Линклар

Юзлаб тожик болалари Россияда дарбадар


Россияда юзлаб тожикистонлик болалар қаровсиз қолгани ҳақида Тожикистон расмийлари билишади, лекин уларга ёрдам бериш имконлари чекланган.

Россияда юзлаб тожикистонлик болалар қаровсиз қолгани ҳақида Тожикистон расмийлари билишади, лекин уларга ёрдам бериш имконлари чекланган.

2010 йил давомида тожикистонлик юзлаб балоғатга етмаган болалар Россияда қаровсиз қолган. Шунингдек, 120 нафар янги туғилган чақалоқларни оналари ташлаб кетган. Бу маълумотлар Москвадаги “Мени топгил, онажон” ташкилоти Озодликка юборган мактубидан олинди.


Озодлик радиоси мухбирига Россия пойтахти Москва шаҳрида фаолият юритаётган “Мени топгил, онажон” болалик ва оналикни ҳимоя қилиш жамғармасидан мана бундай мактуб келди.

“Ассалому алайкум, Озодлик радиоси ходимлари. Мен Мадина Муҳаммадиева. Биз, бир гуруҳ ташаббускорлар “Мени топгил, онажон” болалик ва оналикни ҳимоя қилиш жамғармасини ташкил этиб, Марказий Осиё мардикорлари, хусусан, қийин аҳволга тушиб қолган аёлларга ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз. Ташкилотимиз фаолияти жараёнида вакилларимиз Россиядаги мардикор аёллар билан боғлиқ бўлган жиддий муаммога дуч келди. Гап шундаки, ўтган 2010 йил мобайнида биргина Москва шаҳрида 120 тожикистонлик аёл бола туғиб, ўз фарзандини ташлаб кетганини аниқладик. Менинг сизларга мактуб ёзишимдан мақсад, халқаро ҳамжамият ва республикалар раҳбарлари диққатини мана шу муаммога жалб этишдан иборат.”

Биз мазкур масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси муҳожирлик хизмати маркази раҳбари Шуҳрат Аҳмедов билан учрашдик. Бу муаммодан хабари борлигини айтган Аҳмедов, биргина 2009 йилда Россия Федерациясидан ота-онасиз қолган 100 га яқин сўғдлик ўсмир ҳақида сўров келганини маълум қилди. 2010 йилда эса Россияда янги туғилган чақалоқни ташлаб кетган ва ота-онасиз қолган тожикистонлик болалар сони янада ошди.

- Биз бу маълумотларни олиб, бу болаларнинг турар жойлари, ота-оналари қаердалигини аниқлашга киришамиз. Афсуски, шу пайтгача бу болалар кўпчилигининг ота-оналари топилганича йўқ. Қариндошларининг айтишларича, улар ҳам Росссияда. Янги туғилган чақалоқларга келсак, бу масалада биз ожизмиз. Чунки фарзанд бошқа мамлакатда туғилса, у ўша давлат фуқароси ҳисобланади. Аёлларимизнинг ўз фарзандини ташлаб кетаётганлиги уларнинг виждонига ҳавола,- дейди Шуҳрат Аҳмедов.

“Россиядаги болаларни ватанига қайтариш билан ким шуғулланади?” деган саволимизга Шуҳрат Аҳмедов бу муаммони ҳал этиш имконлари ҳам чекланганини таъкидлади.

- Россиядан келган сўровни, текширамиз ва болалар ҳақиқатан Тожикистон фуқаролари бўлса, биз тасдиқлаймиз. Бироқ биз Россияга бориб болаларни олиб келолмаймиз. Қариндош-уруғларининг ҳам бунга қурби етмайди. Чунки самолётда бориб-келиш фақат бир кишига қарийб минг АҚШ долларига тушади. Лекин, яна бир нарсани ҳам айтишим керак, охирги пайтларда кўпгина болалар ватанига қайтишни хоҳламаяпти,- дейди Шуҳрат Аҳмедов.

Москвадаги экстремал журналистика ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Ирода Гусейнова ҳам бу муаммони ўргананган. У тожикистонлик болаларни қийин аҳволга тушиб қолиши сабаблари ҳақида буларни айтади.

- Биздаги маълумотларга кўра, ота-онасиз қолган ва вақтинча сақлаш изоляторларида ушлаб турилган тожикистонлик болаларнинг бир қисми уйларидан қочиб кетган ўсмирлардир. Бу болалар асосан 11-15 ёшда бўлган болалар. Лекин уларнинг кўпчилигини ота-оналари ташлаб кетган. Чунки Россияга пул ишлаш учун келган тожикистонликлар у ерда катта қийинчиликларга учрамоқда. Турар-жой, озиқ-овқат қимматлиги уларни ночор аҳволга солмоқда. Оқибатда улар фарзандаларини кўчага, пул ишлашга чиқаришаяпти. Болалар йуқолиб қолганда эса ота-оналари улар тақдири билан қизиқмаяпти,- дейди Ирода Гусейнова.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси муҳожирлик марказидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йилда Россиядан 10 сўғдлик бола ватанига қайтарилган, холос. Улар ҳам Россияга бориб келишга қудрати етган қариндошлари кўмагида олиб келинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG