Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Каримовнинг қизлари Женевадаги энг қиммат уйлар соҳибалари


Ўзбекистоннинг БМТ ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримова шоу-бизнес оламида ўтказиладиган базми жамшидларннг кунда-шундаси ҳамдир.
Ўзбекистоннинг БМТ ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримова шоу-бизнес оламида ўтказиладиган базми жамшидларннг кунда-шундаси ҳамдир.

Швейцариянинг Женева кўли соҳилининг сўлим гўшалари, собиқ Совет ўлкаларидаги янги бойлар қатори, Ўзбекистон президенти қизларини ҳам мафтун этган афтидан. Швейцарияда чиқадиган "L'Hebdo" нашрининг ёзишича, Гулнора ва Лола Каримовалар Женеванинг энг бой маҳалласидан ҳашаматли уйларни сотиб олишган.


Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова – Тиллаева турмуш ўртоғи Темур Тиллаев билан бирга 2008 йилда Женева кўли бўйида жойлашган Коллон-Белрив мавзесидан 4 миллион швейцария франкига ҳовли олишган эди.

Президентнинг кенжа қизи Лола 49 миллион АҚШ долларига тенг қасрда яшайди.
Бу уй уларга камтарроқ кўринган шекилли, 2010 йилда июл ойида эр-хотин Лола ва Темур Тиллаевлар Женева бойлари яшайдиган Вандувер маҳалласидан 43,4 миллион швейцария франкига (бугунги курс бўйича тахминан 45 миллион АҚШ доллари) 5812 квадрат метр ер майдонига эга уйни ҳам харид қилишди.

Женева кўлининг чап соҳилида Ўзбекистон президенти қизларига тегишли уйлар фақат булардан иборат эмас. "L'Hebdo" нашрининг ёзишича, президент Ислом Каримовнинг 38 яшар тўнғич қизи Гулнора Каримова 2009 йилнинг январ ойида 18,2 миллион швейцария франкига (қарийб 19 миллион АҚШ доллари) ҳашаматли ҳовли сотиб олган.

Колонь тепалигида 2473 квадрат метр ер майдонини эгаллаган, теннис корт ва бассейнларига эга бу ҳовли Лола Каримованинг уйидан сал тепароқда жойлашган.

"L'Hebdo" мухбири Жулие Зугг бу маълумотларни Швейцарияда кўчмас мулкни қайд қилувчи реестердан аниқлади.

- Швейцарияда уй учун ким, қанча пул тўлагани ҳақдаги маълумотларни расмий ҳужжатлардан топса бўлади. Мен аниқлаган шу ҳужжатларга кўра, Лола Каримова Женевадаги ҳовли учун сал кам 43 миллион франк (бу долларда ҳам шунча бўлади), Гулнора Каримова эса ҳовлига эга бўлиш учун 18 миллион франк ёки доллар тўлаган, - дейди Жулие Зугг.

Тўнғич қиз Гулнора камтарроқ чиқди, унинг уйи атиги 19 миллион АҚШ доллари туради.
"L'Hebdo" нашрининг ёзишича, Гулнора ва Лола Каримовалар бу уйларни бозор нархидан қарийб икки ҳисса юқори нархга сотиб олишган.

Женеванинг Вандувер ва Колонь қисмида уйнинг квадрат метри ўртача 3000-4500 франк туради, лекин улар сотиб олган нарх салкам 7500 франкдан тўғри келмоқда. Бу ҳам Швейцарияда кўплаб саволларни ўртага чиқарди, дейди Лозан шаҳрида бошпана топган ўзбекистонлик диссидент ёзувчи Сафар Бекжон.

- Бир квадрат метрга тўланадиган 3500-4000 франклик ерга 7000-8000гача пул тўланган. Албатта бу ҳол бу ердаги жамоатчиликни безовта қиляптики, булар истаса, биз 10 минг тўлашимиз мумкин бир квадрат метрга деб эълон қилишиб, шарманда қилишган. Чунки бошқалар ҳам уй олишмоқчи. Бу ерда ҳалол ишлаб, пул топган одамлар ҳам бор. Улар ҳам бу нархда ололмайди. Чунки нархларни улар келиб, кўтариб юборишяпти, - дейди Сафар Бекжон.

Аҳолисининг ўртача ойлик маоши 30 долларни ташкил этадиган Ўзбекистонда президент қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар улкан бойлик орттиришга маваффақ бўлдилар ва улар бундай бойликка президент отасининг соясида эришгани айтилади.

"L'Hebdo" мухбири Жулие Зуггнинг айтишича, ҳозиргача Швейцарияда Ўзбекистон президенти қизларининг бойликлари манбасини текширмаган.

- Швейцарияда уй-жой сотиб олар экансиз, ҳеч ким сиздан бу пул қаердан келган, деб сўрамайди. Лекин маблағларни банкга қўймоқчи бўлсангиз, банк албатта даромад манбаларини сўрайди. Мен Ўзбекистон президентининг қизлари уй-жой сотиб олишганини биламан холос, лекин бу бойликка улар қандай эга бўлишгани менга аён эмас. Қолаверса, буни Швейцарияда ҳам ҳеч ким суриштирмаган, - дейди "L'Hebdo" мухбири Жулие Зугг.

Гулнора Каримова 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женева БМТ қароргоҳи ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади. 2010 йил июн ойидан эса Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси лавозимини ҳам эгаллади.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати ҳам Гулнора Каримова Женева, кейинчалик Мадридга элчиликка тайинланиши ортидан бу шаҳарларга ҳаво йўналишларини очди.

- Гулнора Каримова Женевага элчи этиб тайинланганида, Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати Тошкент-Женева йўналишини очди. Икки йил ўтиб Испанияга элчи бўлганида Тошкент-Женева йўналиши Мадридгача узайтирилди. Бу жуда қизиқ тасодиф, - дейди Жулие Зугг.

2001 йилда америкалик эри Мансур Мақсудий билан ажрашиб, икки фарзанди билан Ўзбекистонга қайтганидан сўнг Гулнора Каримова мамлакатдаги етакчи мобил телефон ширкатидан тортиб, энг йирик цемент заводидаги улушлари эвазига кенг қамровли бизнес империясини яратишга муваффақ бўлди.

Кейинчалик Каримова хонимнинг бизнеси Швейцариягача узайди. Ўзбекистон иқтисодининг сердаромад тармоқларини ўз қўлига олган “Зеромакс” ширкати Швейцариянинг Зюг Контонида рўйхатга олинади.

- Гулноранинг "Зеромакс" ширкати билан боғлиқ экани гумонланади. Афтидан Швейцария Ўзбекистон президенти оиласи учун ҳам бизнес, ҳам яшаш учун қулай давлат кўринади, - дейди Жулие Зугг.

2009 йил декабр ойида Швейцарияда чоп этиладиган нуфузли "Bilan" журнали мамлакатда яшайдиган энг бадавлат шахслар рўйхатига Гулнора Каримовани ҳам киритди.

Журналга кўра, Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ваколатхонаси раҳбари Гулнора Каримова Швейцарияда истиқомат қилувчи бадавлат аёллар орасида тўққизинчи ўринда ва унинг маблағлари 600 миллион АҚШ долларига тенг, дея тахмин қилинган эди.
XS
SM
MD
LG