қилишга мажбур бўлмоқда.

- Нефт масаласи тез орада ҳал қилинмайдиган муаммодир. Чунки шу кунгача бу борада Беларус билан ҳам муаммолар ҳал қилинмаган. Бундан ташқари, бюджетимиз юпқалашиб қолган, қишдан ҳам бир амаллаб чиқиб олишимиз керак. Шунинг учун Москвадан ҳали кўп ёрдам сўрашимиз турган гап, - дейди иқтисодчи олим Асқар Бешимов.

Унинг айтишича, Бишкекни Кремлга хушомад қилишининг яна бир тарафи бор. Бу Россиядан бўлган қарзлар муаммосидир. Айни пайтда Қирғизистоннинг Россиядан бўлган қарзи 500 миллион долларга етган. Бакиев ҳукмронлиги даврида Россия билан муносабатлар совуқлашгач, Кремл бу қарзларидан кечмаслигини ва уларни зудликда тўлашни талаб қила бошлаган.

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев эса Россия билан яқинлашув сиёсати ва бу давлат раҳнамолигида ташкил этилган божхона иттифоқига қўшилиш ўз мамлакатининг иқтисодий муаммоларини ҳал этилишига хизмат қилади, деган фикрда.

- Агар божхона иттифоқига қўшилмасак, Қирғизистон иқтисоди учун салбий жиҳатлар кўпаяверади. Масалан, биргина апрел ойида божхоналарнинг ёпиб қўйилиши оқибатида Қирғизистон иқтисоди мисли кўрилмаган зарарга учради. Иккинчидан, биз хоҳлаймизми- хохламаймизми, қўшни давлатлар билан муносабатни ёмонлаштирмаслигимиз керак, - деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда янги қирғиз ҳукуматининг Кремлга очиқ-ойдин ялтоқланиш сиёсати қирғизистонлик кўплаб зиёлиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
- Бензин нархини арзонлаштирган президентга, газ нархини арзонлатган президентга биттадан чўққини инъом қилаверсак, қирғизда тоғ қоладими? – деб норозилик билдиради тарихчи олим Бектемир Жумабоев.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча йил олдин Бишкекдаги Қирғизистон-Россия (славян) университетига ва тоғ чўққиларидан бирига Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин номи берилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG