Линклар

Ўзбекистонда хусусий автомактаблар тугатилди

  • Садриддин Ашур

Тадбиркорлар йилида қабул қилинган дастлабки қарорлардан бири хусусий автомакатблар эгаларининг ишсиз қолишига сабаб бўлди.

Тадбиркорлар йилида қабул қилинган дастлабки қарорлардан бири хусусий автомакатблар эгаларининг ишсиз қолишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда хусусий автомактаблар тугатиладиган бўлди. Ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлганлар энди давлатга қарашли “Ватанпарвар” жамияти автомактабларида ўқийди. Бироқ ўзбекистонликлар бу билан малакали ҳайдовчилар тайёрланишига шубҳа қилмоқда.


Ҳайдовчилар тайёрлаш бўйича хусусий мактаб эгалари ҳукуматнинг бу қароридан норози эканлигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, бу қарор оқибатида минглаб кишилар яна ишсиз қолди. Давлатга қарашли “Ватанпарвар” ташкилотининг автомактаблари эса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни истовчиларнинг ҳаммасини ҳам талабини қондира олмайди. Биргина пойтахтнинг ўзида 135та хусусий автомактаб тугатиладиган бўлди.

Тошкент шаҳридаги “Ананита” хусусий автомактаби директори Светлана Александровнанинг Озодликка айтишича, хусусий автомактабларнинг сифатсиз ҳайдовчилар тайёрлаши ва бу мактаблардаги ўқишлар пора эвазига ўтказилишига оид иддаоларнинг ҳаммаси асоссиз:

- Бу гапларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон. Масалан менинг мактабимда ўқийдиган шахс агар дарсдан бир марта қолса, тушунтириш хати ёзади, агар уч марта қолса, мен унинг уйига мактуб жўнатаман. Агар шунда ҳам келмаса, биз уни тайёрлов курсидан чиқарамиз. Биз “Ватанпарвар” жамиятидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон қўшимча пул ҳам, пора ҳам олмаймиз. Мана ўзингиз “Ватанпарвар”га бориб кўринг, масалан, машинага ўтиришнинг ўзига минг сўм олади, синф ремонтига эса 5 минг сўмдан. Бизда ва бошқа хусусий мактабларда эса, бундай ҳолат йўқ! - дейди Светлана Александровна.

Унинг фикрича, собиқ ДОСААФ негизида ташкил қилинган “Ватанпарвар” жамияти ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлганларнинг барчасини ўқитишга имконияти йўқ:

- Сиз “Ватанпарвар”га бир боринг, у ерда нималар бўлаётганини кўрасиз. Улар жамият ҳудудларини ҳам сотиб бўлдилар, ўқув машиналарини киракашлик учун қўллайдилар. Мана, “Ҳамза” метро сатнциясига бориб кўринг, “Ватанпарвар” машиналари таксичилик қиляпти. Улар ҳар кун ўз хўжайинларига “план” топширадилар, давлатга эмас,- дейди Светлана Александровна.

Бироқ ҳукуматга қарашли “Ватанпарвар” жамияти қошидаги автомактаблар мутасаддилари бу каби айбловларни рад этади. Тошкентдаги “Карвон шуъла” автомактаби илмий бўлим мудири Севара Олимжонова фикрича, хусусий автомактабларнинг тугатилгани яхши бўлди, чунки улар малакасиз ҳайдовчилар тайёрлаб келган:

- Мана бизлар Учтепа тумани "Ватанпарвар" ташкилотимиз. Бизлар давлатга қараймиз. Бизга бириктирилган туман ГАИси бор. Шу ГАИдан куратор белгиланган бизларга. Ўша куратор бир ойда икки-уч марта келиб, шахсан ўзи текширади. Ундан ташқари бир ойда икки марта завуч бўлиб мен текшираман. Синф дафтарим бор, битталаб текшираман. Бўлса узоғи билан тўртта-бешта бола келмайди. Нимага? Касали бор, боласи касал. Айтаяпманку, шунақа қаттиқ қаралади, чунки давлатникида. Чунки раҳбарларнинг ҳам боши ўзига керак, ўқитувчининг ҳам боши ўзига керак. Кўраяпсиз иш масаласи қийин. Шунинг учун ҳамма ўзининг жойи учун қайғуради, - дейди Севара Олимжонова.

Мудира фикрича, айни пайтда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жуда осон бўлиб қолди. Хусусий автомактаблар шунчалик кўпайиб кетдики, болаларни ўқитмасдан гувоҳнома бериб чиқариб юборишяпти:

- Жуда ўйинчоқ бўлиб қолдида. Мана болаларнинг мактабга келиши масаласида ҳам шунақа бўлиб қолди. Бўлди шунақа воқеалар, мен ўзим шахсан ҳужжат йиғганман. Масалан, биттаси келди-да “Мен сотиб олсам бўладими?” дейди. Мен “Нима сен бу ерда нарса сотиб олаяпсанми? Йўқ, бизларда ҳар кун дарсга қатнайсан” дейман. Мен ўзим эшитганман “Частнийларда кунораку” дейди. Бизларники давлатники бўлгани учун сал қимматроқ. “Ие, менга ўртоғим қилиб бераман деяпти” деб шундай орқасини ўгирдида, чиқиб кетди. Уларда ҳам арзон, ҳам кунора, ҳам бунақа катта талаб йўқ деяпти, -дейди “Карвон шуъла” автомактаби илмий бўлим мудири Севара Олимжонова.

Сирдарё вилоятида яшайдиган Сарварбекнинг Озодликка айтишича, ҳозир ҳар қандай автомактабга қатнамай ҳам уни тугатганлик ҳақида гувоҳнома олиш мумкин, ҳатто “Ватанпарвар” жамиятига қарашли мактабда ҳам:

- Кеча права олдик, битта ўртоғимга. 300 минг сўмга олдик.

Озодлик: Ўқиб олдими ëки ўқимасданми?

- Ўқимасдан. Шундай пулини тўладик. Бориб, битта қўл қўйиб, пулини тўлаб, олиб келдик. Ҳаммаси 304 мингми 305 минггами тушди.

Озодлик: У гўëки қаерда ўқиди энди?

- Мирзаобод туманида “ўқилди”. Бир бориб кўрганимиз ҳам йўқ. Пулини бериб олиб келдикда правани.

Озодлик: Имтиҳонга ҳам кирмадими?

- Ҳеч қаëққа киргани йўқ.

Озодлик: Вождение ҳам қилгани йўқми?

- Ҳеч нарса қилгани йўқ. Прямо бордик, пулини бердик, имтиҳон кунини айтди бизга. “Уч кун олдин имтиҳон бўлди, шуни айтасизлар” деди. “Бўлди” дедик. Борсак болалар ҳам борган экан. “Сизлар кирмадинглар имтиҳонга” деди. “Э мен кирганман” деб алдаб қўйдим. Агар машина ҳайдаладиган бўлса, унинг номига ўзим ҳайдайман девдимда.

Озодлик:
Ўзи праванинг нархи қанча экан?

- Ўқиб нима қилган болалардан сўрасам, 230 минг деди. 80 минг сўм атрофида қўшимча олдида,- дейди сирдарёлик Сарварбек.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда хусусий автомактабларнинг ёпишили ортидан кимларнидир катта иқтисодий манфаати турибди. Бу манфаатдор кимсаларни қонуний қилиб, олинадиган ҳайдовчилик гувоҳномалари эмас, балки бу соҳани монополлаштириш, назорат қилиш ва катта фойда олиш қизиқтиради.

“Ананита” хусусий автомактаби директори Светлана Александровна “Кичик бизнес ва тадбиркорлар йили”да яна бир хусусий тадбиркорликнинг тугатилиши мантиққа тўғри келмайди, дейди:

- Мен буни президент Каримовга лой чаплаш учун унинг атрофидагилари уюштирган деб ҳисоблайман. Чунки, Каримов бу йил бизнес йили, тадбиркорлар йили деб эълон қилди. Президент айтдими, шундай бўлиши керак эди. Бироқ, унинг атрофидаги одамлар атайлаб президентни халққа ёмон кўрсатиш учун шундай қилмоқда. Буни Каримов билиб қўйса яхши бўларди,- дейди Светлана Александровна.

2009 йилда Ўзбекистонда хусусий адвокатлик идоралари¸ 2010 йилда эса хусусий нотариуслар¸ ҳамда хусусий стоматология хизматлари ҳам ҳукумат қарори билан тугатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG